26 авг 13:17
Янгиликлар
Ўзбекистон крикет федерацияси Осиё крикети бошқарувидаги иштирокини янада мустаҳкамлади
Бу қарор Ўзбекистон крикети учун навбатдаги муҳим институционал босқич бўлиб, мамлакатимизнинг Осиё спорт ҳамжамиятидаги иштироки ва нуфузи изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Таъкидлаш жоиз, Осиё Крикет Кенгашининг (ACC) Инсон ресурслари ва ҳуқуқий масалалар қўмитасига Саудия Арабистони Крикет Федерацияси раиси, Олий Ҳазратлари шаҳзода Сауд бин Мишъал Ал Сауд раҳбарлик қилади. Қўмита таркибида Саудия Арабистони билан бир қаторда Сингапур, Бутан, Эрон ва Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон крикет федерациясининг ушбу нуфузли қўмита таркибига киритилиши нафақат миллий крикет учун муҳим эътироф, балки мамлакатимизнинг халқаро спорт ташкилотларидаги бошқарув, ҳуқуқий ва институционал жараёнларда бевосита иштирок этиш имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда спортни ривожлантириш, ёшлар учун янги халқаро имкониятлар яратиш ҳамда мамлакатнинг спорт дипломатиясидаги ўрнини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ана шу кенг имкониятлар ва давлатимиз томонидан спорт соҳасида олиб борилаётган изчил сиёсат доирасида Ўзбекистон крикет федерацияси ҳам қисқа муддат ичида халқаро интеграциянинг муҳим босқичларини босиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон 2022 йилда Халқаро Крикет Кенгаши — ICC аъзолигига қабул қилинди, кейинчалик Осиё Крикет Кенгаши — ACC сафига қўшилди. Бугун эса Ўзбекистон вакили ACCнинг муҳим бошқарув қўмиталаридан бирида фаолият юритиш имкониятига эга бўлмоқда.
Бу жараён Ўзбекистон крикети халқаро аъзоликдан фаол иштирокка, фаол иштирокдан эса Осиё крикети бошқарув тизимидаги муносиб вакилликка изчил ўтаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Крикет федерацияси олдига мамлакатда крикетни тизимли ва барқарор ривожлантириш, ёш авлод учун янги спорт имкониятларини яратиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро спорт ташкилотларидаги нуфузли ва конструктив иштирокини янада кенгайтириш вазифасини қўйган.
Мазкур натижа эса мамлакатимизда спорт ва ёшлар сиёсати учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали Ўзбекистоннинг Осиё ва жаҳон спорт майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги амалий қадамдир.

Ўзбекистон крикет федерацияси матбуот хизмати
Фикрлар