06 янв 15:06
Янгиликлар
Мутлақ жаҳон чемпионлик жанглари, узоқ кутилган қайтишлар ва келажак учун жанглар. 2023 йилнинг интизорлик билан кутилаётган ТОП-10 жанглари
2023 йилнинг интизорлик билан кутилаётган жанглар ТОП-10лиги билан танишинг.
Ислам Махачев — Алекс Волкановски
11 февраль куни Пертда навбатдаги UFC кечаси бўлиб ўтади. UFC 284 кечасининг марказий жангида енгил вазн чемпиони Ислам Махачев камарини ярим енгил вазн чемпиони Алекс Волкановскига қарши ҳимоя қилади. Бу жангда Ислам фаворит. Икки жангчи P4P рейтингининг биринчи поғонаси учун октагонга кўтарилади. Ислам Алекснинг юртида жанг қилишга розилик берди ва кўпчиликни олқишига сазовор бўлди.
Артур Бетербиев — Дмитрий Бивол
2022 йилда жуда кўп бор ташкил этилиши шарт деб айтилган тўқнашув. Энди боксчилар янги йилда ўзаро жанг қилишлари мумкин. Ҳар иккиси ҳам ҳали мағлуб бўлмаган. Иккита чемпион тўртта камар учун. Улар ўртасидаги жанг мутлақ чемпионлик учун бўлиши мумкин. Ҳар иккиси ҳам бу жангга рози, фақатгина жанг санаси ва манзилини келишиб олинса бўлгани.
Жон Жонс — Френсис Нганну
Яримўрта вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Жон Жонснинг октагонга қайтиши жуда чўзилиб кетди. У бир йилдан ошиқ вақтдан бери оғир вазнда дебют қила олмади. Энди у тайёр. Рақиб эса вазн чемпиони Френсис Нганну бўлади. Нганну ҳам UFC билан муаммоларини ҳал қилиб олди ва яна ташкилотда жанг қилишга тайёр. UFC раҳбари бу жангини UFC 285 кечасида ташкил қилишни режа қилган.
Тайсон Фьюри — Александр Усик
Миллионлаб мухлислар интизорлик билан кутаётган яна бир мутлақ жаҳон чемпионлик учун кечадиган жанг. Британиялик Усикни мағлуб этиш учун фаолиятини тиклаганини маълум қилди. Фьюрининг фикрича, унинг рақибида ҳеч қандай имконият йўқ. Жанг ташкилотчилари бўлажак жангни март ойида ташкил этишни режа қилишгани ҳақида хабар берилганди. 20 йилдан бери кутилаётган мутлақ жаҳон чемпионлик жангига ҳам жуда оз муддат қолгандек...
Валентина Шевченко — Аманда Нуньес
ММА оламининг мухлислари трилогия кўришни жуда исташмоқда. Сабаби кўпчилик бундан аввалги ҳар икки жангда ҳам Аманда Нуньеснинг ғалабасига шубҳа билан қарашади. Валентина ўзининг вазнидаги барча рақибларини «тозалаб» бўлди. Аманда эса Пеньядан камарини қайтариб олишга эришди. Энди навбат икки UFC чемпионларининг ўзаро жанглари.
Хамзат Чимаевнинг кимгадир қарши жанги...
Ҳа кўпчилик учун Хамзатнинг қайтиши жуда қизиқ. Биринчидан у жуда кўпларга «сакраб» қўйди ва жангсиз қолди. Иккинчидан Бернсга қарши жангидан сўнг унинг қудрати ҳақидаги афсоналарга шубҳа билан қарай бошлашди. Бу жанг орқали Хамзат ҳам оддий жангчи эканлиги ва уни ҳам октагонда қийнаб қўйиш мумкинлиги исботланди. Ҳозирча Хамзат қайси вазнда жанг қилиши номаълум бўлиб қолмоқда. У яримўрта вазн лимитини қилишда қийналмоқда. Ўрта вазнда чемпионлик учун жанг қилиши эса кўпчилик учун ғалати туйилмоқда. Аллақачон Колби Ковингтон унга қарши жанг қилмаслиги маълум бўлди. Ҳозирча унга рақиб йўқ, кўрамиз унинг навбатдаги «ўлжаси» ким бўлади?
Шари Буллетнинг UFC'даги дебюти
Ҳа сиз нотўғри ўқимадингиз? Шарабутдин Магомедов (11-0) ўтган йилни супер тарзда ўтказди ва 2022 йилда тўртта жангда иштирок этиб, барчасида ғалаба қозонди. Йил сўнггида эса у UFC билан шартнома имзолади. Шарининг жанг услуби кўпчилик ММА мухлислари учун ёқади. У ажойиб ҳаракат қилади ва тезда рақибини нокаут қилишга ҳаракат қилади. Дана яна бир «жавоҳир» билан шартнома имзолади ва кўплар уни тезроқ октагонда кўришни истамоқда.
Муроджон Аҳмадалиев — Стивен Фултон
Биринчи ярим енгил вазн тоифасида тўртта камарга эгалик қилувчи боксчилар ўртасидаги тўқнашувни миллионлаб ўзбекистонлик бокс мухлислари кутишмоқда. Ҳамюртимиз навбатдаги жангини Марлон Тапалесга қарши ўтказади. Агар бу жангда Муроджон ғалаба қозонса, навбатдаги жангини мутлақ жаҳон чемпионлиги учун Стивен Фултонга қарши ўтказиши мумкин. Умид қиламизки, кириб келган йилда Муроджон барча камарларни бирлаштиради ва яна бир бор Ўзбекистон тарихига киради.
Конор Макгрегор — Майкл Чендлер
UFC афсонаси сўнгги беш йил ичида атиги тўрттагина жангда иштирок этди ва фақатгина биттасида ғалаба қозонди. У бир неча бор фаолиятини якунлади ва яна қайтди. 2023 йилда мухлислар Конорни қайтишини интизорлик билан кутмоқда. Улар Макгрегор ва Чендлер жангини кўришни исташмоқда. Бу жангни UFC ҳам ташкил этишга рози эканлигини маълум қилди. Жанг бўлиши учун эса Конор USADA тестидан тезроқ ўтиши лозим.
Деонтей Уайлдер — Энтони Жошуа
Ҳар икки боксчи сўнгги жангларида омадсизликларга учрашди ва чемпионлик камарларидан маҳрум бўлишди. Бироқ ҳар иккиси ҳали ҳам бокс оламида энг кўзга кўринган вакилларидан ҳисобланишади. Уларнинг жанглари жуда кўплаб чемпионлик жангларидан кўпроқ мухлисларни қамраб олиши аниқ. Бу жанг катта афиша. Уларнинг ҳар иккиси ҳам бу жанг ташкил этилишга рози. Иккита дахшатли зарба соҳиблари. Битта зарба бутун бошли жанг тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган тўқнашув.
Фикрлар