11 янв 12:58
Янгиликлар
Ҳасанбой Раҳимов дисквалификациядан кейинги ҳолати, ММАдаги жанги ва Маҳмуд билан машғулотлар - ИНТЕРВЬЮ
Ушбу саҳифада интервьюнинг матнли кўринишини ўқишингиз мумкин.
- Токио Олимпиадасига лицензиянгиз бекор қилиниб, дисквалификация қилинганингиздан кейинги тушкунлик ҳолатидан қандай чиқиб кетдингиз?
- Ҳар бир ёмонлик яхшилик олиб келади дейишади. Спортчининг айнан спортчилик фаолияти қисқа вақт давом этади. Ўша вақт ичида нимагадир эришсангиз эришдингиз. Олимпиадага бориш ҳар бир спортчининг орзуси, шу қаторда менинг ҳам. Тўғри, дисквалификация қилинганимдан кейин қандай ҳолатда бўлганимни, ичимдан нима ўтганини ўзим биламан. Ўша вақтдаги ҳолатимни ҳозир сўз билан тушунтиришим қийин. Мана шундай кунларни кўрганимга Аллоҳга шукур қиламан.
- Ўша пайтда сизни ким кўпроқ қўллаб-қувватлади?
- Оиламдагилар. Ота-онам, ака-укаларим далда бериб қўллаб-қувватлашди.
- Спортдан кетиш фикри ҳам бўлдими?
- Йўқ, спортдан кетишни ўйламадим. Чунки спортга келишимдан биттаю-битта мақсадим бўлган. Қанчалик қийин бўлмасин - мен Олимпия ўйинларининг олтин медалини юртимизга олиб келишга ҳаракат қиламан.
- Мана шу вақт давомида машғулотларни ташлаб қўймадингизми?
- 2 ой ҳеч ким билан гаплашмадим. Шу вақт ичида на уйқуни, на нима еб-ичаётганимни билдим. Лекин минг сиқилганим, ўйланганим билан ҳеч нимани ортга қайтаролмаслигимни тушундим. Ўзимга-ўзим "нима қилаяпман? шу нарса билан синиб қолдимми?" деб савол бердим. Бу ҳолат мени кучайтирса-кучайтирдики, бўшаштириб қўйгани йўқ. Шундан кейин қайтанга кўпроқ меҳнат қилдим, Доғистонга машғулот ўтказишга бориб келдим. Мен Олимпиадага лицензияни шунчаки, осонлик билан олиб қолмагандим. Мени мақсадим нафақат Олимпаида лицензияси, балки Олимпиада олтин медалига эга чиқиш эди. Аммо Токио-2020га тайёргарлик кўраётган вақтимда лицензия бекор қилингани ҳақида хабар келди. Дисквалификацияга сабаб бўлган ҳолат арзимаган нарса бўлиб чиқди. Масалан, мен ҳар йили Жаҳон, Осиё чемпионатларида совриндор бўлиб келганман. Ҳар йили мендан 2 мартадан допинг тести олишган. Шукурки, ҳеч қачон мендан допинг чиқмаган. Биз спортчилар нималар мумкин-у, нималар мумкин эмаслигини яхши биламиз. Олимпиадага лицензия тақдим этган мусобақадан 2 ой олдин касал бўлиб қолдим. Айбим шифокоримизга айтмаганим бўлди. Ҳамма одам қатори касалхонага бориб, анализ топширдим. Доктор менга 10 кунлик дориларни ёзиб берди. Дориларни ичдим ва ўша таблетка допинг бўлиб чиқди. Тан оламан, мен бу дорини ҳақиқатдан ҳам ичганман. Кўпчилик менга "химия" қилгансан, ундан кўра ўзингни кучингга ишон” деб айтади. Баъзилар бор - мана шундай қилади, лекин ҳеч қандай натижага эришолмайди. Бундай йўл тутиш - ютди дегани эмас. Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам аввало Аллоҳдан.
- Яқин кунларда дисквалификация муддатингиз тугайди. Эркин курашга қайтасизми?
10 февраль куни дисквалификация муддатим тугайди. Февраль ойида Туркияда ўқув-йиғин машғулотлари бўлиб ўтади. Шунингдек, у ерда мусобақа ҳам ўтказилади. Ушбу турнирда қатнашаман. Худо хоҳласа, мен учун старт ўша мусобақадан бошланади.
- Декабрь ойи охирида эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Чемпионатни кузатдингизми?
- Албатта, кузатиб бордим. Чемпионатда эгизагим Ҳусан ҳам иштирок этди. Ҳусаннинг вазни -95 кг бўлсада, у Ўзбекистон чемпионатида мени вазнимда қатнашди. Укам 2015 йил ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни олган. 2017 йил оёғидан жароҳат олганидан сўнг эркин кураш бўйича мусобақаларда иштирок этмади. Ўшандан кейин бутунлай ММАга ўтиб кетди. Яқинда бўлиб ўтган мамлакат биринчилигида -125 кг вазнда 3-ўринни қўлга киритди. Бу натижа у учун яхши деб ўйлайман. Чунки 4 йил давомида эркин кураш мусобақаларида қатнашмаган ММА спортчиси учунбу катта натижа.
