23 ноя 11:40
Янгиликлар
Тошкент Жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказди
"Олимпия шаҳарчаси"да ташкил этилган мусобақанинг дастлабки уч куни яккалик, сўнгги куни эса аралаш жамоавий баҳсларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Аралаш жамоавий баҳсларда дунёнинг 16 давлат терма жамоаси жаҳон чемпионати медаллари учун курашди. Якунда Япония терма жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Россия кумуш, Бразилия ва Франция терма жамоалари бронза медалларига сазовор бўлди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Бош рефери директори Армен Багдасаров, Осиё дзюдо иттифоқи (JUA) президенти Обайд Ал-Анзи, Халқаро дзюдо федерацияси Ижроқўм аъзоси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов иштирок этди.
Катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ҳам қатнашган Тошкентдаги ёшлар иштирокидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медали билан 78 давлат орасида 5-ўринни эгаллади.
Сўнгги деярли бир ҳафта давомида дунё дзюдо пойтахтига айланган Тошкент эртадан ўсмирлар ўртасидаги Saber Tashkent Grand Prix Cadets 2026 турнирига мезбонлик қилади. Демак, катта дзюдо байрами давом этади.







Фикрлар