11 ноя 07:32
Янгиликлар
Total Chess. Абдусатторовдан "даҳшатли" старт. У фақат Бибисарани хафа қила олди холос
Уч хил вақт назорати, 24 нафар иштирокчи 11 кун давомида Total Chess World Championship Tour бош соврини учун баҳс олиб боряпти.

Афсуски, мусобақанинг илк куни ўтказилган блиц баҳсларида Нодирбек Абдусатторов омадсизликка учради. Гроссмейстеримиз 9 та турда фақат қозоғистонлик аёл шахматчи Бибисара Ассаубаевани мағлубиятга учратди. Арманистонлик Ҳайк Мартиросян, америкалик Левон Аронян, нидерландиялик Йорден ван Форест билан дуранг ўйнади. Қолган партияларда эса германиялик Винсент Кеймер, озарбайжонлик Шахрияр Мамедьяров, америкалик энг ёш гроссмейстер Мишра Абҳиманю, польшалик Ян-Кшиштоф Дуда ва вьетнамлик Льем Лега имкониятни бой берди.
Натижада Нодирбек Абдусатторов 1 ғалаба, 3 дуранг, 5 мағлубият билан 2,5 очко жамғарган ҳолда 24 иштирокчи орасида 22-ўринни эгаллади. 23-поғонадаги Йорден ван Форест ҳисобида ҳам 2,5 очко бор. Бибисара Ассаубаева 1 та дуранг, 8 та мағлубият билан сўнгги ўринга жойлашди.
Тўққиз имкониятдан 7 очко жамғарган норвегиялик Магнус Карлсен блиц баҳслари ғолибига айланди. У яқинда Нодирбек Абдусатторовни уйига чақириб, биргаликда машғулот ўтказди. Машғулот Магнус учун зое бўлмабди. Олти ярим очко тўплаган Максим Вашье-Лаграв иккинчи, 6 очкога эга Левон Аронян учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа формати:
Fast Classic — 45 дақиқа + ҳар юришга 30 сония
Rapid — 15 дақиқа + 10 сония
Blits — 3 дақиқа + 2 сония
Бугундан беш кун давомида шахматчилар 4 та гуруҳга бўлиниб, Fast Classic форматида курашади. Гуруҳ босқичида ғалаба учун 3, дуранг учун эса 1 очко берилади. 17 ноябрдан плей-офф баҳслари бошланади. Унда шахматчилар бир-бирига қарши блиц, рапид ва Fast Classic форматларида ўйнайди. Мусобақа 20 ноябрь куни якунланади.
Умумий мукофот жамғармаси — 650 000 АҚШ доллари. Турнир ғолиби 80 000 долларни қўлга киритади. 2027 йилда расман йўлга қўйиладиган Total Chess жаҳон чемпионати турининг илк синови айнан Будапештда бўлиб ўтади.

Фикрлар