06 мар 08:05
Янгиликлар

Fed Cup. Учинчи баҳсда ҳам мағлубият, бу сафар Индонезия терма жамоаси теннисчиларимизни шарманда қилди
Осиё/Океания минтақасидан ўрин олган 1-гуруҳ баҳсларида омадсиз иштирок этаётган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учинчи учрашувда ҳам мағлубият аламини тотиб кўрди. Бу билан теннисчиларимиз турнирга умуман тайёр эмасликларини амалда исботлашди.
Қизларимиз гуруҳ босқичининг кетма-кет учта учрашувида рақибларига очко улашишди. Бу сафар Индонезия терма жамоаси теннисчиларимизни 3:0 ҳисобида таслим этди. Нигина Абдураимова Маделин Прискага 0:6, 4:6, Акгул Аманмурадова Алдила Сутжиадига 6:3, 5:7, 4:6 ҳисобида ютқазди. Ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган жуфтлик баҳсида эса Ясмина Каримжонова ва Ситора Нормуродовадан иборат тандем Тжен Жанисе ҳамда Маделин Прискага 1:6, 3:6 ҳисобида енгилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аввалига Жанубий Кореядан 0:3, кейин эса Ҳиндистон терма жамоасидан худди шу ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олган эди.
Фикрлар