14 окт 11:38
Янгиликлар
Икки рус жамоасини мағлуб этган "Тошкент" "Шаҳарлар жанги" мусобақасининг 4-босқич ғолиби сифатида 5 млн долларлик Суперфиналга йўл олди + ФОТОГАЛЕРЕЯ
Ўн саккиз ёшгача бўлган дзюдочилардан иборат жамоалар ўртасида ташкил этилаётган ушбу мусобақага саккизта шаҳар мезбонлик қилиши белгиланган эди. Пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчаси турнирнинг тўртинчи босқичига мезбонлик қилди.

Турнир қоидасига кўра, Олий дивизионнинг саккизта минтақаси ғолиблари ва кумуш медаль соҳиблари Суперфиналга тўғридан-тўғри йўлланма оладилар. Учинчи ва тўртинчи ўринни эгаллаган жамоалар эса финалга чиқиш учун халқаро саралаш турнирларида курашни давом эттирадилар. Ҳар бир турнирда тўртта жамоа (иккитаси мезбон) иштирок этади.

"Шаҳарлар жанги" халқаро серияси 23 сентябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бошланди. Кейин эса Беларуснинг Минск, Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳарларида наватдаги босқич баҳслари ўтказилди.

Пойтахтимиз мезбонлик қилган тўртинчи босқичда "Тошкент", "Хоразм" ҳамда Россиянинг "Троицк" ва "Тюмень" жамоалари ўзаро баҳслашди.

Мусобақага фахрий меҳмон сифатида Россия дзюдо федерацияси вице-президенти Валентин Хабиров ташриф буюрди.

Натижаларга тўхталадиган бўлсак, "Тошкент" жамоаси "Хоразм" дзюдочиларини 13:8, "Тюмень"ни 13:4, "Троицк"ни эса 13:4 ҳисобида енгиб, тўртинчи минтақа ғолиби сифатида умумий мукофот жамғармаси 5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи Суперфиналга йўл олди. "Шаҳарлар жанги" Гран-При финали 2027 йилнинг 15-24 январь кунлари БААда ўтказилади.

Саралашнинг қолган баҳслари октябрь ва ноябрь ойларида Арманистоннинг Ереван, Мўғулистоннинг Улан-Батор, Туркиянинг Истанбул шаҳарларида ўтказилади. Халқаро саралаш серияси эса Сербия пойтахти Белград шаҳрида якунланади.



























Фикрлар