20 янв 16:40
Янгиликлар
Бобоусмон Батуров Шаҳрам устидан ғалаба, Токио Олимпиадаси ва тайёргарлик ҳақида гапирди
Кимлардир спарринг жангда Бобоусмон Батуровнинг ғалаба қозонганини ёзса, бошқа томонда Шаҳрам Ғиёсов ушбу баҳсда "ғолиб бўлдим" деган фикрларни билдирмоқда.
Якунда Хитойдаги ўқув-машғулот йиғинига -69 кг вазн тоифасида Бобоусмон Батуров жўнаб кетди. Шаҳрам эса Ўзбекистонда қолди. Воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, 2 февраль куни бошланадиган лицензион мусобақада Бобоусмон Батуров иштирок этади.
Биз боксчимиз билан боғланиб, унинг режалари ва фикрлари билан қизиқдик.
Тайёргарлик ҳақида
Мусобақага тайёргарлик аъло даражада давом этмоқда. Барчаси режа асосида амалга ошяпти. Терма жамоа мураббийлари томонидан ишлаб чиқилган режа асосида боксчиларимиз ўзларининг энг яхши спорт формасига кириб боришмоқда. Тайёргарликнинг биринчи ва иккинчи босқичларини "Янгиобод" ўқув базасида олиб бордик. Унда жисмоний ва тактик усуллар устида ишланди. Ҳозирда тайёргарликнинг сўнгги босқичини Хитойда олиб бормоқдамиз Лицензион мусобақадан икки ҳафта олдин бу ерга етиб келдик. Сабаби бу ердаги муҳит ва об-ҳавога мослашиш лозим. Худо хоҳласа барчаси яхши бўлади деб ўйлайман.
Шаҳрам билан спарринг ва ғалаба ҳақида
Ўзбекистонда ҳар бир вазн тоифасида рақобат кучли. -69 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этиш учун Шаҳрам Ғиёсов билан спарринг жангда ғалаба қозонишим лозим эди ва мен буни уддаладим. Бу масалада кўп гапирмоқчи эмасман. Чунки, Шаҳрамни ҳурмат қиламан. Ажойиб техника соҳиби, бугунги кунда дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири. Жанг тўғрисида турли фикр билдираётган мухлисларга эса шошилмасликни, вақти келганида жангнинг тўлиқ видеосини кўрганларидан сўнг ҳулоса чиқаришларини илтимос қилардим. Энг муҳими барчамизнинг мақсадимиз бир эканлигини унутмаслигимиз лозим. Мени қўллаб-қувватлаб келаётган мухлисларга катта раҳмат айтаман. Худо хоҳласа ўзимга билдирилган ишончларини оқлайман.
Токио Олимпиадаси медали ҳақида
Спортчининг энг катта орзуси ва мақсади - бу, Олимпиада олтин медалини қўлга киритишдир. Менда ҳам шундай мақсад бор ва буни хеч ҳам ёдимдан чиқариб қўймайман. Олтин медални қўлга киритиш учун албатта жуда катта меҳнат, сабр ва ирода керак бўлади. Мен бунга тайёрман ва шу йўлда иш олиб бормоқдаман. Худо хоҳласа мақсадимга етаман ва Ўзбекистонга Олимпиаданинг олтин медалини олиб келаман.
Фикрлар