28 сен 10:37
Янгиликлар
Диёра Келдиёрова: Cпортга кириб келишимга бувижоним сабабчи бўлганлар
Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилиб, уларга бош мураббий Илиас Илиадис бошчилик қилди. Биз йиғиннинг сўнгги куни Осиё чемпиони, кадетлар ўртасида жаҳон чемпиони Диёра Келдиёровадан интервью олдик.
Маълумот учун, Диёра Келдиёрова Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Жума шаҳарчасида туғилган. Мураббийи - Хуршида Холиқова. Самарқанд давлат университетининг 4-босқич талабаси. Диёра 2015 йил Босния ва Герцеговиниянинг Сараево шаҳрида ўтказилган кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида йўлидан чиққан барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритган. У ўтган йили Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтган "Мастерс" турнирида бронза медалига эга чиққан.
- Диёра, одатда ўзбек оилаларида ота-оналар қизларининг спорт билан шуғулланишларини унчалик ҳам хушлашмайди, айниқса, бокс ва бошқа яккакураш турларида. Сизда бу жараён қандай кечган?
- Cпортга кириб келишимга бувижоним, яъни дадамнинг оналари сабаб бўлганлар. Сиз айтгандек, отам билан онам бунга қарши чиқишган. Лекин бувим уларни кўндирганлар. Бувижонимнинг истаклари ва тавсиялари билан бошқа неваралар ҳам у ёки бу спорт тури билан шуғуллана бошлашган.
- Нима учун айнан дзюдони танладингиз? Бошқа вариантлар ҳам бормиди?
- Ҳа, бор эди. Ота-онам балетга беришмоқчи бўлишган. Лекин бувижонимнинг тавсиялари билан дзюдога борганман. Икки-уч кунлик машғулотлардан сўнг ўзим ҳам ушбу яккакураш турига қизиқиб кетганман.
- Келинг эслаймиз... спорт залидаги биринчи кун, илк машғулот таассуротлари, мураббий билан суҳбат...
- Биринчи мураббийим Хуршида Холиқова бўладилар. Пастдарғом тумани 1-БЎСМнинг дзюдо бўлимида мураббий бўлиб ишлайдилар. Очиғини айтаман, жуда нозик бўлганим учун аввалига менга ишонишмаган. Кейин чайир ва эпчиллигим билан уларнинг фикрини тамомила ўзгартиришга эришдим. Машғулотларда астойдил ишладим, табиийки, мураббийим ҳам менга алоҳида эътибор қарата бошладилар.
- Биринчи иштирок этган мусобақангиз ҳамда қўлга киритган илк медалингиз ёдингиздами?
- Қизиғи, биринчи мусобақам самбо спорт туридан бўлган. Ўшанда 20 кг вазн тоифасида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритган эдим. Гарчи шохсупага кўтарилган бўлсам-да, роса йиғлагандим.
- Хорижда иштирок этган биринчи мусобақангиз-чи?
- Биринчи халқаро мусобақам 2013 йил Россиянинг Тверь шаҳрида бўлиб ўтган. Халқаро турнирдан бир ой олдин Россияга боришим маълум бўлган. Бир ой қандай ўтгани фақат ўзимга аён. Кадетлар ўртасидаги Европа Очиқ чемпионатида 5-ўрин билан кифоялангандим. Бронза медали учун кечган беллашувда ютқазиб қўйган эдим. Терма жамоа мураббийи Вячеслав Перетейко ютқазганимга қарамай, кўнглимни кўтарганлар. 2014 йилда худди шу мусобақага бориб, медаль билан қайтганман.
- Сиз учун энг қадрли мусобақа бу ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Босния ва Герцеговиния давлатида чемпион бўлгансиз. Қизлар орасида биринчи ўзбекистонликсиз. Келинг шу мусобақани яна бир бор эслаймиз...
- Мен учун ўзим иштирок этган барча мусобақалар қадрли. Лекин барибир сиз айтгандек, жаҳон чемпионатининг ўрни бўлакча. Тўғрисини айтаман, медалга умид бўлган, лекин чемпион бўлишимни кутмаган эдим. Бирин-кетин қозонилган ғалабалар ўз кучимга бўлган ишончни оширган. Бунинг натижасида финал беллашувини ҳам иппон, яъни соф ғалаба билан якунлаганман.
Фикрлар