17 ноя 16:15
Янгиликлар
Даврон Файзиев: “Реал” Мадрид?! Ҳеч бир жамоага мухлис эмасман”
Шу кунгача ушбу саҳифамизда икки нафар ҳамкасбимиз – Нодирхўжа Йўлдошев ва Диёр Имомхўжаев мухлислар йўллаган саволларга жавоб қайтаришган эди.
Бу гал яна бир маҳоратли журналист, ажойиб шарҳловчи, ҳозирда “UZREPORT” каналида фаолият олиб бораётган Даврон Файзиев мухлис минбарига ташриф буюрди. Қуйида ушбу савол-жавобларни эътиборингизга хавола этамиз.
Муҳаммадкарим Тўйчиев – талаба
– Даврон ака, негадир охирги вақтлар “UZREPORT” телеканалида футболлар русча шарҳланяпти, бунинг сабаби нимада?
– Бизда футбол параллел равишда иккита – ўзбек ва рус тилларида трансляция қилинади. Сизда танлаш имконияти бор. Агар сизда русчаси кўрсатаётган бўлса, демак, телевизорингиз қурилмаси шунга мослаштирилган. Телевизорингиздаги махсус бўлим орқали намойиш қайси тилда бўлишини ўзингиз назорат қилишни билиб олсангиз, кейинчалик бу муаммо юзага келмайди. Барча ТВ моделлари ўз менюсига эга. Сизда айнан қайси модель эканлигини билмаганим учун аниқ айта олмайман. Бу борада бирорта мутахассисдан маслаҳат олишингиз мумкин.
Шаҳбоз Отабоев – банк ходими
– Нима учун журналистикани танлагансиз. Ёки сиз ҳам профессионал футболчи бўлолмаганмисиз?
– Журналистика жиддий касб ва уни ўзлаштириш учун анча кўп ўқиш ва
изланиш талаб этилади. Шунчаки футболчи бўла олмаган инсон бу касбни эгаллаб
ололади, деган тушунча тўғри эмас. Лекин спортни бевосита ичидан тушуниш –
спорт журналистикаси касбига кириб бориш учун талаб этиладиган 7-8та муҳим
талаблардан бири, дейишим мумкин. Журналистик маълумот, таҳлилий ёндошув,
адабий тилни ва чет тилларини мукаммал билиш, спорт турини жуда яхши тушуниш,
интеллектуал салоҳият, эфирбоп овоз ва нутқ. Мана шулар асосий талаблар. Яна
қўшимчалари бор. Уларга тўхталиб ўтирмайман. Шундай экан, журналистикага кириб
келишим йўлида анча қийинчиликка дуч келганман. Бир неча йил шунчаки ўрганиб
юрганман. Кейинчалик ўзимга бўлган ишонч ортганидан кейин жиддий қарорга
келганман. Танловим спортни жуда яхши кўришим туфайли қатъий бўлган.
Шерзод Нурмуҳаммедов – талаба
– Ота-онангиздан бири журналист бўлганми? Чунки сиз ва жиянингиз ҳам ушбу соҳани танлагансизлар?
– Йўқ. Ота-онам ҳам, улардан аввалги аждодларим ҳам бошқа соҳа вакиллари бўлишган. Мен ва қариндошим Дилбар телевидение соҳасига ўз хоҳиш ва қизиқишимиз сабабли кириб келганмиз.
Ҳаётбек Муродов – дурадгор
– Илк шарҳингизни эслай оласизми?
– Шу саволдан ўзи сал чўчиб тураман. Чунки кўпчилик ўзининг биринчи ижод маҳсулини яхши эслаб колади. Мен эса шунчалик жараёнга берилиб кетгандимки, бундай лаҳзаларни умуман эслаб қолмаганман. Биринчи шарҳ, илк бор бошловчи сифатида эфир олиб боришим, жонли эфирда пайдо бўлишим... Хуллас, мен буларнинг санаси ва қайси ўйинлигини эслаб қолмаганман. Бу одатим ҳозиргача бор. Кўпчилик ҳамкасбларим катта-катта эфирлар, жуда муҳим кўрсатув ёки репортажларни эсдалик учун сақлаб колишади. Менда эса бундай архив йук. Афсусланаман бундан. Аммо ҳозиргача шуни йўлга кўймаганман. Балки барча эфирларимга танқидий қараганим ва кейинги сафар бундан ҳам яхшироқ бўлади, деб ўйлаганим учундир?! Саволингизга қисман бўлсаям жавоб беришга ҳаракат қиламан. 2001 йил эди. Биринчи шарҳим Италия “А” сериясининг қайсидир учрашуви бўлган.
