16 ноя 09:05
Янгиликлар
Чирчиқда Ўзбек жанг санъати бўйича Ўзбекистон Кубоги ўтказилди
Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан келган 800 нафардан зиёд спортчи иштирок этди. Иштирокчилар Ўзбек жанг санъатининг "Мерган чавандоз", "Мерган спортчи" ҳамда "Темурийлар беллашуви" йўналишлари бўйича куч синашишди. Мусобақа бош ҳаками Фарҳод Шерматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи эса спортчиларнинг ҳар бир чиқишини одиллик билан баҳолаб боришди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбек жанг санъати халқимизнинг бой тарихий мероси, миллий анъана ва қадриятлари, жасорат, мардлик, ватанпарварлик ҳамда матонат каби юксак фазилатларини ўзида мужассам этган миллий спорт турларидан биридир. Бундай мусобақалар ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ҳарбий-спорт анъаналарини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Муросасиз ва шиддатли кечган беллашувлар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ёшлар ўртасида Андижон вилояти жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Самарқанд вилояти жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Навоий вилояти жамоаси эгаллади.
Ўсмирлар ўртасида;
1. Бухоро вилояти
2. Тошкент вилояти
3. Наманган вилояти
Катталар ўртасида;
1. Тошкент шаҳри
2. Жиззах вилояти
3. Фарғона вилояти

Барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар диплом ва медаллар билан тақдирланишди.
Шунингдек, мусобақа доирасида тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов ҳамда Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов иштирок этиб, спортчиларни қутладилар ва уларга мусобақада омад, куч-ғайрат ҳамда юксак натижалар тиладилар.

Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақа нафақат спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва маҳоратларини синовдан ўтказиш, балки миллий спорт туримиз нуфузини янада ошириш, уни кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Зеро, миллий спортимиз — бу шунчаки жисмоний маҳорат эмас, балки халқимизнинг тарихи, ғурури, маънавияти ва миллий ўзлигининг ёрқин ифодасидир!






Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар