Унда 2018 йилда Шимолий
Корея пойтахти Пхеньянда бўлиб ўтиши лозим бўлган ёшлар ўртасидаги
жаҳон чемпионати Тошкентга кўчирилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Демак,
2018 йилда мамлакатимиз оғир атлетика бўйича иккита йирик мусобақага
мезбонлик қилади. 3-14 июль кунлари бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги
жаҳон чемпионатидан ташқари, апрелнинг 20-30 саналарида ўсмирлар
ўртасидаги Осиё чемпионати ҳам айнан Ўзбекистонда ташкил этилади.
Мазкур нуфузли
мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик, атлетларимизнинг халқаро
мусобақалардаги иштироки, қолаверса кўпчилик спорт ишқибозларини
қизиқтираётган мавзу – Олимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Руслан
Нуридинов хақидаги янгиликлар билан танишиш мақсадида биз Осиё оғир
атлетика федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон оғир атлетика
федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Яккакурашлар бўйича Республика
олий спорт маҳорати мактаби директори Шаҳрилло Маҳмудов билан эксклюзив
интервью уюштирдик.
- Шаҳрилло
Шарипович, Бухарестда бўлиб ўтган Халқаро оғир атлетика федерацияси
Ижроқўм йиғилишида келаси йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати
мезбонлиги Ўзбекистонга топширилди. Аслида мазкур нуфузли мусобақага
КХДР пойтахти Пхеньян мезбонлик қилиши керак эди. Айтингчи, жаҳон
чемпионати мезбонлиги нега Шимолий Кореядан олиб қўйилди ва мезбонликка
номзод бўлган давлатлар орасида Халқаро оғир атлетика федерацияси нега
айнан Ўзбекистонни танлади?
- Бу кўпроқ сиёсий
вазият билан боғлиқ ҳолат. Халқаро оғир атлетика федерациясига бугунги
кунда 190 та давлат аъзо бўлса, уларнинг 40 дан зиёди Халқаро
федерацияга расман мурожаат қилиб, жаҳон чемпионати ўтказилса Корея ярим
оролидаги сиёсий вазият сабаб Пхеньянга ўз терма жамоаларини юбора
олмасликларини маълум қилишди. Барчага маълумки спорт – тинчлик элчиси,
миллатлар ва халқлар ўртасидаги тотувлик, бағрикенгликни таъминлайдиган
қудратли воситадир.
Аммо шу билан бирга
мусобақалар ўтказиладиган шаҳарда энг аввало барқарор вазият ҳукм суриши
керак, шунингдек, унда иштирок этувчи спортчи, мураббий ва ҳакамларнинг
хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. КХДР жаҳон
чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини 2016 йилда Тбилисида бўлиб ўтган Ижроқўм
йиғилишида қўлга киритганди. Пхеньяндан ташқари уни ўтказиш учун Минск
(Белоруссия), Эйлат (Исроил), Анахайм (АҚШ) ва Тошкент (Ўзбекистон)
шаҳарлари кураш олиб борган эди.
Якунда овоз бериш
натижаларига кўра Пхеньян биринчи, Тошкент иккинчи ўринни эгаллаган ва
ўз ўзидан пойтахтимиз жаҳон чемпионати мезбонлигига захира варианти
сифатида кўрилганди. Шу боисдан ҳам Халқаро оғир атлетика федерацияси
КХДРни жаҳон чемпионати мезбонлигидан маҳрум қилгач, ўз регламентига
асосан уни Тошкент шаҳрига кўчириш хақида қарор қабул қилди. Яна бир
муҳим жиҳати шундаки, мамлакатимизда йирик мусобақалар, нуфузли халқаро
турнирларни юқори савияда ўтказиш тажрибаси мавжуд. Бунинг учун бизда
барча шароитлар бор.
