07 авг 12:45
Янгиликлар
Тақвим. Спортчиларимизнинг бугунги иштирокига доир
Асосий эътиборимиз дзюдо баҳсларига қараталиши тайин. Боиси, айнан дзюдо мусобақасида медаллар жамланмаси ўйналади. 66 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Ришод Собиров ўзининг учинчи Олимпиада медали сари юришини бошлайди.
Тошкент вақти билан соат 18:00дан эътиборан кундузги дастурдан ўрин олган саралаш баҳслари бошланади. Айнан шу вақтда Ришод Собиров беларуслик Дмитрий Шершанга қарши татамига чиқади.
Шунингдек, бугун 69 кг вазн тоифасидаги боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов ҳам илк жангида рингга кўтарилади. Бу Шаҳрам учун Олимпиададаги дебют жанг бўлади. Бухоро бокс мактаби тарбияланувчиси Тошкент вақти билан соат 01:45да испаниялик Йоуба Ндьяе Сиссокога қарши рингга чиқади.
Рио-2016 ўйинларининг стол тенниси мусобақасида иштирок этаётган ягона ҳамюртимиз Зоҳид Кенжаев бугун иккинчи учрашувини ўтказади. Бизнинг вақт билан соат 18:00да у Лиам Пичфордга қарши баҳсларга киришади. Кеча Кенжаев чехиялик Любомир Янкарикни 4:2 (8:11, 11:2, 13:11, 11:6, 8:11, 11:9) ҳисобида мағлуб этганди.
Ўзининг тарихий еттинчи Олимпиадасида иштирок этаётган ҳамюртимиз Оксана Чусовитина ҳам айнан бугун баҳсларга киришади. Олимпиада тарихига кирган 41 ёшли вакиламиз спорт гимнастикасининг таяниб сакраш мусобақасининг саралаш баҳсларида қатнашади.
Академик эшкак эшиш мусобақасида Шаҳбоз Холмирзаев ўтиш
турнирида яна бир бор ўз имкониятини синовдан ўтказади. Мамлакатимизнинг
биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин эса Тошкент вақтида билан соат 19:00да
испаниялик Давид Феррерга қарши кортга чиқади.
Фикрлар