05 окт 15:16
Янгиликлар
Президент Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни табриклади
Давлат раҳбари терма жамоанинг натижасини мамлакат спорти тарихидаги муҳим ютуқ сифатида эътироф этди.
Ўзбекистон делегацияси мусобақада 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза — жами 70 та медал қўлга киритиб, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ҳамда Ислом бирдамлик ташкилоти мамлакатлари орасида энг юқори натижани қайд этди. Мусобақада Осиёнинг 45 давлатидан қарийб 11 минг спортчи иштирок этди.
Президент каратечи Абдулваҳоб Рашидов, каноэчи Шоҳсанам Шерзодова ва спорт гимнастикаси вакили Ўткирбек Жўраевнинг ўз йўналишларида Ўзбекистон учун Осиё ўйинларидаги илк олтин медалларни қўлга киритганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Суҳроб Хўжаев босқон улоқтиришда Ўзбекистон тарихидаги илк Осиё ўйинлари олтин медалини олди. Баландликка сакрашда Барнохон Сайфуллаева 1,90 метр натижа қайд этиб, олтин медал билан бирга шахсий рекордини ҳам янгилади. Шарифа Давронова ва Абдумалик Халоков икки карра, бадиий гимнастикачи Тахмина Икромова эса уч карра Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Оғир атлетикачи Акбар Жўраев 197 килограмм натижа билан жаҳон ва Осиё рекордини янгилади. Ўқ отиш бўйича Владимир Свечников эса ушбу спорт турида Ўзбекистон учун Осиё ўйинларидаги илк олтин медални қўлга киритиб, мусобақа рекордини ҳам ўрнатди. Дзюдочи Музаффарбек Тўрабоев +100 кг вазн тоифасида олтин медал олиб, Осиё ўйинларида икки хил вазн тоифасида чемпион бўлган илк ўзбекистонлик дзюдочига айланди. Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида Япониядан кейин иккинчи ўринни эгаллади.
Ўзбек курашида эса 6 та олтин медалнинг тўрттасини Аҳрор Зиёдуллаев, Шоҳруххон Бахтиёров, Ибодатхон Агожонова ва Покизахон Камолдинова қўлга киритди.
Мирзиёев спортчилар, мураббийлар, уларнинг ота-оналари ва мухлисларга миннатдорлик билдириб, Аичи-Нагояда тўпланган тажриба Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларига тайёргарлик учун муҳим замин бўлишини таъкидлади.
"Сизлар Осиё ўйинларидаги ғалабангиз билан Янги Ўзбекистонда Олимпия ҳаракати ривожи янги босқичга кўтарилгани, бу йўлда янги олтин авлод шаклланганини бутун дунёга намоён этдингиз", дейилади Президент табригида.
Фикрлар