Бу спорт мажмуалари
бўладими, меҳмонхоналар бўладими, барчаси жаҳон стандартларига жавоб
бера олади. Халқаро оғир атлетика федерацияси айнан шу жиҳатларни ҳам
ҳисобга олди. Қолаверса жаҳон чемпионатига қадар Ўзбекистон ўсмирлар
ўртасидаги Осиё чемпионатига ҳам мезбонлик қилади. Мазкур мусобақа 2018
йилнинг 20-30 апрель кунлари бўлиб ўтади. Даставвал қитъа чемпионатини
ҳам Тошкентда ўтказишни режалаштиргандик, аммо мамлакатимиз туризм
салоҳиятини юксалтириш, қолаверса вилоятларда ҳам ушбу спорт турини
янада ривожлантириш, ёшлар орасида оммавийлигини ошириш мақсадида Осиё
чемпионатини Урганч шаҳрида қабул қилиш масаласида Осиё оғир атлетика
федерациясига мурожаат қилдик.
Шуни алоҳида таъкидлаш
лозимки, Урганчда мусобақани юқори савияда ўтказиш учун ажойиб манеж
бор. Меҳмонхоналар масаласида ҳам муаммолар бўлмайди. Мусобақа
баҳонасида Урганч ва Хива шаҳарлари орасида махсус туристик автобус
маршрутлари ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу ўз навбатида юртимизга
ташриф буюрадиган юзлаб меҳмонлар, спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва
хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига Очиқ осмон остидаги музей
номи билан машҳур бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрига
экскурсиялар уюштириш имконини беради. Бу билан жонажон Ўзбекистонимиз
сайёҳлик салоҳиятини дунё аҳлига кўрсата олсак нур устига аъло нур бўлар
эди.
- Ўзбекистон оғир
атлетика федерацияси жаҳон чемпионатидек нуфузли мусобақани қабул
қилишга қанчалик тайёр? Халқаро оғир атлетика федерациясининг бизга
бўлган ишончини оқлай оламизми? Умуман бу борада федерация олдида қандай
режалар бор?
- Аввало шуни айтиб
ўтишни ҳоҳлардимки Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия
ва спорт давлат қўмитасининг ёрдамисиз биз халқаро майдонда бугунги
мавқеимизга эриша олмасдик. Ишончим комилки уларинг ёрдамида биз ҳар
иккала нуфузли мусобақани энг юксак савияда ўтказа оламиз. Яна бир муҳим
жиҳати шундаки, биз барча режаларимизни босқичма босқич амалга оширишни
мақсад қилганмиз. 2005 йилдан бери, яъни сўнгги 12 йил давомида
мамлакатимизда оғир атлетика бўйича ўндан зиёд халқаро мусобақалар,
турли семинар ва техник курслар ўтказилди.
2013 йилда Халқаро оғир
атлетика федерацияси ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлигини
бизга ишониб топширди ва ушбу мусобақа катта муваффақият билан ташкил
этилди. Мана энди насиб қилса, 2018 йилда Тошкентда ёшлар ўртасидаги
жаҳон чемпионатини қабул қиламиз. Демак, кейинги навбатда энди катталар
ўртасидаги жаҳон чемпионати кутиб турибди. Шуни ишонч билан айта
оламанки, бизда ушбу мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш учун барча
зарур шароит бор. Энг муҳими эса ҳукуматимиз томонидан бизга
кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамҳўрлик. Шундай экан, биз қитъа ва
жаҳон чемпионатини энг юқори савияда ўтказамиз.
- Рио-2016
Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Олимпия ўйинлари
рекордини янгилаган ва бу билан ўзбек оғир атлетикаси тарихида янги
саҳифа очган Руслан Нурудинов XXXI ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг шу
пайтга қадар дам олди. Яъни барча мусобақалар ва ҳаттоки машғулотлардан
озод этилди. У қачондан машғулотларни бошлайди ва Токио 2020 Олимпия
ўйинларида ҳам Риодаги муваффақиятли иштирокини такрорлай олишига
қанчалик умид бор?
