22 мар 13:40
Янгиликлар

Бокс. Лицензиядан воз кечган маъқулми ёки таваккал қилмаслик зарур?
8 вазнда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси мураббийлари штаби қуйидаги таркибни синаб кўрди:
-52кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57кг: Миразизбек Мирзаҳалилов
-63кг: Элнур Абдураимов
-69кг: Бобоусмон Ботуров
-75кг: Фанат Қаҳрамонов
-81кг: Дилшодбек Рўзметов
-91кг: Санжар Турсунов
+91кг: Баҳодир Жалолов
Мусобақанинг дастлабки босқичда кутилмаганда -81 кг вазндаги ёш, умидли боксчимиз, Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Дилшодбек Рўзметов мағлубиятга учраган бўлса, -75 кг вазн тоифасида Фанат Қаҳрамонов чорак финалда Қозоғистон вакили Абилҳан Аманкулга, ўтиш босқичида эса Эрон вакилига имкониятни бой бериб, лицензияни қўлга кирита олмадилар. Қолган барча боксчиларимиз ярим финалгача рақибларини мағлуб этди ва 6 вазнда йўлланма қўлга киритилди. Мусобақада албатта умумжамоа ҳисобида ҳам биринчи ўринни олиш вазифаси мақсад қилиб қўйилган эди, ҳар ҳолда мухлисларимиз буни кутишганди. Ярим финалда -52 кг вазнда Шаҳобиддин Зоиров Таиланд вакили билан бўлган жангда бир бош устунлик қилган бўлсада, ҳакамлар нима учундир якунда рақиб фойдасига қарор чиқаришди. -69 кг вазнда Бобоусмон Ботуров ва -91 кг вазнда Санжар Турсуновларда эса ярим финал жангларида бир мунча хатоликлар кўзга ташланди. Якунда эса ушбу вазндаги боксчиларимиз бронза медали билан кифояландилар. Шиддатли кечган финал жангларида 3 та вазнда боксчиларимиз рингга кўтарилдилар. Амалдаги жаҳон чемпионлари -57 кг да Миразизбек Мирзаҳалилов ва +91 кг вазнда Баҳодир Жалолов рақибларини яққол устунлик билан мағлубиятга учратиб ғолиб бўлган бўлсалар, -63кг вазнда Элнур Абдураимов ва қозоғистонлик Закир Сайфулин қарама-қаршилиги мусобақанинг энг қизиқарли жанги бўлди десак муболаға бўлмайди. Якунда қийин кечган жангда ҳамюртимизнинг қўли баланд кўтарилди. Шундай қилиб якунда 3 та олтин ва 3 та бронза медални қўлга киритган термамиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Аммо бошқа бир томони, ушбу мусобақада мухлислар ва менинг назаримда мураббийлар ҳам боксчилардан 100 фоиз қониқиш ҳосил қилмадилар. Боксчиларимизда рақиб ҳужуми вақтида бир жойда туриб қолиш, оёқ ва гавда ҳаракатлари билан зарбага чап бериш, қарши ҳужумда зарба ўтказиб юбориш, масофадан ишлашда йўл қўйилган бир мунча ҳато ва камчиликлар кўзга ташланди. Албатта -81кг ва -75 кг вазнда лицензия олиш имконимиз ҳали мавжуд. Май ойида Францияда бўлиб ўтадиган якуний Жаҳон квалификацион турнирида боксчилар яна бир бора ҳаракат қилиб кўришади. Бу ерда қайси боксчига имкон бериш эса мураббийлар танловига боғлиқ. Шу ўринда қўшни Қозоғистон терма жамоаси 8 та вазннинг барчасида йўлланмани қўлга киритган бўлсада -52 кг ва -57 кг боксчилардан қониқмай, Францияга ушбу вазнда бошқа боксчиларни олиб боришлари мумкин эканлиги маълум қилинган. Демак агарда биз лицензия олган вазнларда ҳам бошқа боксчиларни ҳам синаш мақсадида якуний жаҳон квалификацион турнирига юбориш мумкинми деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий ҳол. Албатда. Агарда бирон бир йўлланма олган "А" боксчининг ҳолати юқори даражада эмас деб топилса, ушбу вазнда бошқа бир "Б" спортчи якуний саралаш турнирида синаб кўрилиши мумкин. Фақат бу ҳолатда биринчи "А" боксчи томонидан олинган лицензия бекор қилинади. Яъни "Б" боксчи лицензия олган тақдирда ўз-ўзидан ушбу вазнда фақатгина у Олимпиадага бориши мумкин бўлади. Агарда "Б" боксчи лицензия ололмаса, демак ушбу вазнда Олимпиада ўйинларида "А" боксчи ҳам, "Б" боксчи ҳам иштирок этмайди. Чунки, ҳар қандай вазиятда биринчи лицензия бекор қилинган бўлади. Албатта, барча вазнларда боксчиларимизга омад тилаб қоламиз ва Олимпиадада ватанимиз байроғини баланд кўтаришларига тилакдошмиз. Бизда ҳозирча шулар.
Жалол Аҳмедов тайёрлади
Ушбу масала юзасидан мухлисларимиз фикри қизиқ. Танқид остида қолган боксчиларимиз лицензиясидан воз кечиб, жаҳон саралаш турнирига бошқа боксчини олиб борган яхшими ёки таваккал қилмаслик лозимми?
Фикрлар