14 июн 18:05
Янгиликлар
Руслан Нуриддинов: "Энг кўп маошни футболчилар олади. Уларга яна нима керак?"
Олимпиада рекордчиси билан суҳбатимиз бир соатча давом этди. Кейин жараён дастхат улашиш ва фотосессияга уланиб кетди. Суҳбат турли мавзуларда бўлиб, уларнинг энг қизиқарлиларини эътиборингизга ҳавола қилиб борамиз. Дастлаб, футбол мавзуси...
- Мен шуни аниқ
биламанки, Англия клубларида умумжисмоний тайёргарлик бўйича алоҳида машғулот
ўтказилади, - деб сўз бошлади спортимиз ифтихори. – Футболчилар мажбурий равишда
тренажер залида ишлашади ва мураббийлар бу жараёнга жиддий тарзда эътибор
қаратишади. Билишимча, клубларимизнинг ҳаммасида ҳам бундай эмас экан. Хатто айрим гранд клубларимизда умумжисмоний тайёргарлик футболчилар учун ихтиёрий равишда берилган.
Тренажер залидаги ҳар бир машғулот футболчининг маълум бир мушакларини ривожлантириш учун мўлжалланган бўлади. Тез югуриш учун оёқ мушаклари бақувват бўлиши шарт. Бизнинг футболчилар нима учун узоғи билан 60 дақиқадан сўнг чарчаб қоляпти? Сабаби, оёқда куч йўқ. Томир тортишлар ҳам шундан. Зарбаларни ҳам кўряпсиз қандай ҳолда берилмоқда. Фақат кросс югуриш билан футболчи мукаммалликка эришмайди.
Яқинда сайтингизда
Руслан Чагаев меҳмон бўлганида Германиянинг “Шальке-04” клубига мастер класс,
яъни маҳорат сабоғи ўтказгани ҳақида ўқидим. Жуда қизиқ лойиҳа. Агар менга олий
лига жамоаларимиз шундай таклиф билан чиқишса, бунга рози бўлармидим? Менимча,
бу қўлимдан келмайди. Чунки, мен футболга қизиқмайман. Шунинг учун, бу
йўналишда махсус мутахассиснинг ишлагани маъқул.
Биласизми, энг кўп маошни айнан футболчилар олишади. Уларга яна нима керак? Лекин натижа йўқ. Балки, футболчилар билан ҳам худди бизда бўлгани каби муносабатда ишлаш керакдир. Яъни, олдин натижа, кейин пул. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон чемпиони бўлган футболчига машина бериляпти. Ўх-хў, агар оғир атлетикада ҳам шундай бўлса, менинг машиналарим сони қанчага етарди? Масалан, менга жаҳон чемпиони бўлганимдан кейин машина беришган.
Энди эътибор беринг, футболчиларимиз жаҳон чемпиони бўлишди. Уларга марс сайёрасини совға қилишаркан-да! Бу нарсанинг амалга ошмаслиги аниқ. Чунки, биз ҳали жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмаяпмиз. Мен шунчаки таққослаш учун бу мисолни айтдим.
Фикрлар