29 окт 07:46
Янгиликлар
Тошкентда яна катта спорт байрами: Ислам Махачев ва Федор Емельяненко келадиган Жаҳон чемпионатига оз қолмоқда!
2026 йил 6–8 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти самбо бўйича жаҳон марказига айланади. Тошкентда йилнинг энг муҳим спорт мусобақаларидан бири — сайёрамизнинг энг кучли спортчиларини бирлаштирадиган юбилей, 50-жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Турнир медаллари учун дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан келган спортчилар кураш олиб борадилар.
Жаҳон чемпионатининг бош ҳамкори — «Газпромбанк», расмий ҳамкорлари эса «Роснефть» компанияси ва ВТБ банки ҳисобланади.
50-жаҳон чемпионатининг фахрий меҳмонлари самбо оламининг афсонавий намояндалари — турли мамлакатлардан бир неча бор жаҳон чемпиони бўлган спортчилар бўладилар. Улар орасида самбонинг жаҳондаги элчилари Фёдор Емельяненко ва Ислам Махачев ҳам бор.
"Тошкентда бўлиб ўтадиган 50-жаҳон чемпионати спортнинг куч-қудрати, техникаси, инклюзивлиги ва самбонинг бой анъаналарини энг юқори халқаро даражада намоён этувчи ёрқин спорт байрамига айланиши кутилмоқда. Юбилей турнирига спорт туримизнинг афсоналари — фаолиятини давом эттираётган ва спортчилик фаолиятини якунлаган кўп карра жаҳон чемпионлари таклиф этилган. Улар мусобақанинг тантанали очилиш маросими ва бошқа муҳим тадбирларда иштирок этадилар. Ушбу турнирда Фёдор Емельяненко ва Ислам Махачев каби самбонинг 25 нафарга яқин таниқли вакили иштирок этиб, нафақат жаҳон самбо тарихида, балки 50-жаҳон чемпионати тарихида ҳам ўз изларини қолдиришларига умид қиламиз", — деди Халқаро самбо федерацияси (ФИАС) президенти Василий Шестаков.
Мусобақалар Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида жойлашган замонавий "Жамоавий спорт турлари" аренасида ўтказилади. Жаҳон чемпионати дастуридан эркаклар ва аёллар ўртасида учта йўналиш — спорт самбоси, жанговор самбо ҳамда кўзи ожизлар учун самбо (SVI1 тоифаси — мутлақо кўрмайдиган спортчилар) ўрин олган. Уч кун давомида медаллар учун 33 та жамланма баҳслашилади.
"Бу йил ФИАС тарихида илк бор жаҳон чемпионати дастурига аёллар ўртасида кўзи ожизлар учун самбо мусобақалари киритилди. Бу инклюзивлик ва самбони глобал ривожлантириш тамойилларига содиқлигимизни таъкидловчи муҳим воқеадир. Ҳар бир спортчи энг юқори даражадаги мусобақаларда иштирок этиш имкониятига лойиқ эканига ишонамиз. Шу боис кўзи ожизлар учун самбо йўналишини ривожлантиришга янада кўпроқ имкониятлар яратмоқдамиз. Бу спортчилар ўзларининг фидойилиги ва истеъдоди билан бундай имкониятларга муносиб эканликларини исботлаганлар", — дея қўшимча қилди Василий Шестаков.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Халқаро самбо федерацияси Халқаро паралимпия қўмитаси (IPC) томонидан эътироф этилди ва ФИАСга IPC томонидан тан олинган халқаро федерация мақоми берилди. Ушбу эътироф федерациянинг кўзи ожиз ва заиф кўрувчи спортчилар учун инклюзив спорт тури сифатида самбони ривожлантиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
2026 йилги юбилей жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 363 000 АҚШ долларини ташкил этади.
Олтин медаль соҳиблари — 4 000 АҚШ доллари;
Кумуш медаль соҳиблари — 3 000 АҚШ доллари;
Бронза медаль соҳиблари — ҳар бирига 2 000 АҚШ доллари.
Асосий мусобақалар бошланишидан бир кун олдин, 5 ноябрь куни соат 18:00 да Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги биносида матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Унда Халқаро самбо федерацияси (ФИАС) президенти Василий Шестаков, самбонинг жаҳондаги элчилари Фёдор Емельяненко ва Ислам Махачев, Осиё самбо иттифоқи президенти Аламжон Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси президенти Алишер Алимов, шунингдек, Ўзбекистон Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси вакиллари иштирок этадилар.
Фикрлар