UZ

28 май 13:38
Янгиликлар

Бокс/ММА

Чемпионлик сари одимлаётган Исроил Мадримов: келаси жанглар қандай бўлиши мумкин?

Профессионал бокснинг биринчи ўрта вазн тоифасида рингга кўтарилиб келаётган Исроил Мадримов жаҳон бокс жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.

У ҳозирга қадар профессионал боксда 5 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратди. Исроил Мадримов охирги жангида Чарли Наваррога қарши WBA Eleminator жангида рингга чиқиб, рақибини 6-раундда муддатидан олдин таслим этди ва WBА йўналишида чемпионлик камари учун иккинчи рақамли мажбурий даъвогар мақомини қўлга киритди. Ҳўш, ўзи 2-рақамли даъвогар нима дегани? Биринчи рақамли даъвогар ким? Исроил кейинги жангини чемпионлик камари учун ўтказадими? Ушбу таҳлилий мақолада юқоридаги саволларга жавобини изоҳлаб беришга ҳаракат қиламиз.

Аввало ушбу вазнда асосий жаҳон чемпионлик камари соҳиблари билан танишиб чиқамиз. Биринчи ўрта вазнда WBC чемпиони Жермелл Чарло ( 33-1 17КО) , WBА Super ва IBF чемпиони Хейсон Росарио (20-1 14КО), WBО чемпиони эса Патрик Теишера (31-1 22КО) ҳисобланади.


Шу билан биргаликда WBА Regular (мунтазам чемпион деб айтилади ва нуфуз жиҳатдан асосий супер чемпиондан кейинги жаҳон чемпионлик камари) чемпиони Эрисландй Лара (26-3 15КО) ҳамда WBA Gold чемпиони Майкл Соро (35-2 24КО)лардир. Энг нуфузли WBА супер камари имтиёзли камар бўлиб, Росарионинг мажбурий ҳимоя муддати бирмунча узоқроқ бўлади ва даъвогар ташкилот томонидан алоҳида белгиланади. Бу орада Regular чемпион ўз камарини мажбурий ҳимоя қилиши керак. WBA Gold камари «Regular» камардан кейинги нуфузда туриб, жаҳон чемпионлик камари мажбурий ҳимоя муддати келганда даъвогарликни тақдим этувчи камар ҳисобланади. Бу камар барча вазнларда таъсис этилмаган ва бундай вазнларда рейтингда 1-поғонага саралаш асосида чиқарилган боксчи даъвогар деб эълон қилинади. Энди ўз-ўзидан маълумки, Эрисланди Ларага тегишли бўлган WBА Regular жаҳон чемпионлик камари учун биринчи рақамли даъвогар WBA Gold чемпиони Майкл Соро ва 2-рақамли даъвогар - ҳамюртимиз Исроил Мадримов.


Ҳўш энди ушбу вазнда эҳтимолий жанглар ҳақида фикр юритсак. WBA Super ва IBF чемпиони Рисарио ўзингининг навбатдаги жангини WBC чемпиони Жермелл Чарлога қарши ўтказиш ниятида эканлигини айтиб ўтган. Иккала боксчи ҳам Эл Ҳаймонга бошқарувидаги «Premier Boxing Champions» промоуторлик компанияси мижози эканлигини ҳисобга олсак, ушбу жангни ташкил этиш у қадар муаммо туғдирмайди. Аммо IBF йўналишида мажбурий давогар, россиялик Баҳрам Муртазалиев (17-0 13КО) ҳам бор ва IBF ҳимоя жангига буюртма бериши ҳам мумкин. Демак Росарио кейинги жангини Жермелл Чарло ёки Баҳрам Муртазалиевга қарши ўтказиши мумкин. WBО ташкилоти эса чемпион Патрик Теишерани даъвогар Брайн Карлос Кастанога (16-0-1 12КО) қарши ҳимоя жангига буюрган ва жанг санаси ҳам аниқ бўлган эди. Аммо пандемия сабаб жанг бекор қилинди. Демак, WBО чемпиони Патрик Теишера кейинги жангини пандемия тугагач Кастанога қарши ўтказади.


