UZ

Сўнгги янгиликлар

21:36Эртага 4 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида рингга кўтарилади (рўйхат) 0 21:14Элит ОЧЛ. ​Остон Ўрунов гол урган баҳсда "Персеполис" камбэк намойиш этди 0 20:51Ўзбекистон томони Осиё Олимпия кенгашидан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини бир йилга кечиктиришни сўрагани маълум бўлди 0 19:02Алжемейн Стерлинг: "Фаолиятимни UFC чемпиони сифатида якунлашни истайман" 0 18:39Арман Царукян: "Умид қиламанки, UFC 310дан сўнг буни эълон қилишади" 0 18:18"Реал" Асенсиога шартнома таклиф қилади 0 17:55Фьюри Усик билан реваншда неча кг вазн билан чиқиши айтилди 0 17:33Отабек Умаров бошчилигида боксчиларимизнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги кўриб чиқилди 0 17:20Пара Осиё ўйинлари-2025 ҳам Тошкентда ўтказилмайди 0 17:10Макгрегорнинг рафиқаси эрининг зўрлашда айбланганига қандай муносабат билдирди? 0 16:48Осиё Олимпия кенгаши ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги нима сабабдан Тошкентдан олинганига изоҳ берди 0 16:48Муҳаммад Салоҳ Рунига етиб олди 0 16:25"Чемпион бўлганимдан сўнг Оливейрага реванш бераман" - Царукян 0 16:02Мадримов нокаутга учратган Магомед Курбанов Тим Цзюни жангга чорлади 0 15:39UFC собиқ чемпионининг навбатдаги жанги санаси ва манзили маълум бўлди 0

31 дек 15:50
Янгиликлар

Бокс/ММА, Қизиқарли!

Тавсия қиламиз: 2021 йилда содир бўлган ўзбек боксига оид энг муҳим 10 та воқеа

Якунланаётган йилда ўзбек боксига оид қандай муҳим воқеалар бўлди?

2021 йил ҳам якунланмоқда. Тугаётган йил ўзбек боксида интригаларга бой бўлди. Ҳаваскор боксчиларимиз дунё биринчилигини бой беришган бўлса, проф боксчиларимизда ҳам жиддий мағлубиятлар бўлди. Ташкилий томонлама эса бизни қувонтирадиган бир қатор воқеликлар ҳам бўлди. Olamsport.com сайти мазкур йилда ўзбек боксида содир бўлган муҳим воқеалар ўнлигини тузди.

Демак, 10-ўриндан бошлаймиз.

10. Жаҳон чемпионати мезбонлиги қўлга киритилди!

3 апрелдаги профессионал бокс оқшоми муносабати билан IBА президенти Умар Кремлёв Тошкентга ташриф буюрди. 2 апрель куни Миллий Олимпия Қўмитасида Кремлёв иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Ташкилот президенти 2023 йилдаги жаҳон чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга ишониб топширилганлигини маълум қилди. Бу ўзбек бокс жамоатчилиги учун катта янгилик дейишимиз мумкин. Чемпионатни қабул қилиш учун ташкилий масалалардан кўнглимиз тўқ бўлган ҳолда, "боксчиларимиз биринчиликни қайтариб оладими?" деган савол барчамизни қийнайди.


9. Нигина Ўктамова жаҳон чемпиони бўлган илк ўзбек қизи!

Апрель ойида Польшанинг Кельце шаҳрида ёшлар ўртасида жаҳон биринчилиги бўлиб ўтди. Унда иштирок этган қизлар терма жамоамизнинг икки нафар вакили финалга йўл олди. -54 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган самарқандлик Нигина Ўктамова финалда украиналик Кристина Лакичукни мағлуб этиб ғолибликни қўлга киритди. Бу орқали Нигина ўзбек боксчи қизлари ичида биринчи жаҳон чемпионига айланди. 


8. Исроил Мадримов WBА йўналишида якуний элиминатор жангида ғолиб бўлди!

17 декабрь. Тошкентда иккинчи катта профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди. Кечанинг асосий қаҳрамони Исроил Мадримов чемпионлик камари учун улкан қадам ташлади. Урилган бонгни эшитмаган реферининг хатоси ушбу жанг атрофидаги интригаларни янада авж олдирди. Дунё бокс ҳамжамиятининг айрим таниқли вакиллари Мадримовни дисквалификация қилиш, жангни қайта ташкил этиш таклифини ҳам илгари сурди. Сўнгги кундаги маълумотларга кўра, Соро томони WBА'га жангни қайта ташкил этиш тўғрисида «протест» берган. Исроилнинг ўзи эса сайтимизга берган интервьюсида реванш беришга тайёрлиги ҳақида гапирди.  Шунингдек: «Янги йилдаги режаларим ҳар тарафлама катта. Ин Ша Аллоҳ, шахсий ҳаётимда ҳам, спортчилик фаолиятимда ҳам катта янгиликлар бўлади», - дея қўшимча қилди «Тhe Dream».