- Ўзингизни ММАда ҳам синаб кўриб, турнирларда иштирок этдингиз...
- Болалигимдан ММА турнирларида иштирок этиш ниятим бўлган. Лекин, бунақа эрта амалга ошади деб ўйламагандим. Мени орзуим ҳалигача Олимпия ўйинларида иштирок этиб, олтин медаль олиш.
Агар мени олдинда қандайдир мусобақа кутиб турмаган бўлса, меҳнат қилолмайман. Мана масалан, январда Абу-Дабида ММА бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. (суҳбат 27 декабрь куни бўлиб ўтган) Мана шу мусобақага тайёрланаяпман. Мусобақам бўлса, тайёрланишим осонроқ бўлади. Ўзимни амал қиладиган тартибим бўлади. Агарда мусобақам бўлмаса, режимни эркин қилиб қўяман. Мана ҳозир мақсадим бор ва мен машғулотлардан завқ оляпман.
- Фаолиятингизни кейинчалик ММАда давом эттириш ниятингиз борми?
- Худо хоҳласа, фаолиятимни ММАда давом эттириш ниятим бор. Лекин мен учун биринчи ўринда Париж Олимпиадаси. Олимпиададан кейин ММАга ўтаман.
- Маҳмуд Муродов билан машғулот олиб бордингиз. Муродовдан ташқари спаринг-шериклар етарлими?
- Мени вазнимда спаринг-шериклар кам барибир. Маҳмуд Муродов билан машғулотимни кўрдингиз. У билан бўлган юкламаларни мен бошқа спаринг-шериклардан ололмайман. Бу менга катта тажриба бўлаяпти. ММА ва эркин кураш бошқа-бошқа спорт турлари. Маҳмуд Муродовни аввал яхши билмаганман. Мана шу залга келганимдан кейин ака-ука бўлиб кеттик. Ундан аввал телевизорда жангларини кўриб, "мен курашчиман, бу болани бемалол йиқитаман, у фақат "стойкаси" билан бор" деб ўйлардим. Мана ҳозир бирга машғулот ўтказиб билдимки, фақат "стойка"да эмас партерда, курашда ҳам, умуман ҳар томонлама кучли спортчи экан.
- Маҳмуд Муродов билан қандай танишгансиз?
- Нукусда ММА бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Турнирда биз биринчи ўринни эгалладик. Ўшанда бизни Муродовни ўзи тақдирлади. Шундан кейин биз ака-укадек бўлиб кеттик.
Маҳмуд Муродов UFC'да жанг қилади, лекин суҳбатлашганингизда оддий, саммимий инсон эканлигига амин бўласиз. Бунга биргина мисол, эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатида Ҳусанни курашини эрталабдан то тугагунга қадар кузатиб борди, ёнимизда бўлди. Мана шу ишидан кейин Маҳмуд ака мен учун янада яқин инсонимга айланди.
Интервью давомида спортчимиз ММАга қандай қилиб келиб қолгани, бунга нима туртки бўлганини айтиб берди:
"2021 йил учун мени ҳеч қандай режам йўқ эди. Мен ўзимни курашдан бошқа спорт турида тасаввур қилолмаганман. ММАда қатнашиб ҳам кўрмаганман. ММА турнирида иштирок этишим беҳосдан содир бўлди. Осиё чемпионатига 5 кун вақт қолганида менда қизиқиш пайдо бўлди ва ўзимни ММА да синаб кўришга қарор қилдим. Укам ушбу спорт тури билан шуғуллангани учун у машғлотлар бошланганини айтиб қолди. Кейин, ҳозирги кучимдан унумли фойдаланиб, ММАда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.
ММАда одам умуман бошқача туйғуни ҳис қилар экан. Эркин курашдан бутунлай фарқ қилади бу спорт тури. Менга ММА билан шуғулланиш кундан-кунга ёқиб боряпти. Худо хоҳласа, Маҳмуд акамга ўхшаб UFC'да жанг қилиш ниятим бор. Агар мен эркин курашчи бўлмаганимда ва бу спорт турида мени орзуларим бўлмаганида ММАда қолардим. Лекин болалимдан ният қилган, эркин курашда эришмоқчи бўлган орзуларим бор. Мен ҳозир ҳам ММАга ўтиб кетишим мумкин, аммо мени орзуим бор. Ўша орзу амалга ошмагунча бошқа спорт турига ўтиб кетолмайман.
Суҳбатимиз якунида Ҳасанбой Раҳимов 2022 йилдаги режалари билан ўртоқлашди:
"2022 йилда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Ўзбекистонга Осиё ўйинларининг олтин медалини олиб келиш ниятим бор. Худо хоҳласа, ниятимга етиб, олтин медални юртимизга олиб келаман".
Хуршида Абдикулова ва Сарвиноз Рахмонқулова суҳбатлашди
Фикрлар