- Руслан Нуридиновнинг
бугунги кундаги таътил ҳолати бу Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси
томонидан ишлаб чиқилган ўзига ҳос стратегия бўлиб, ундан кўзланган
асосий мақсад спортчимизни навбатдаги Олимпия ўйинларига асраш, 2020
йилда Токиога уни юқори спорт формасида олиб бориш ва кунчиқар юртда ҳам
унинг олимп шоҳсупасига кўтарилишига замин яратиш билан боғлиқдир.
Тўғри, Руслан 2016 йилнинг сентябридан бери оғир юкламали машғулотлар
ўтказмаяпти, лекин бу у спортни бутунлай ташлаб қўйди дегани эмас. У
бизнинг доимий назоратимизда тренажер залларида машғулот ўтаб турибди.
Кўпчиликка яхши
маълумки ҳар бир спортчининг профессионал фаолиятида юксалиш ва пасайиш
даври бўлади. Яъни бирор бир нуфузли халқаро мусобақа, бу жаҳон
чемпионати бўладими, Олимпия ўйинлари бўладими, уларда муваффақиятга
эришган спортчи бунинг учун тинимсиз машғулотлар ўтказиши, кўп
нарсалардан воз кечиши керак бўлади. Кейинчалик эса мусобақалардан сўнг
унинг организмида физиологик ўзгаришлар рўй бериши ва жисмоний ҳолати
пасайиши табиий ҳол. Руслан мисолида оладиган бўлсак, у Олимпия ўйинлари
чемпионлигига эришгунга қадар 4 йил давомида тинимсиз машғулотлар олиб
борди. Катта юкламаларга дош берди. Табиийки унинг организми ҳам
жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан анча толиқди. Уни бу йилги халқаро
мусобақалардан озод этганимизнинг асосий сабаби ҳам аслида шу.
-Яна бир муҳим жиҳати, 4
йиллик олимпия цикли якунлангач, навбатдаги циклга ўтиш даври, яъни
бўлажак Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг биринчи йилида спортчи руҳан
дам олиши, ўзи анчагина безиб қолган штангадан иложи борича нарироқ
юриши ва организмига бироз ҳордиқ бериши ниҳоятда муҳим аҳамият касб
этади. Ўзбек спортида кетма кет жаҳон чемпионлигига эришиб, ўз вазн
тоифаси ёки йўналишида дунёда тенгсиз бўлиб, кейинчалик Олимпия
ўйинларида кутилган натижани қайд эта олмаган спортчилар талайгина.
Мисол учун Байдарка ва
Каноэ спорт турида Вадим Меньков кетма кет икки марта жаҳон
чемпионлигини қўлга киритиб, Олимпия ўйинларида ҳам ғолибликкка асосий
даъвогар спортчилардан саналганди. Аммо айнан Олимпия ўйинларига келиб
унда пасайиш кузатилган ва кўзланган натижага эриша олмаганди. Ёки
бўлмаса дзюдочимиз Ришод Собировни олайлик, Ришод ўз вазн тоифасида
биринчи рақамли спортчи бўлиб, Лондондаги Олимпия ўйинлари олдидан икки
марта жаҳон чемпионлигини тантана қилганди, аммо Олимпия ўйинларида
фақат бронза медаллари билан чекланиб қолди. Ваҳоланки Ришоднинг
потенциали шак шубҳасиз Олимпия ўйинларининг олтин медалига тортарди. Бу
ҳолатни боксчимиз Аббос Атоев ва таэквондочимиз Дмитрий Шокин мисолида
ҳам кўришимиз мумкин. Улар ҳам ўз вазн тоифаларида дунёда энг кучли
спортчи сифатида қайд этилиб, жаҳон чемпионлигига эришишганди. Аммо
афсуски айнан Олимпия ўйинларига келиб уларда жисмоний жиҳатдан пасайиш
кузатилди.
