27 ноя 12:23
Янгиликлар
Жавоҳир Синдаров жамоаси Женевага ўзбек ошпазларини олиб борди
Бунинг учун Европанинг турли мамлакатларида яшовчи икки нафар ўзбекистонлик ошпаз таклиф қилинган. Улар уч ҳафта атрофида давом этиши кутилаётган мусобақа пайтида жамоага хизмат кўрсатади.
Ўзбекистон шахмат федерациясининг халқаро алоқалар бўлими раҳбари Саидмурод Дилмуродов бу ҳақда The Indian Express нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, давлат шахматни қўллаб-қувватлайди ва Жавоҳирнинг чемпионлик баҳсига тайёргарлиги учун катта маблағ ажратилган. Спортчининг кайфияти овқатланишига ҳам боғлиқ бўлгани сабабли, жамоа унга таниш таомлар ва қулай муҳит яратишни кўзлаган.
Дилмуродов ўзбеклар миллий ошхонани хуш кўришини таъкидлаб, юртдошларининг катта қисми Жавоҳирни қўллаб-қувватлаш учун Европадан Женевага келишини кутмоқда. Унинг айтишича, Ўзбекистонда шахматчидан катта натижа кутишяпти ва бу йилги мусобақа мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга. Жавоҳир эса чемпионлик баҳси олдидан ўтказилган матбуот анжуманида турли мамлакатлар таомларини татиб кўришга қарши эмаслигини билдирган эди.
Жавоҳирнинг рақиби, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга ҳам Женевада уй таомлари тайёрлаб беришяпти. Унинг ватандошлари ҳинд шахматчисини миллий таомлар билан қўллаб-қувватламоқда.
Шахматчиларнинг йирик мусобақаларда шахсий ошпаз хизматидан фойдаланиши аввал ҳам кузатилган. Масалан, беш карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсен муҳим турнирларга ўз ошпазини бирга олиб борган.
Жаҳон чемпионлиги учун кечаётган дастлабки уч партиянинг барчаси дуранг билан якунланди. Ҳозирча Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражуда 1,5 очкодан бор.
Фикрлар