07 окт 09:14
Янгиликлар
Ўзбекистон крикет федерациясида янги тайинлов
Федерация раиси Азиз Михлиевнинг қарори билан фалсафа фанлари доктори (DSc), профессор Исомиддинов Юнусжон Юсуббоевич Ўзбекистон крикет федерацияси вице-президенти лавозимига тайинланди.
Янги тайинланган вице-президент кўп йиллик касбий фаолияти давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат бошқаруви органлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимларида фаолият юритиб, давлат ва жамоат бошқаруви соҳаларида салмоқли тажриба тўплаган.
Профессор Юнусжон Исомиддиновнинг илмий-педагогик фаолияти, бошқарув соҳасидаги тажрибаси ва турли тизимлардаги амалий кўникмалари федерациянинг келгусидаги фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Янги раҳбарият аъзосининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимизда крикет спортини янада оммалаштириш, ёшлар ва ўсмирларни ушбу спорт турига кенг жалб этиш, ҳудудларда крикет инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда спортчилар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон крикетининг халқаро спорт майдонидаги иштирокини кенгайтириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва миллий терма жамоалар салоҳиятини ошириш йўналишларида ҳам тизимли ишлар давом эттирилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон крикет федерацияси профессор Юнусжон Исомиддиновни янги лавозим билан муборакбод этади ва унга масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилайди.
Ушбу тайинлов федерация фаолиятини янада такомиллаштириш, бошқарув салоҳиятини кучайтириш ва мамлакатимизда крикет спортини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон крикет федерацияси матбуот хизмати
Фикрлар