27 ноя 17:13
Янгиликлар
Шавкат Мирзиёев UCI президенти билан учрашди
Учрашувда Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давид Лаппартьян мамлакатимизда велоспорт ва паравелоспорт йўналишларида эришилган ютуқларни юқори баҳолади. Шунингдек, замонавий спорт инфратузилмасини барпо этиш ва ёшларни велоспортга кенг жалб қилиш борасидаги ишларни эътироф этди.
Суҳбатда спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш ҳамда Тошкентда Жаҳон велоспорт марказининг минтақавий филиалини очиш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар қўшма «йўл харитаси» доирасида Ўзбекистонда йирик халқаро велоспорт тадбирлари ва мусобақаларини ўтказиш режаларини ҳам муҳокама қилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев велоспортни ривожлантириш ва оммалаштиришга қўшган катта ҳиссаси учун Осиё велоспорт конфедерациясининг олий фахрий мукофоти — «Президент мукофоти»ни қабул қилди.






Фикрлар