22 май 08:25
Янгиликлар
Нганну бокс тарихидаги навбатдаги энг катта шоулардан бирида иштирок этиши мумкин, Фьюри бунга розими?
У катта учликдан бири - Энтони Жошуа, Деонтей Уайлдер ва Тайсон Фьюри билан жанг қилишни интиқлик билан кутмоқда.
Нганну жангга дастлабки тайёргарликларни бошлаб юборганга ўхшайди, сабаби у Тайсон Фьюрига: “Мен доим шу ердаман, Тайсон! Бу боксчиларнинг ҳеч бири жанг қилишни истамагани учун кел, биз буни амалга оширайлик", - дея ёзган.
Тайсон эса унга шундай жавоб қайтарди: "Мен сени дадангман ва сайёрадаги энг хавфли одамман. Камина сенга ҳаётингдаги энг яхши шартларни таклиф қилади. Катта серсери (безори). Шундай экан, шартномани имзола, катта аҳмоқ", - дейди британиялик боксчи.
Хабарингиз бор, Нганну яқинда PFL билан шартнома имзолади, унга кўра у янги промоушенда кейинги йилдан жангларни бошлайди ҳамда 2023 йил якунига қадар бокс қоидалари бўйича жанг қилиш имкониятига эга бўлади. Муаммо шундаки, Фрэнсис бир ярим йил давомида ММАда жанг ўтказмайди, бу муддат давомида спортчи табиий равишда ўз спорт формасини йўқотади.
Албатта, Нганну ўз келажагини таъминлаш мақсадида ММАда кўтарилиш орқали ташкилотдан янги шартнома кутаётганини тушунса бўлади ва энди у “тоза” виждон билан Фьюрини таъқиб қилмоқда. Сабаби, бу у учун сўнгги имконият бўлиши мумкин. Ўз навбатида Фьюри ҳам бўш келмаслиги бор гап. У март ойида Усик билан жанг қилиши керак эди, бироқ ўшанда жанг бекор бўлганди. Тайсон ҳам “эл қатори” ижтимоий тармоқларда анчагина фаоллашиб қолди. “Чарм қўлқоп устаси” охирги кунларда Усик, Жонс ва UFC шарҳловчиси Жо Роганга ҳам “сакраб кўрди”.
Бу икки спортчи ўртасидаги жанг биринчи навбатда Фрэнсисга керак. Боиси, у боксга пул ишлаб олиш учун кирмоқда, бу ҳеч кимга сир эмас. Агар бундай бўлмаганида, биз Нганнуни анча олдин бокс рингида кўрган бўлар эдик. Тайсон учун ҳам бу фаолиятидаги энг катта гонорарни олиш имконияти. Британиялик боксчи анча муддатдан бери жанг қилмаётганини инобатга олсак, у бундай “комфорт”дан максимал фойда чиқаришга уриниб кўрса не ажаб.
Яна бир жиҳат шундаки, Фьюри билан дуэлда Фрэнсис унчалик кўп имкониятга эга эмас. ММАда камерунлик жангчи “қўрқинчли” зарба соҳиби сифатида танилган, аммо унинг бу жиҳати рингда унутилиб кетиши аниқ. Чунки боксда тамоман бошқа қоидалар, мезон ўлчови ҳам турлича ва тубдан юқори қарама-қаршилик каби омиллар африкалик жангчининг имкониятини пасайтириб юборади. Шунингдек, Тайсон жуда катта танага эга. Бунда уни уришни Нганну эплай олишига кафолат йўқ. Таъкидлаш жоизки, британиялик жангчи сайёрадаги энг кучли боксчилардан бири ва ҳозирга қадар у мағлубият аламини татиб кўрмаган.
Бироқ, юқоридаги омиллар Африка “ўғлони”ни ташвишга солмаса ҳам керак. Тайсон билан потенциал жанг натижасида у жуда катта суммага эга бўлади (мақсад ҳам шу) ҳамда ўз йўлига қайтгач, Дана Уайт олдига “бурни кўтарилган” ҳолда қайтишига шубҳа йўқ. Эҳтимол, Жонс ҳам карьераси якунида мўмайгина даромад топиш учун “Лўлилар қироли” билан шов-шувли жанг қилиши мумкиндир. Қолаверса, Тайсон ҳамда Жонс ижтимоий тармоқларда “даҳанаки жанг”ларни бошлаб юборишган, ахир...
Ҳабиб Жўрабоев тайёрлади
Фикрлар