Мен ҳозир санаб ўтган
спортчиларнинг ҳар бири шубҳасиз ўзбек спорти тарихида ўчмас из
қолдиришган. Аммо уларнинг тайёргарлигига стратегик жиҳатдан тўғри
ёндошилганида, ишончим комилки натижалар бундан-да яхшироқ бўлган бўлар
эди. Биз эса ана шу хатоларни такрорлашни истамадик ва Руслан
Нурудиновни Токио Олимпиадасига асрашни лозим топдик. Руслан режага кўра
шу йилнинг декабрь ойидан машғулотларга расман киришади. Чунки келаси
йили бизни Осиё ўйинлари ва Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи қатор
лицензион мусобақалар кутиб турибди. Руслан эса мазкур мусобақаларни
асло ўтказиб юбора олмайди. Мен шуни ишонч билан айтишим мумкинки,
аввало яратган бизни қўллаб қувватлаб турса, тайёргарлик жараёнини
кўнгилдагидек ташкил этсак, энг муҳими жароҳатлар атлетларимизни четлаб
ўтса Руслан Нурудинов худо ҳоҳласа Токиода яна олимп шоҳсупасига
кўтарилади. Қандай медални қўлга киритишини аниқ айта олмайман олтинми,
кумушми, бронзами, лекин у шоҳсупада аниқ бўлади.
- Сўнгги йилларда
ўзбек оғир атлетикасида айтиш мумкинки “олтин авлод” шаклланди. Руслан
Нурудиновдан ташқари Иван Евремов, Рустам Джангабаев, Улуғбек Алимов,
Достон Ёқубов каби атлетларимиз бир қатор нуфузли харқаро мусобақаларда
муваффақиятли иштирок этишди. Қолаверса Фарход Собиров, Адҳамжон
Эргашев, Шаҳзод Худойберганов каби ёш полвонларимиз нафақат қиъамизда
балки жаҳонда ҳам ўз сўзларини айтишга улгуришди.Айтингчи, ўзбек оғир
атлетикасида ана шундай “олтин авлод”нинг юзага келиши энг аввало нима
билан боғлиқ?
- Бунинг энг асосий
сабаби мамлакатимизда давлатимиз томонидан спортга кўрсатилаётган юксак
эътибор, биз спортчиларга ҳукумат даражасида яратиб берилаётган
шароитлар деб бемалол айта оламан. Ўзингиз ўйлаб кўринг, дунёнинг қайси
давлатида спортни ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, спортчи ва
мураббийларни рағбатлантириш, уларнинг спортдан кейинги хаёти хақида
қайғуриш масалаларига биздаги каби эътибор қаратилади? Биргина 2017
йилнинг ўзида муҳтарам Президентимизнинг спортга оид бешта қарорлари
эълон қилинди. Эътибор беринг, бу фақат бир йилнинг ўзида эълон қилинган
соҳани ривожлантиришга доир қарорлар.
Оғир атлетика мисолида
кўрадиган бўлсак, 2009 йилда Ўзбекистон терма жамоаси дунё рейтингида
44-ўринда қайд этилганди. Қисқа давр мобайнида биз мисли кўрилмаган
юксалишга эришиб, дунё миқёсида кучли тўртликка кириб олдик. Ҳозирда
бирорта мусобақа йўқки ўзбекистонлик атлетлар унда медалларни қўлга
киритишмаса. 2017 йил ҳисобидан терма жамоамиз аъзолари Бокуда бўлиб
ўтган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”, май ойида Осиё чемпионати,
сентябрда Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида иштирок
этишди ва уларнинг барчасида муносиб қатанашиб, юртимизга медаллар
шодаси билан қайтишди.
Фарходбек Собиров ёшлар
ўртасида кетма кет иккинчи марта жаҳон чемпионлигига эришди. Яна бир
эътиборли томони, биз бу йилги мусобақаларда айтиб ўтганимиздек асосий
атлетимиз, Олимпия ўйинлари чемпиони Руслан Нурудиновсиз иштирок этдик.
Унинг вазн тоифасида Ашхободда Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор
бўлган Иван Ефремов қайд этган натижа бемалол жаҳон чемпионатида медаль
кафолатлайди. Шунингдек, Фарход Собировнинг натижаси ҳам жаҳон
чемпионатида шоҳсупага кўтарилиш учун етарли бўлади. Бу ўз навбатида
Руслан Нурудиновга ҳам ўзига ҳос рақобатни юзага келтиради. Биз эса
соғлом рақобат тарафдоримиз.
