23 ноя 13:13
Янгиликлар
Асу Алмабаев мағлубиятдан кейин: "Ғолиб бўлдим, деб ўйлагандим"
"Мен учун мухлислик қилган, мени деб қайғурган ва дуо қилган барча биродарларимизга катта раҳмат. Менга ҳам осон эмас. Шунча жанг ўтказдим, ойлаб тинимсиз машқ қилдим, тер тўкдим — энди титулга бир қадам қолганда тўхтаб қолдим. Бу ҳар қандай спортчи учун оғир зарба. Ҳаётда менга ҳеч нарса осонликча берилмайди, бу мақсад ҳам бундан мустасно бўлмайди. Кўп жиҳатлар устида ишлашим керак. Ҳозир ўзимни оқлашдан маъно йўқ.
Мени бошқа нарса ҳайрон қолдиради: айрим биродарларимиз мағлубиятимдан фойдаланиб, ўз номини чиқаришга уриняпти. "Бировнинг бахтсизлиги устига ўз бахтингни қуриб бўлмайди", деган гап бор. Агар шунчалик кучли бўлсангиз, бу ерга келинг, Топ-5, Топ-10 ёки Топ-20гача кўтарилиб, ўзингизни кўрсатинг. Бировнинг мағлубияти ҳисобига шуҳрат қозониш жуда уятли.
Жангим учун ўзимни оқлаётганим йўқ. Ғолиб бўлдим, деб ўйлагандим. Ҳар раунддан кейин бурчагимдагилар менга: "Сен ютиб турибсан", дейишарди. Ғалаба Хоригучига берилганини эълон қилишганда, у ҳам ҳайрон бўлганини ўзингиз кўрдингиз. Ҳозир мақтовдан қанот чиқариб, оғир гаплардан руҳи тушадиган одам эмасман. Буни умуман айтяпман. Ҳар қандай шароитда ҳам бирдам ва аҳил бўлиб қолайлик. Бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик. Эркакнинг йўли, жангчининг йўли шу: бугун мағлубият, эртага ғалаба. Бундай бўлиб туради", дея ўз фикрини билдирган Алмабаев.
Фикрлар