09 июл 08:40
Янгиликлар
Бугун Абдуқаҳҳоров WBC Silver камари учун рингга чиқади
Аслида бугунги бокс кечаси эртага ўтказилиши керак эди. Лекин промоутерларнинг ўзаро келишувига кўра жанг муддати бир кун олдинга кўчирилди.
Эътиборлиси, оқшомнинг ҳисоб бўйича иккинчи марказий жанги ҳамюртимиз иштирокида бўлиб ўтади. Фаолиятини мағлубиятсиз давом эттираётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (11-0, 8 КО) WBC Silver чемпионлик камари учун рингга чиқади.
Ҳамюртимизнинг ярим ўрта вазн (66,7 кг) тоифасида ўтказилувчи чемпионлик жангидаги рақиби россиялик Дмитрий Михайленко (22-1, 10 КО) бўлади. Қўрғонтепалик 23 ёшли боксчимиз профессионал боксдаги фаолиятини 2015-йилнинг октябрида бошлаган.
2016-йилнинг март ойида Ўзбекистон чемпиони бўлган Абдуқаҳҳоров ўша йилнинг апрелида ярим ўрта вазнда WBF International чемпионлик камарини қўлга киритди. 2016-йилнинг июлида эса зимбабвелик Чарльз Манючини мағлуб этиб, WBC Asian Boxing Council Silver чемпионига айланди.
Россиялик 31 ёшли Михайленко эса профессионал боксдаги илк жангини 2009-йилнинг июлида ўтказган. 2012-йилнинг апрелида Европа чемпионлик камарини қўлга киритган.
Михайленко 2015-йилнинг апрель ойида венесуэлалик Йохан Пересни енгиб, WBA-NABA чемпионлик камарига эга чиқди. Ўтган йилнинг январь ойида Дмитрий америкалик Карим Мэйфилдни мағлуб этиб, вакант бўлиб турган USBA чемпионлик камарига эга бўлди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Дмитрий Михайленко фаолиятидаги ягона мағлубиятини Чарльз Манючидан қабул қилиб олган. Айнан шу боксчини Қудратилло Абдуқаҳҳоров биринчи раунддаёқ нокаутга учратган эди.
Маълумот учун, Михайленко - Абдуқаҳҳоров жанги 12 раунддан иборат бўлади. Titov Boxing Promotions промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган ушбу бокс оқшомининг марказий жанги биринчи оғир вазн (90,7 кг) тоифасида ўтказилиб, унда WBA Super World чемпиони россиялик Денис Лебедев (29-3, 22 КО) австралиялик Марк Флэнаган (22-4, 15 КО) билан тўқнаш келади.
Кеча боксчиларни тарозидан ўтказиш маросими бўлиб ўтди.
Заур Абдуллаев – 62,5 кг / Мао Каваниши – 62,3 кг
Мухаммадхуча Якубов – 60,9 кг / Даики Ичикава – 60,85 кг
Марк Урванов – 57,2 кг / Жин Миура – 56,7 кг
Павел Маликов – 61,15 кг / Даики Канеко – 60,8 кг
Дмитрий Михайленко – 66,35 кг / Қудратилло Абдуқаҳҳоров – 66,3 кг
Денис Лебедев – 90,45 кг / Марк Флэнаган – 90,35 кг
Фикрлар