12 июн 17:55
Янгиликлар
Ҳақиқий феномен: жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг ноёб рекордлар. Уларнинг кўпчилиги ярим асрдан ошиқ вақтдан бери янгиланмаяпти
ЖЧ-2026 иштирокчи мамлакатлари ҳақидаги туркум материалларимизни давом эттирамиз. Миллионлаб мухлислар ёрқин томошалар, унутилмас ва юракни қувонтирадиган лаҳзаларни ҳамда янги юлдузларнинг кашф этилишини интиқлик билан кутмоқдалар. Албатта, кўпчилик янги рекордларни кўришни ва шу кунгача бузилмай келаётган ютуқларнинг янгиланишини орзу қилади.
Биринчи гол ва кутилмаган ҳолат об-ҳаво
1930 йилда Уругвайда 13 июлдан 30 июлгача бўлиб ўтган биринчи жаҳон чемпионати кўплаб кутилмаган воқеаларни тақдим этди. Европанинг энг кучли учта жамоаси — Италия, Испания ва Германия унда иштирок этишдан бош тортди. Уларнинг ҳеч бири узоқ ва қиммат сафар билан ўзини толиқтиришни истамади. Турнирда жами 13 та жамоа иштирок этди.
Афсуски, биринчи энг кутилмаган ҳолат об-ҳаво билан содир бўлди. Уругвай Жанубий яримшарда жойлашган бўлиб, у ерда июль ойи қишнинг айни чилласига тўғри келади. Чемпионатнинг очилиш маросимида қор ёғди, енгил совуқ ҳукм сурди. Футболчилар ҳам, унчалик кўп бўлмаган мухлислар ҳам жуда қаттиқ совқотишди. Кейин эса деярли ҳар куни тинимсиз совуқ ёмғирлар қуйди.

Уругвай ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги финал учрашуви 1930 йил 30 июлда Монтевидеода бўлиб ўтди. Турнирнинг ҳал қилувчи ўйини бошланишидан олдин қуюқ туман тушди. Учрашувдан аввал футболчилар тўп устида баҳслашиб қолишди. Якунда биринчи бўлимда Аргентина чарм тўпи, иккинчи бўлимда эса Уругвай тўпи билан ўйнашга қарор қилинди.
Ўйин шиддатли кечди ва биринчи бўлимда аргентиналик футболчилар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Иккинчи бўлимда, келишилгандек, майдонга мезбонларнинг оғирроқ тўпи олиб чиқилди. Қанчалик ғалати туюлмасин, ушбу алмашинув уругвайликларга ғалабани илиб кетиш ва футбол бўйича тарихдаги илк жаҳон чемпионларининг олтин медалларига эга чиқиш имконини берди.
Ҳўл ва ботқоқсимон майдонда намликни ўзига тортган тўп "оғир қовун"га айланиб қолганди. Бундай вазиятда техник жиҳатдан кучлироқ бўлган аргентиналиклар мағлубиятга учраб, жисмонан бақувват ва чидамли уругвайликларга имкониятни бой беришди.
Турнирда тарихий ютуқлар қайд этилди. Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувидаги илк голни франциялик Люсен Лоран Мексика билан ўйинда киритди. Биринчи хет-трик эса АҚШ терма жамоаси форварди Берт Петноугга тегишли: у Парагвай дарвозасини уч бор ишғол қилди.
Рекордчилар — Жаҳон кубоги соҳиблари
Айрим спорт ютуқлари ҳамон етиб бўлмас бўлиб қолмоқда. Масалан, Бразилия терма жамоаси — беш карра Жаҳон кубоги соҳиби. Италияликлар ва немислар ҳисобида эса тўрттадан ғалаба бор. Тўғри, жорий йилда ушбу рекордни такрорлаши мумкин бўлган жамоалар рўйхатидан Италия терма жамоаси чиқиб кетди. "Скуадра адзурра" (Италия терма жамоасининг лақаби) саралаш турнирини муваффақиятсиз ўтказиб, навбатдаги бор жаҳон чемпионатига йўлланма ололмади.
Германия терма жамоасини эса юлдузли таркибига қарамай, жуда кучли рақиблар билан муросасиз кураш кутмоқда. Бироқ "немис машинаси" ҳар доим ўзининг темир иродаси ва ғалабага бўлган сўнмас интилиши билан ажралиб турган.