Ҳамюртимиз Исроил Мадримов Эрисланди Лара ва Майкл Сорога жанг қилиш учун таклифлар юборилгани ва жавоб кутилаётганлигини айтиб ўтган эди. Лекин, вазиятга реал ёндошсак ушбу боксчилар мажбурият бўлмаган вазиятда жангни қабул қилишлари имконсиз. Қолаверса, WBА Regular чемпиони Эрисландй Лара WBA Gold чемпионлик камари соҳиби ва биринчи рақамли мажбурий даъвогар Майкл Сорога қарши мажбурий ҳимоя жангини ўтказиши керак. Ана ўша жангдан сўнг эса Исроил Мадримов жанг ғолибига қарши биринчи рақамли мажбурий даъвогарга айланади. Агарда Эрисланди Лара Сорога қарши мажбурий ҳимоя жангидан бош тортса, ўзига тегишли WBА Regular чемпионлик камарини вакант қилиши керак бўлади ва бу вазиятда WBА биринчи ва иккинчи рақамли даъвогарлар Майкл Соро ва Исроил Мадримовга вакант WBА Regular камар учун жанг қилишга буюради. Ёки бошқа бир вариант ҳам бор.

Агарда Лара ва Соро жанг қилиш бўйича келишувга эришса ва WBA Interim, яъни вақтинчалик жаҳон чемпионлик камарини таъсис этса, у ҳолда ушбу камарга рейтингда мос равишда биринчи ва иккинчи поғонада турган собиқ жаҳон чемпиони Жеррат Ҳард ва ҳамюртимиз Исроил Мадримов жангига буйруқ бериши мумкин.

Исроил Мадримов интервьюсида Токио Олимпиадасига қатнашиш ниятида эканлигини, аммо чемпионлик жангига вақтлироқ келишувга эришса Америка Қўшма Штатларига қайтиб машғулотларни бошлаб юборишини айтиб ўтган эди. Барча ҳолатдан келиб чиққан ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, Исроил Мадримовнинг навбатдаги жанги учун эҳтимоли юқори бўлган икки вариант бор:

1. Исроил Мадримов чемпионлик жангига қадар яна битта рейтинг жанги ўтказиш.

2. Эрисландй Лара камарни вакант қилган ҳолда ушбу вакант камар учун биринчи ва иккинчи рақамли даъвогарлар Майкл Соро ҳамда Исроил Мадримов жангига буйруқ берилиши.

Агар Лара ва Соро келишувга эришиб, иккинчи томондан WBА вақтинчалик чемпионлик камарини таъсис этса унда рейтингда биринчи ва иккинчи поғонадаги Жеррат Хард ва Исроил Мадримов жангига буйруқ берилиши эҳтимоллари мавжуд. Аммо нисбатан ҳақиқатга яқини - Исроил Мадримов WBА мажбурий ҳимоя жангига буюрмагунига қадар яна бир бор рейтинг жангида рингга чиқади ва ундан сўнг эса чемпионлик камари учун жангга тайёргарлик бошлаб юборилишини тахмин қилиш мумкин. Қандай тўхтамга келинишидан қатъий назар ҳамюртимизга омад ва фақат ғалаба тилаймиз. Бизда ҳозирча шулар.

Boxer_TV канали админи Жалол Ахмедов тайёрлади


Рейтинг: +1   

Фикрлар

+1   
28 май 19:45:29
Komiljon.
Yahshi maqola bopti Jalol sizga rahmat
   
28 май 22:23:52
Qwe5009
Яна шуни хам илтимос қилардимки Шохжахон ва Шахрамларни хам чемпионлик йўлини худди шундай ёритиб беришингизни сўрардим. Негаки хар иккисини хам жанглари сони этарлича, натижалари хам аъло даражада лекин хамон чемпионлик жангидан хабар йўқ.
   
28 май 22:13:24
Qwe5009
Мана бу маъқола орқали билмаган нарсаларими билиб олдим, рахмат маъқола учун. Юртимизда боксга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда, шахсан мен 2016 йилга қадар боксга нисбатан узоқроқ эдим. Фақат машхурлар ижросидаги супер жангларни кўрар эдим лекин регламентларидан мутлоқ хабарим йўқ эди энди эса ўзимизни бокс юлдузлари сабабли янада ушбу спортга иштиёқ пайдо бўлган хуллас берилган маълумотлар учун маъқола эгасига яна бир ташаккур.
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг