29 окт 16:57
Янгиликлар
Боксимиз юлдузлари Шаҳрам Гиясовга "ответ" қилишди
Журналист Маъруфхўжа Хаджаевнинг "ҳозирги авлод Риодаги натижани такрорлай оладими?" деган саволига Гиясов шундай жавоб қайтарди: "Очиғи бу ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Бу авлод қайтиб келмайди. Риодаги натижани такрорлаш учун жамоада аҳиллик бўлиши керак. Бизни давримиздаги боксчиларни, мураббийларни бир-бирига бўлган муҳаббатини ҳозир кўрмаяпман".
Шаҳрам Гиясовнинг мазкур гапларига қандай муносабатда эканлигини билмоқчи бўлиб боксчи ва мураббийларга юзланганимизда "Севимли" телеканалининг "Замон" информацион дастури мухбири ҳам воқеа гувоҳига айланган эди. Бу масалада ташаббус ва савол биз томонимиздан янграганига қарамасдан "Замон" информацион дастури мухбири боксчи ва мураббийларимизнинг Гиясовга жавобларини "таҳлил қилган" эмиш. Сиз ТВ орқали Раҳматжон Рўзиохунов ва Баҳодир Жалоловнинг қандай муносабатда эканлигини билгансиз, холос. Биз эса қуйида боксимизнинг бошқа юлдузлари ва федерация раҳбариятининг ҳам фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Демак бошладик!
Муроджон Мамадалиев (Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби):
"Нега энди жамоада аҳиллик бўлмасин? Агар иноқлик бўлмаса, унда бундай натижаларга қандай эришаяпмиз? Қандай қилиб Екатеринбургда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олдик? Бу ҳаммаси жамоада аҳиллик, бирдамлик борлигидан. Ҳар кимни ўз фикри бор. Лекин Шаҳрамнинг гаплари нотўғри".
Раҳматжон Рўзиохунов (терма жамоа катта мураббийи):
"Шаҳрам Гиясовни ҳурмат қиламиз, яхши кўрамиз, мухлислик қиламиз, шогирдимиз, у учун жонимизни ҳам беришга тайёрмиз. Шаҳрам терма жамоада юрсин, ўшанда билади. Шаҳрамга ташқаридан шунақа кўринаётган бўлса, яна ҳам билмадим. Лекин кўз тегмасин жамоамиз жуда аҳил. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ: ўша мураббийлар, ҳозирги йигитлар уларни укалари. У ҳозир тепада туради, биз пасроқдамиз. Бизни олдимизда юрсагина вазиятни билади. Қайтанга, ҳозир аввалгидан кўра тартиб-интизом кучли. Лекин мен унга раҳмат дейман. Биз буни яна бир ўйлаб кўрамиз. Балки камчиликларимиз бордир. Энди у ҳам анча тажриба орттирди, катта йигит бўлиб қолди. Ёнимизга келиб "устоз бу хато, бу тўғри" деса биз ҳам хулоса чиқарамиз".
Муроджон Аҳмадалиев (терма жамоа аъзоси, профессионал боксчи):
"Шаҳрам қаердан билади Токиода нима бўлишини? Ҳаммаси Аллоҳдан. Терма жамаоада аҳиллик бўлганлиги учун ҳам терма жамоа Екатеринбургда биринчиликни қўлга киритди. Иноқлик аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам давом этади. Ҳозир йигитларда масъулият икки карра кучли. Худо хоҳласа, Токиодан юзлари ёруғ бўлиб қайтишади. Уларга омад тилайман".
Тўлқин Қиличев:(терма жамоа мураббийи):
"Шаҳрам ҳозир терма жамоада эмаску, балки билмас. Ҳар кимга ўзи бўлган таркиб ёқади, шунинг учун соғиниб гапиргандир. Рио Олимпиадасида рекорд ўрнатган эдик, Жаҳон чемоионатида ҳам шу ишни қилдик, фақат бошқа таркиб билан. Худо хоҳласа, Токиода яна бир бор буни исботлаймиз. Кўз тегмасин, орамиздаги меҳр-муҳаббат кундан-кунга мустаҳкамланса мустаҳкамланадики, асло камаймайди".
Баҳодир Жалолов (терма жамоа етакчиси, жаҳон чемпиони):
"Тўғрисини айтсам, Шаҳрамни бу гапларидан бироз ранжидим. Фикрларига умуман қўшилмайман. Балки билмай гапиргандир, лекин аҳиллик йўқлиги ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Натижага келадиган бўлсак, илоҳим, Токиодан 8 та олтин олайлик. Агар минимум 2 та олтин оладиган бўлсак ҳам, 2016 йилги натижани такрорлаган бўламиз. Чунки улар 10та вазнда иштирок этган бўлса, бугунги кунга келиб Олимпия ўйинларида 8 та вазн қолган".
Биз ушбу материал орқали Шаҳрам Гиясов ва терма жамоа ўртасига низо солиш ниятидан йироқдамиз. Шунчаки, агар бунга терма жамоа аъзолари ўз муносабатларини билдирмаганларида, Гиясов ушбу масалада ҳақ бўлиб чиқар эди.
Хуршида Абдикулова, Сарвиноз Рахмонқулова тайёрлади
Фикрлар
hozir umuman uztoz shogir orasida hurmat yoq nafaqat boksda boshwa sohalardayam shu risyanam oldingi davr qaytib kelmaydi u davrlarda insonlar bir birini hurmat qilardi hozir p bop qogan katta kichikni kichik katyani hutmat qimaydi hozirgi avlod tugilishi bn aql bn tugilgan geniy lekin hurmat zamonlar qaytmaydi