Келаси йил Мадримов учун осон бўлмаслиги ва албатта барчамизни қувонтирадиган янгиликларга тўла бўлиши аниқ.


7. Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг мағлубияти!

12 декабрь. Қудратилло Абдуқаҳҳоров канадалик жиддий рақиб Коди Кровлига имкониятни бой бериб қўйди. Бу воқеа рейтингимизнинг юқорироқ ўрнида туриши мумкин эди. Негаки, мағлубиятсиз одимлаётган боксчимизнинг худди ўзи каби натижага эга рақибдан енгилиши бокс мухлислари кўнглини ранжитди.

«Қўлимдан келганини қилдим. Кучли бўлиб қайтаман», - деди боксчи жангдан сўнг сайтимиз мухбири билан суҳбатда. Шу даражага сабр билан етиб келган спортчи бундан кўпроғига эришишига шубҳа йўқ! Абдуқаҳҳоров ҳурматга лойиқ боксчи ва инсон. Бу боксчимиз мағлуб бўлган куни ҳам ижтимоий тармоқларда унга нисбатан бирорта салбий фикр билдирилмагани, барча бирдек қўллаб-қувватлаганида яна бир бор исботланди. ОАВ эътиборидан, турли интригалардан ва ортиқча пиардан ўзини бироз тортиб юрадиган чарм қўлқоп устамиз бир неча кун аввал Тошкентга қайтиб келди. Аэропортдан Абдуқаҳҳоров ёлғиз чиқаётгани, ғолибликдаги тантаналарнинг йўқлиги яна кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Боксчи Инстаграм саҳифасида жангдан видеолавҳа жойлади ва: ”Муносиб мағлубият шубҳали ғалабадан юз баробар қимматроқ”, - дея изоҳ қолдирди. Ҳа, боксни ҳурмат қиладиган инсон учун кўчадаги одам ҳам ура оладиган «боксчи»ни нокаут қилгандан кўра, муносиб рақибга енгилиш афзал, аслида.


6. Жаҳон чемпионатини олтинсиз якунладик...

25 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербия мезбонлигида дунёнинг энг кучлилари аниқланди. Тўлиқ таркиб билан иштирок этган терма жамоамиз якунда олтинсиз қолди. Баъзи жангларда ҳакамларнинг адолатсизлиги панд берган бўлса, айрим жангларда айнан шу баҳона билан ўзимизни овитдик, гўё. Олимпиададан кейин шундоқ ҳам ҳафсаласи пир бўлган мухлисларнинг «нафаси ичига тушиб кетди». Ёдингизда бўлса, сайтимизда Олимпиада якуни ҳақида тахлилий мақола эълон қилинган эди. Ўша материалда таркиб ҳақида гапириб, агар жаҳон чемпионатида ҳам ҳеч нарса ўзгармаса, мураббийларга истеъфо ҳақидаги саволни биринчилардан бўлиб ўзим бераман дегандим. Мураббийлар танқид қилинган боксчиларни эмас, нисбатан мухлислар сўраган таркибни олиб борганига қарамай, жаҳон чемпионатида натижа яхшиланмади. Бу вазият керакли шахслар учун кучли сигнал бўлди, деган яхши гумондамиз. 

Мадияр Саидраҳимовнинг бронзасини олтиндек қабул қилдик. 2020 йилги республика чемпионатида ярим финал олдидан Мадияр: ”Мақсадим - Санжар Турсуновни енгиб, вазнимда биринчи эканлигимни исботлаш”, - дея интервью берганди. Ҳа, у Турсунов устидан ғалаба қилсам асосий таркиб боксчиси бўламан, деб ўйларди. Нима бўлганда ҳам шунча муддат катта рингларда бўй беришини кутган боксчимиз медалсиз қайтмаганидан, ўзини биринчи эканлигини исботлаганидан қувондик. 

Абдумалик Халаков чемпионат якунланганидан сўнг сайтимизга катта интервью берди. Финалдаги мағлубият вақтида бўлган муносабатлар ва кутиб олиш жараёни ҳақида бироз хафа бўлиб гапирган боксчимиздан фақатгина олтин медаль кутгандик. Мағлубият ва интервьюдан кейин қандай муносабатлар бўлишига қарамай, ишонамизки, Абдумалик бундан кейин ҳам нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон рингларида ҳам кучлилигини, бокс ҳақиқий санъат эканлигини исботлашда давом этади.

«Чўкаётган одам ҳасга ҳам ёпишади» - Ишонган боксчиларимиз бирин-кетин тўхтаётганини ҳазм қилолмаётган бокс жамотчилиги Тўлқин Қиличевнинг мураббийлар штабида бўлмагани ҳам жамоа руҳиятига салбий таъсир ўтказгани ҳақида гапирди. Балки… Балкиларимиз кўп. Журналистлар, мухлислар ғалабада спортчиларимизни кўкка кўтарамиз. Енгилганида танқид қиламиз. Мағлубият сабабларини ёки сабабчиларини қидиришга уринамиз. Негаки, шу сабаблар ечим топиб, боксчиларимизнинг жойи фақат шоҳсупада бўлишини бошқалардан кам хоҳламаймиз. Хуллас, 2021 йил ўзбек ҳаваскор бокси учун «Ҳакамлар йили» бўлди.


5. Илк бор оғир вазнли боксчимиз Олимпиада чемпиони бўлди!

8 август. Баҳодир Жалолов Олимпиада чемпиони! Бокс терма жамоамизнинг Токиодаги ягона медали қўлга киритилди. Бу тарихий натижа ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Бу шунчаки, Жалоловнинг узоқ йиллик меҳнатининг меваси. Ҳақиқий чемпионлар ҳеч кимга сўз қолдирмай шоҳсупага кўтарилади. Унгача ҳеч ким оғир вазн тоифасида Олимпиада чемпиони бўлмаган. Президент билан учрашувда Тўлқин Қиличев бу ҳақида фахр билан гапирди.


4. Шоҳжаҳон Эргашевнинг Салиму Женго билан шов-шувли жанги!

11 июнь. Тошкент. Проф боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев илк бор Ўзбекистонда жанг қилди. Африкалик Салиму Женго билан учрашув реферининг нопрофессионаллиги туфайли илк раунддаёқ якунига етди. Эргашев жангни давом эттириш ниятини билдирди. Бироқ, рефери кейинроқ берган интервьюсида «Женгонинг кўзлари ола-кула бўлиб қолганди». Боксчилар узоқ муддат рингдан чиқишмади, бу орада томошага келган мухлислар Эргашевдан чипта пулларини қайтариб беришни талаб қила бошлашди. Ҳақоратли сўзлар унинг ортидан эса ичимлик идишлари ринга томон улоқтирилди. Эргашевнинг жамоаси мухлисларнинг «баклашка ёмғири»дан ҳимоялаш учун боксчини ўраб олишди. Шу орада мухлислар орасида жанжал бошланиб кетди. "Shohjahon Promotions"нинг илк бокс оқшоми рефери жангни тўхтатмагунича кўнгилдагидек ўтаётганди. Ҳамиша Шоҳжаҳон билан солиштириладиган Шаҳрам Ғиёсовнинг оқшомдаги иштироки интиргани янада кучайтирганди. 

Эртасига Эргашев Инстаграмда «Мен реферидан норозиман», - дея пост қолдирди. Женго эса «Тасаллидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Бу мени шу қадар қаттиқ азоблайди», - деб ёзди. Ҳа, бу оқшом ҳар икки боксчи, қолаверса мухлислар учун ҳам «минус» бўлди. Шоҳжаҳон Эргашевнинг мухлислар аудиторияси катталиги учун ҳам мазкур жанг катта шов-шувларга, танқидларга сабаб бўлди. Оқшомга чипта сотиб олган томошабинлар узоқ муддат бу жанг учун Эргашев мухлислардан узр сўраши кераклиги ҳақида гапириб юришди. Бироқ, боскчи бу гап-сўзларга муносабат билдирмади.


3. Ширин тушдан уйғонганимиз – Олимпиададаги мағлубиятлар!

Сўнгги Олимпиада ва жаҳон чемпионатидаги биринчилигимиздан сармаст бўлиб, Токиодан 3-4 та олтин кутгандик. Мирзаҳалиловнинг қўли кўтарилмагани ва Зоировнинг мағлубиятидан кейин терма жамоамиз учун кўп нарса тугагани маълум бўлди. Бутун бокс жамоатчилигининг устидан бир челак совуқ сув қуйиб юборилгандек эди. Натижалардан ранжиб айбланмаган одам ҳам, кимнидир айбдор қилмаган одам ҳам қолмади. Токиодаги мағлубиятлар ҳақида узоқ муддат куйиниб гапириш мумкин. Лекин ҳеч нарса ўзгармайди. Ва бир фикр қўрқитади: Ўзбекистон бокс терма жамоаси энди қайтиб биринчи бўла олмасачи?