Жорий йил ҳисобидан
олдимизда сўнгги имтихон қолди. У ҳам бўлса 28 ноябрь - 6 декбрь кунлари
оралиғида АҚШнинг Калифорния штати, Анахайм шаҳрида бўлиб ўтадиган
катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати. Терма жамоамиз йилнинг энг нуфузли
мусобақасида 10 нафар спортчи билан иштирок этади. Уларнинг саккиз
нафарини йигитларимиз ташкил этса, икки нафар қизимиз ҳам жаҳон
чемпионатида чиқиш қилишади. Ҳозирда спортчиларимиз мураббийлар штаби
билан мазкур мусобақага қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Умид қиламанки,
жаҳон чемпионати ҳам биз учун омадли келади ва барчамиз йилни муносиб
тарзда якунлай оламиз.
- Бокуда бўлиб
ўтган “Ислом бирдамлик ўйинлари”, шунингдек Ашхобод шаҳри мезбонлик
қилган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида оғир
вазндаги полвонимиз Рустам Джангабаев кўпчиликда жуда илиқ таассурот
қолдирди. У нафақат олтин медалларга эга чиқди, балки мусобақа рекордини
ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Ўзбек оғир атлетикаси мухлислари бундан
буёғига Рустам, қолаверса тажрибали Иван Ефремов, ёшлар ўртасида жаҳон
чемпиони Фарходбек Собировдан Олимпия ўйинларининг медалларини ҳам
кутишга хақлимилар?
- Албатта хақлилар,
биз ҳам бу борада маълум ишларни олиб бормоқдамиз. Аслида Токио 2020
мусобақасига тайёргарликни Рио-2016 Олимпия ўйинларига кетишдан аввал
бошлаб юборганмиз десам асло муболаға бўлмайди. Чунки энг аввало терма
жамоага муносиб захира яратишни мақсад қилгандик. Адҳам Эргашев,
Фарходбек Собиров, Шаҳзод Худойберганов, Рустам Жангабаев каби
атлетларимиз ана шу олиб борилган ишлар маҳсули десам хато бўлмайди.
- Спортда барча нарса
мақсадга боғлиқ. Бир пайтлар биз мусобақаларда кучли ўнликка киришни
мақсад қилган бўлсак, ҳозирда фақат медаллар учун кураш олиб
бормоқдамиз. Оғир атлетикада ҳар бир мусобақада “А”, “В”, “С” тоифалари
бўлади. Шукрки, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирда исталган мусобақада
фақат “А” гуруҳида кураш олиб боради. Бу эса дунёнинг энг кучли 10 та
атлети қаторида медаллар учун курашиш имконини беради. Токио
Олимпиадасида ёшларимиздан умидларимиз катта.
Мисол учун икки карра
жаҳон чемпиони Фарходбек Собиров ҳозирда 20 ёшда. 2020 йилда эса у 23
ёшда бўлади. Яхши маълумки, катта спортда айнан 22-25 ёш
профессионалликнинг энг навқирон даври ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб
айтадиган бўлсак Токиода Адҳам Эргашев, Фарходбек Собиров, Шаҳзод
Худойберганов, Рустам Жангабаевлар Руслан Нурудинов, Иван Ефремов,
Улуғбек Алимов, Достон Ёқубов каби тажрибали атлетларимизга чин маънода
таянч бўлишади. Шундай экан кунчиқар юртда бўлиб ўтадиган XXXII ёзги
Олимпия ўйинларида натижаларимиз янада яхшиланишига ишонаман.
- Шаҳрилло
Шарипович, мазмунли суҳбат учун сизга раҳмат. Олдинда турган муҳим
мусобақаларда сизга ва сиз орқали Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси,
терма жамоамиз мураббийлар штаби ва албатта атлетларимизга омад ва
муваффақиятлар тилаймиз. Ўз навбатида сизлардан жаҳон чемпионати ва
Олимпия ўйинларининг медалларини кутиб қоламиз.
- Раҳмат...
Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди
Фикрлар