Футбол қироли Пеле ва унинг рекордлари
Буюк Пеленинг ноёб ютуғи алоҳида мавқега эга. У уч карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. Ушбу спорт турининг тижоратлаштирилиши ҳам унинг номи билан боғлиқ. 1970 йилда Мексикада ўтган турнирда Футбол қиролининг бутсалар ипи билан боғлиқ саҳна кўриниши намойиш этгани ҳаммага маълум. Италия терма жамоасига қарши финал учрашуви бошланишига бир неча сония қолганда, у ҳакамдан бутсасини тартибга келтириш учун вақт сўрайди.
Пеле камералар қаршисида бутсаси ипини шунчалик узоқ ва артистларча боғладики, пойабзалдаги машҳур фирманинг номини пайқамасликнинг иложи йўқ эди. Айтганча, ушбу ЖЧда Бразилия терма жамоаси учинчи ғалабаси учун Жюль Риме кубоги — "Олтин маъбуда"ни абадийга ўзиники қилиб олди.
Шунга қарамай, даҳо бразилиялик футболчининг айрим рекордлари барибир янгиланди. Масалан, 2023 йил сентябрида Неймар миллий терма жамоа сафида боливияликларга қарши ўйинда ўзининг 79-голини урди. У буюк ватандошининг кўрсаткичидан иккита голга ўзиб кетди.
Аргентиналик юлдуз Лионель Месси эса 2020 йил декабрида "Барселона" сафида тўп сураётиб, клубдаги фаолиятидаги 644-голини киритди. У Пеленинг ўзининг қадрдон клуби "Сантос" сафида қайд этган рекордидан битта голга ўзиб кетишга муваффақ бўлди.

Ниҳоят, Ламин Ямал Футбол қиролининг яна бир ютуғини янгилади. 16 ёшли испан йигити Европа ва жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг ёш ярим финал иштирокчиси деб топилди.
Мирослав Клозе ва жаҳон чемпионатларидаги 16 та гол
Немис футболчиси Мирослав Клозега ноёб натижа тегишли: марказий ҳужумчи жаҳон чемпионатларидаги иштироки давомида рақиблар дарвозасига 16 та гол урган. Унинг ортидан жарима майдончасининг исталган нуқтасида муваффақиятли ўйнай оладиган "йиртқич" деган ном қолди. Клозе ақлбовар қилмас футбол сезгисига эга эди ва ҳар бир ҳал қилувчи голдан кейин ўзининг машҳур акробатик салтосини ижро этарди.
ЖЧ-2026 турнирида мухлислар Мирослав Клозенинг рекорди янгиланишини кутмоқдалар. Унинг кўрсаткичига Лионель Месси жуда яқин келиб: унинг ҳисобида 13 та гол бор.

Бразилия — Уругвай ўйинидаги мухлислар рекорди
1950 йил 16 июлда Рио-де-Жанейрода ўрнатилган жаҳон чемпионатлари ўйинларига мухлислар ташрифи бўйича рекорд яқин орада янгиланмаса керак. Ҳисоб-китобларга кўра, "Маракана" стадиони трибуналаридан 173 850 томошабин жой олган. Гарчи баъзи маълумотларга кўра, турли йўллар билан стадионга 200 мингдан ортиқ мухлис кириб олган бўлса-да.
Бутун Бразилия ўз юлдузли терма жамоасининг илк ғалабасини кутаётган эди. Уругвайликлар билан финал учрашувида бразилиялик мухлислар рақибнинг тор-мор этилишидан қувонишни олдиндан ҳис қилиб туришганди. Ҳақиқатан ҳам, Уругвай терма жамоаси оғир ўйинлардан сўнг жуда чарчаган ва ҳолсиз бўлиб кўринарди. Аммо, ижобий прогнозларга қарамай, бразилияликлар аламли мағлубиятга учрашди.
Вальтер Дзенга ва дарвозанинг 517 дақиқалик "қуруқ" серияси
Машҳур футбол дарвозабонлари қийин вазиятларда ўз жамосини қутқариб, доимо мўъжизалар кўрсатишган. Италиялик посбон Вальтер Дзенгага ҳайратланарли ютуқ тегишли. 1990 йилда Италияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида унинг дарвозаси 517 дақиқа давомида "қуруқ" қолди (гол ўтказмади). Фақатгина ярим финалда Вальтерни Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Клаудио Каниджа хафа қилишга эришди. У Дзенганинг чиқишдаги хатосидан унумли фойдаланиб, боши билан тўп киритди ва ҳисобни тенглаштирди.

Ҳакамлик рекордлар
Жаҳон чемпионати — 2026 турнирида ҳакамлар корпуси олдида ҳам кам бўлмаган мураккаб вазифа турибди. Таъкидлаш жоизки, айрим футбол ҳакамларининг ютуқлари ҳам эътирофга лойиқ. Масалан, ҳамюртимиз Равшан Эрматов бош ҳакам сифатида 2018 йил 25 июнгача 11 та учрашувни бошқарган. Ушбу рекорд шу кунгача янгиланмай келмоқда.
Жаҳон футбол тарихидаги энг ёши катта ҳакам эса британиялик Жорж Ридер ҳисобланади. Айнан у 1950 йилдаги Бразилия ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги машҳур финал учрашувини бошқарган эди. Ўша пайтда Ридер 53 ёшда бўлган.

Фикрлар