Шавкат Ибодуллаев – талаба
– Футболдан ташқари, боксга ҳам яхши тушунишингизни биламиз. Айтингчи, юртимиз ва жаҳон миқиёсидаги боксчилар орасида қай бирининг жанг олиб бориш услуби ёқади?
– Боксчиларимизнинг барчасига бирдек мухлислик қиламан. Масалан, ҳозир
ҳаваскорларнинг суперавлоди етишиб чиққан. Олимпия ўйинларида иштирок этган
барча боксчиларимизнинг жангини мазза қилиб томоша қилдим. Уларнинг иштирокидан
руҳланиб, кўрсатув ҳам тайёрладим. Профессионалларимиздан Санжар Раҳмоновга
мухлислик қиляпман. Жаҳон боксида ҳозир ёрқин юлдузлар камайган. Флойд Мэйвейзер,
Мэнни Пакьяо, Хуан Мануэль Маркес, Сергей Ковалев. Ҳозир шуларнинг жангини
катта қизиқиш билан томоша қиламан. Авваллари Артуро Гатти ва Эрик Моралес
ёқарди.
Шерзод Ортиқов – тадбиркор
– Ўзбек шарҳловчилари тарихига ва ҳозирги кунига разм солганимизда ҳам биринчи рақамли спорт журналисти – бу Ахбор Имомхўжаев эканига шубҳа қилмаймиз. Сиз кейинги ўринларга кимни қўйган бўлардингиз. Фақат аниқ жавобдан қочмаслигингизни сўраган бўлардим?
– Оддий мухлис сифатида қараганимда, балки бу саволдан қочмаган бўлардим. Лекин мен худди ҳамкасбларим сингари шарҳловчиман. Уларга баҳо бериш одобданмас. Бунинг устига уларнинг барчаси мен учун бегона бўлмаган инсонлар, бирини биридан устун қўёлмайман. Бунинг устига фикрим холис бўлмайди. Чунки ўз ёндошувим ва услубим бор, уни тўғри, деб биламан. Улар эса, ўз йўналишига эга. Томошабин баҳо бергани маъқулроқ.
Темур Маликов – талаба
– Мейвейзер ва Пакьяо жангидаги шарҳингиз фаолиятингиздаги энг эсда қоларлиси, деб ҳисоблайсизми?
– Йўқ. Ўшандан кейин боксда бироз тўхталиш бўлган. Балки шу учун эсда қолгандир. Аммо фаолиятим давомида бундай катта жанглар кўп бўлган. Холлифильд – Раҳмон, Льюис – Раҳмон, Тайсон – Льюис, Жонс – Тарвер, Жонс – Руиз, Моралес – Баррера, Де ла Хойя – Мэйвейзер, Хаттон – Мэйвейзер, Калзаге – Хопкинс, Гатти – Уорд, Пакьяо – Маркес... Оҳ-ҳоо, агар эсласам, минглаб жанглар... Очиғи, 15 йил ичида жаҳон боксида қандай муҳим жанг бўлса, уни эфирга тайёрлаб, ўзим ҳам улкан даражада завқ олганман. Боксга меҳрим жуда баланд.
Сарвар Мадаминов – ўқувчи
– “Реал”га мухлислик қилишингиз ростми, шундай бўлса, “Барселона”ни ёмон кўрасизми?
– Йўқ, рост эмас. Ҳеч бирига мухлис эмасман. Иккиси ҳам ёқади.
Шерзод Алибеков – энергетик
– “Эл-Класикони” шарҳлаганингиздан кейин, гарчи холис шарҳлаган бўлсангиз-да, бирортаси нохолисликка йўл қўйдинг, деб айтганми?
– Одатда, “Эл-Класико”дан кейин ютқазган жамоа мухлислари томонидан норозилик билдирилади. Буни оддий қабул қиламан ва тушунаман. Мадрид мухлислари ҳам шу қаторда мени “Барса”га мухлисликда айблашади. Очиғи, минг холис бўлганингиз билан барибир бу клубларнинг мухлислари шу қадар кўп ва ашаддийки, иккисини ҳам бирдек кўнглини олиб бўлмайди. Шунчаки ўз ишини профессионал даражада бажариш керак. Вақт ўтиб, томошабинлар тушуниб етади ва балки холис бўлинганини тан олади.
Мутолбек Алдашев – тадбиркор
– Миш-мишларга қараганда, тўйлар ва базмларда бошловчилик қилаётган экансиз. Шу ростми?
