17 ноя 16:48
Янгиликлар
Махачқалъада самбо бўйича Россия чемпионати совриндори отиб кетилди. Нималар маълум?
31 ёшли Вацилов Давудов 14 ноябрь куни Махачқалъада вафот этди.
«Известия» хабар беришича, самбо бўйича Россия чемпионатининг бронза медали совриндори бошидан ўқ жароҳати олган. Уни шифохонага олиб боришга уринишган, аммо ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Қотиллик ҳақида нималар маълум?
«Известия» ва «112» Telegram-канали маълумотларига кўра, ҳодиса Махачқалъадаги «Маракеш» банкет зали яқинида содир бўлган. Давудов байрам тадбирида бўлган, кўчага чиққанида эса ўтиб кетаётган машинадан унга қарата ўқ узишган.
Ҳужум қилганлар қора рангли Toyota Camry машинасида ҳаракатланган бўлиши мумкин. Ўқлардан бири спортчининг бошига теккан. Отишмадан кейин машина воқеа жойидан қочиб кетган. Гувоҳлар жароҳатланган Давудовни ўзлари тиббиёт муассасасига олиб боришга уринишган. ОАВ хабарларига кўра, у шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган.
Манба маълумотида айтилишича, полиция гумонланувчиларни қидириш учун «Перехват» режасини эълон қилган. Россия Тергов қўмитаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми («Қотиллик») бўйича жиноят ишини қўзғатган. Нашрнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳужумдан олдин маҳаллий аҳоли вакили билан можаро бўлган.
Ҳужум қилганларнинг шахси ва воқеанинг аниқ тафсилотлари ҳозирча маълум эмас. Гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида хабар берилмаган, жиноят сабаби эса расман очиқланмаган.

Вацилов Давудов ким бўлган?
Давудов 1995 йил 29 мартда Доғистоннинг Тлярата туманидаги Гиндоб қишлоғида туғилган. 2009 йилда Махачқалъага кўчиб ўтиб, дзюдо билан жиддий шуғуллана бошлаган. Уни спорт тўгарагига дзюдо ва самбо билан шуғулланган акаси Нажибула олиб борган. Вациловнинг устозларидан бири Россияда хизмат кўрсатган мураббий Шамиль Алиев бўлган.
Давудов Россия миқёсидаги илк йирик ютуғини 2015 йилда қўлга киритиб, 23 ёшгача бўлган дзюдочилар ўртасидаги мамлакат биринчилигида бронза медалига сазовор бўлган. Кейинги мавсумда Оренбургда ўтган Европа кубогида ғолиб чиқиб, финалда Рустам Амирметовни мағлуб этган.
Кейинги йилларда у самбо ва дзюдо бўйича мусобақаларда қатнашган. 2020 йил декабрь ойида Шимолий Кавказ федерал округи самбо чемпионлигини қўлга киритган, 2022 йил майида эса оғир вазнда дзюдо бўйича Доғистон чемпиони бўлган.
Давудовнинг энг катта ютуқларидан бири — 2023 йилда самбо бўйича Россия чемпионатида 98 килограммдан юқори вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритгани. Пермда ўтган мусобақада у Артём Осипенко, Антон Брачев ва Степан Солдатенков билан бирга совриндорлар қаторига кирган. Шу йили Вацилов халқаро мусобақаларда Россия шарафини ҳимоя қилган.
Дзюдо бўйича ҳам у Россия кубоги совриндорларидан бўлган. Хусусан, 2024 йилда Тюмень шаҳридаги мусобақада бронза медалини қўлга киритган. Спортчи сўнгги йилларда ҳам мусобақаларда иштирок этишда давом этган: 2025 йил майида Назранда Магомед Парчиев хотирасига бағишланган умумроссия турнирида учинчи ўринни эгаллаган.
Фикрлар