10 окт 13:14
Янгиликлар
Расман! Лаша Гуджеджиани билан тўрт йиллик шартнома имзоланди
Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ва Лаша Гуджеджиани келишув шартномасига имзо чекишди. Швейцарияда ўтган Lausanne Grand Slam 2026 турнири Лаша Гуджеджиани учун терма жамоамиз бошқарувидаги илк мусобақа бўлган эди. Лозанна турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан дунёнинг 77 давлати орасида Топ-6`таликдан жой олганди.
Шунингдек, Япония давлати мезбонлик қилган ХХ Осиё ўйинларида терма жамоамиз 2 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг иккинчи ўринни банд этди.
Маълумот учун, Лаша Гуджеджиани Ўзбекистонга келгунига қадар беш йил давомида Грузия терма жамоаси бош мураббийи бўлган. Унинг қўл остида Грузия Токио-2020 Олимпиадасида 1 та олтин, 3 та кумуш, Париж-2024 Олимпия ўйинларида эса 1 та олтин, 2 та кумуш медаль қўлга киритган. 2025 йилда эса унинг қўл остидаги Грузия жаҳон чемпионатининг жамоавий баҳсларида чемпион бўлиб, тарихий натижа қайд этди. Лашанинг ўзи спортчилик даврида икки бор жаҳон чемпионати совриндори бўлган.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси Лаша Гуджеджианига омад ва зафар тилайди. Ўйлаймизки, янги мураббий қўл остида терма жамоамиз олдиндаги нуфузли мусобақалар, хусусан Лос-Анжелес-2028 Олимпиадасида тарихий натижаларга эришади.




Фикрлар