– Телебошловчиларининг аксарияти учун бу қўшимча фаолият ҳисобланади. Мен эса бу борада узоқ йиллар давомида ўзимга тақиқ қўйиб келганман. Лекин маълум бир даврда бу йўналишга ҳам қизиқиб кўрдим. Бошловчи дўстим Акмал Мирзо буни маслаҳат берди. Ўзимни синаб кўрдим. Бир неча маросимни олиб бордим. Менда бир одат бор. Қайсидир ишда ўзимни яхши ҳис қилмасам ва ишимдан тўлиқ қониқмасам, бу ишдан воз кечаман. Маросимлардаги бошловчилик ҳам шундай бўлди. Қизиқиш кучли бўлмади. Ҳозир худди аввал бўлганидек, таклифлар бўлсаям рад этяпман. “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Бу йўналишнинг ҳақиқий маҳоратли усталари бор.
Мансур Сиддиқов – тиббиёт ходими
– Айтинг-чи, сизда танлаш имкони бор. Геннадий Головкин – Менни Пакьяо жанги ва “Эл-Класико”... Қай бирини шарҳлаган бўлардингиз?
– Қизиқ савол бўлди-ю! Боксда одатда бундай жанглар АҚШда ўтказилади. Улардаги шанба оқшоми бизнинг вақтда якшанба тонгига тўғри келади. “Эл-Класико” эса одатда оқшомда ўтказилади. Шу сабабли, иккисини хам шарҳлашга улгураман (кулади).
Ҳотамжон Турдибоев – божхона ходими
– “Facesport” дастурида ҳакамлик қилдингиз. Қатнашганлар орасида сизни ижобий томондан ҳайрон қолдирганлари ҳам бўлдими?
– Албатта. Финалчилар ва ҳатто аввалги босқичда чиқиб кетганларнинг кўпчилиги келажакда яхши спорт мутахассиси бўла олади. Шунчаки танловда ютиб, профессионал бўлиб қолиш қийин. Яна анча иш бор. Ҳозирда ўша танловда қатнашган Ориф Толиповни синовдан ўтказяпмиз. Анча ўсишга эришди.
“News Arena” саволи
– Етук шарҳловчи бўлиб етишишингиз учун барибир кимларнингдир услубларидан ўзлаштирган бўлсангиз керак. Ахбор Имомхўжаев, Хайрулла Ҳамидов, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва бошқа тажрибали шарҳловчилардан қандай жиҳатларни ўзингизда мужассамлаштиришга ҳаракат қилгансиз?
– Сиз санаб ўтган инсонларнинг фаолиятидан ўрнак оладиган кўп жиҳатларни ўзим учун қайд этганман. Айниқса, Давлат Турдалиевдан кўп нарса ўрганганман. Бу мутахассисларнинг ҳар бирига чексиз ҳурматим бор. Услуб масаласида эса иложи борича уларни такрорламасликка ҳаракат қилганман. Чунки бирорта шарҳловчи худди иккинчиси каби бўла олмайди. Умумий қонун-қоидалар ва ишга ёндошувни ўрганиш мумкин. Услубни эса бошланишидан инсон ўзи шакллантириши керак.
Нодир Алимуҳаммедов – ўқувчи
– Келажакда сиз каби шархловчи бўлиш истагим бор. Шогирдлик масаласига қандай қарайсиз? Сиздан шарҳ сирларини ўргансам бўладими?
– Ижобий қарайман. Лекин сиз бир нарсани тушуниб етишингиз керак. Шарҳловчилик спортга яқин соҳа бўлгани учун бу ерда ҳам натижага йиллар давомида меҳнат қилинади. Унгача эса интилиш ва сабр керак. Аксарият шогирд бўлиб келганлар шароити ёки бошқа сабаблар туфайли йўлнинг бошланғич босқичида тўхтаб қолишади.
Муҳаммадали Турғунов – талаба
– Playstationда маҳоратингиз қай даражада? Бу ўйинларнинг ҳам шарҳ учун фойдаси борми?
– Аввал кўп ўйнаб турардим. Унга муккасидан берилиб кетмасангиз жуда
фойдали. Бўш вақтда 1-2 соат ўйнаш кифоя. Шарҳловчиликка ҳам фойдаси бор. Аммо
бунинг учун у ердаги ўйин жараёнига эмас, балки маълумотлар базаси ва тактик
тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратиш зарур.
Дилмурод Эраҳмедов – авто саноат ходими
– Шарҳловчиликка кириб келганингизда танқид қилишганми, бундай пайтларда бу касбдан кўнглингиз совиб кетган вақтлар бўлганми?
– Бўлган, албатта. Дастлабки йиллари қаттиқ танқид қилишарди. Юқорида айтганимдек, бирдан яхши шарҳловчи бўлиб қолишнинг умуман иложи йуқ. Касбдан совиб кетиш даражасига бормаганман лекин. Чунки ўзимга жуда ишонардим. Ишониб қилаётган ишимни тўғри эканлигини исботлай олишим жуда муҳим.
Аҳмаджон ЭШМАТОВ суҳбатлашди.
“News Arena” газетасининг 28-сонидан (2016 йил) олинди
Фикрлар