2. Ўзбекистонда илк бор катта профессионал бокс оқшоми ўтказилди

Олимпиададаги қониқарсиз иштирокни ёдга олиб кўнгил бироз хира тортди. Ҳозирги поғонада эса боксимизга оид яхши гаплар ҳақида сўз юритамиз. Илк бор юртимизда йирик масштабдаги проф бокс оқшоми ўтказилди. Ундан ташқари бокс ихлосмандлари анчадан буён севимлилари – Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Иқболжон Холдаров каби чарм қўлқоп усталарининг жангларини бевосита томоша қилмай қўйгандилар. Оқшом ҳар томонлама юқори мақомда эди. Муроджон Аҳмадалиев илк ҳимоя жангини ўтказди. Мадримовнинг 12 раундлик жанги кечанинг ҳақиқий безагига айланди. Икки вакилимиз - Миразизбек Мирзаҳалилов, Иқболжон Холдаров профессионал рингда дебют қилди. Шоу манзили сифатида «Ҳумо Арена»нинг танлангани оқшом кўркига кўрк қўшди. Бокс кечасидан олдинги тадбирлар ҳам юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур турнир Ўзбекистонга ҳақиқий катта бокс муҳитини олиб кирди. Томошабинлар шунчаки мазза қилишди. Хуллас, бу оқшомда меҳр ва маъсулият бор эди.


1. Бектемир Мелиқўзиевнинг нокаутга учраши!

Ваниҳоят биринчи ўрин! 

20 июнь. Шоҳжаҳон Эргашев жангининг муҳокамалари тугамасидан янги мавзу пайдо бўлди. Бектемир Мелиқўзиев АҚШда тажрибали – Габриэль Росадодан нокаут қабул қилиб олди. Нега мағлубият биринчи поғонада? Якунланаётган йилда бокс билан боғлиқ яхши воқеалар ҳам бўлганди, дейишингиз мумкин. Ҳамма гап бу боксчи Бектемир Мелиқўзиев бўлганлигида. Ҳеч кимга сир эмас, кимгадир Шаҳрам Ғиёсов, кимгадир Баҳодир Жалолов ёқади. Бир неча боксчимиз борки, барчага бирдек севимли. Мелиқўзиев шулардан бири бўлгани учун ҳам бу мағлубият катта шов-шув бўлди. Унинг устига, ҳали ҳеч бир таниқли проф боксчимиз нокаутга учрамаганди. Хориж ОАВнинг ушбу жанг натижасини «Йил нокаути» дея бот-бот такрорлагани барчага оғир ботган бўлса керак. Чемпионлик камари учун тобора яқинлашаётган бир пайтда нокаутга учраши боксчини камида бир йилга ортга қайтиб, янада қаттиқроқ меҳнат қилишга мажбурлайди. Бу жанг билан боғлиқ бир нарса кўнгилни кўтаради: ҳамма боксчиларимиз Бектемирни қўллаб-қувватлагани, мухлисларнинг Бек ҳали кучли бўлиб қайтишига билдирган ишончи!

Ижтимоий тармоқларда у қадар ҳам фаол бўлмаган боксчимизнинг кайфияти қандайлигини билиш ҳаммани ўйлантираётган вақтда АҚШда бўлиб турган Муроджон Аҳмадалиев Бек ҳақидаги илк маълумотни берди. Сайтимиз орқали ушбу воқеага бошқа боксчиларимиз қандай муносабат билдиргани ҳақида материал ҳам эълон қилган эдик. «Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор» дейишади. Бу мағлубият қолган боксчиларимизга ҳам дарс бўла олса, мағлубиятдан эришилган ғолиблик шу бўлади.

Умумий қилиб қаралса, 2021 йил ўзбек ҳаваскор бокси учун ҳам, профессионал бокси учун ҳам ҳакамлар катта сахнага чиққан йил бўлиб ёдимизда қолади. 2022 йилда эса боксчиларимиз билан мағлубиятлар бўлмаслигига умид қиламиз.

Қардли бокс иҳлосмандлари, бу рейтинг ва фикрлар мутлақо шахсийдир. Сизнинг Топ-10лигингиз қандай? Изоҳларда ёзиб қолдиринг!


Сарвиноз РАХМОНҚУЛОВА тайёрлади.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг