11 дек 15:17
Янгиликлар
Ёлланма аскарлар ёхуд Қозоғистон ва Ўзбекистон теннисини солиштирамиз (таҳлил)
Мазкур мақола орқали қўшниларимиз билан теннисдаги ҳолатимиз ҳақида ўзига ҳос таққослаш ишларини олиб боришга уриниб кўрамиз.
Қозоғистон теннис федерацияси президенти Булат Утемуратов:
"Биз сизнинг фарзандларингизни молиявий қийинчиликлар сабабли фаолиятини бошламай туриб тугатишини олдини олдик. Қозоғистон теннис федерацияси Президенти Булат Утемуратов "Советский спорт" мухбири билан учрашувда Қозоғистоннинг россиялик теннисчиларни оммавий равишда таклиф қилгани сабабларини муҳокама қилди.
Бир неча йил олдин Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда теннис ривожланиш дастурига имзо чекди, - дейди суҳбатни бошлаган Болат Жомитович. - Ҳозирда ҳар бир вилоятда замонавий теннис марказлари мавжуд. Болалар спортини ривожлантиришга катта кучлар ташланди, аммо Қозоғистонда ўсмирлар ҳавас қиладиган ва ундай бўлишга интиладиган ҳақиқий юлдузлар йўқ эди (бизнинг фикримизча ҳозир ҳам йўқ - Ҳ.М). Шунинг учун биз русларни таклиф қилиш қарорига келдик. Лекин биз сизнинг истеъдодларингизни ўғирламадик. Қозоғистонда ўйнашга рози бўлган болалар ва қизлар Россия терма жамоаси таркибига кира олмас эдилар. Ўша пайтда улар одатий машқ қилиш имконига ҳам эга эмас эдилар. Ҳа, тан оладиган бўлсак, ушбу теннисчилар Қозоғистоннинг ёрдамисиз ҳеч қачон бундай муваффақиятларга эришмаган бўлардилар.
Голубев Гамбург, Кукушкин Санкт-Петербургдаги йирик мусобақада ғолиб чиқди, Шведова "Уимблдон" ва АҚШ Очиқ чемпионатида жуфтлик баҳсларида ғолиб бўлди. Таклиф этилган барча нарсалар тренингни молиялаштиришдир. Қозоғистон ўқитувчилар учун маблағ ажратди, тўловлар, рейслар... Бори, шу! Ҳар бир спортчи пулларни турнирларда ишлаб топиши керак. Гарчи мен яширишни истамасам-да, рейтингда эгалланган ўринлар учун ҳам бонуслар тизими мавжуд, аммо бу оддий спорт имтиёзидир. Табиийки, сизнинг теннисчиларингиз ўсади. Қозоғистонда теннис жуда машҳур. Масалан, Зарина Дияс ўсди: 18 ёшда қиз "Кремль кубоги"нинг чорак финалигача етиб борди. Ҳозирги юлдузларга қизиққан бошқа иқтидорли болалар ҳам бор...".
12 апрел, 2012-йил. Журналист Николай Мисин.
Келинг энди рейтингларга мурожат қилайлик. Қозоғистонлик теннисчиларнинг "Топ5"лиги:
1)Михаил Кукушкин(74)
2)Александр Бублик(117)
3)Дмитрий Попко(224)
4)Александр Недовесов(259)
5)Денис Евсеев(547).
Ушбу рўйхатдан Қозоғистоннинг кучли 5 нафар теннисчиси жой олган ва улардан фақатгина Денис Евсеев Қозоғистонда туғилиб ўсган. Қолган спортчилар россияликлар ҳисобланади.
Андрей Голубев Гамбургдаги турнирда
Энди Ўзбекистоннинг "Топ5" теннисчилари билан танишинг:
1)Денис Истомин(63)
2)Санжар Файзиев(396)
3)Жўрабек Каримов(614)
4)Темур Исмоилов(826)
5)Ҳумоюн Султонов(942).
Бизнинг Денис Истомин Россиянинг Оренбург шахрида туғилган. Ҳа, фақат туғилган. Аммо, у ўзбек теннис мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади ва спортнинг ушбу тури кўникмаларини айнан бизнинг юртимизда ўзлаштирган. Қолган спортчилар ўзимизнинг ўзбек теннис мактаби тарбияланувчилари эканлигига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади.
"Девис Кубоги" норасмий жаҳон чемпионати рейтингида ҳам қозоғистонликлар юқорироқ жойлашган. Ҳа албатта, бу нарсалар ҳаммаси кучли легионерлар ҳисобигадир. Қозоғистон теннисчилари ҳисобида иккита ATP титуллари мавжуд. Юқорида айтиб ўтилганидек Голубев Гамбургда, Кукушкин эса Санкт-Петербург ғалаба қозонган.
Бизда Денис Истомин ҳисобида Ноттенгем ва Ченгду турнирлари ғолиблиги мавжуд. 2017 йилги мусобақаларни солиштирадиган бўлсак, Қозоғистонда 3 та "Челленжер" ҳамда 7 та "Фючерс" мусобақалари, Ўзбекистонда эса 4 та "Челленжер" ва 4 та "Фючерс" мусобақалари ташкил этилган.
Қўшниларимиз ташкил этган мусобақаларнинг умумий соврин жамғармаси 370 000 АҚШ долларига тенг. Ўзбекистон эса бу мусобақаларни ташкил этиш учун 425 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаган. Демак, кўриниб турибдики қўшниларимизда мусобақаларнинг сони кўп, бизда эса сифат устунроқ.
Истомин Ченгдудаги турнир ғолиби
Энди аёллар теннисига мурожат этсак. Қозоғистонлик энг кучли 5 нафар теннисчи:
1)Юля Путинцева(51)
2)Зарина Дияс (66)
3)Ярослава Шведова (289)
4)Гўзал Айнитдинова(421)
5)Галина Воскобоева(438).
Бу ерда Зарина Дияс ва Гўзал Аинитдиновалар асли Қозоғистонда туғилган спортчилар ҳисобланади. Қолганлар эса россиялик легионерлардир.
Ўзбек теннисчилари "Топ5":
1)Сабина Шарипова(163)
2)Нигина Абдураимова(300)
3)Оқгул Омонмуродова(375)
4)Албина Ҳабибулина(604)
5)Камола Умарова (796).
Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган қизларнинг барчаси Ўзбекистонда туғилиб, шу ерда теннис сир-асрорларини ўрганишган. Қозоғистон теннис федерацияси 2017 йилда жами ITF мусобақалари учун 215 000$ миқдорида пул сарфлаган. Ўзбекистон теннис федерацияси 4 ITF ва битта WТА мусобақалари учун 350 000$ сарфлаган.
Қозоғистон Федерация кубогида ҳам рейтингда биздан баландда жойлашган.
Энди икки давлаn теннисини умумий қилиб солиштирганда, Қозоғистон тенниси кучли ва катта бир мактабга эга эмас. Терма жамоа асосан четдан таклиф этиладиган теннисчиларга муҳтож. (Зарина Диясдан бошқа теннисчини эшитмаганман тўгриси). Демак қўшниларимиз пул сарфлаш орқали ўз рейтингларини ушлаб турибдилар.
Бизда эса мактаб мавжуд. Бунга мисол қилиб Ирода Тўлаганова(16), Оқгул Омонмуродова(50), Варвара Лепченко(19), Фарруҳ Дўстов(98), Илҳан Марсел(77) ва бошқа теннисчиларни кўрсатишимиз мумкин. Бу теннисчилар фаолияти давомида "Топ100" га кирган спортчиларимиздир. Фақат ушбу рўйҳатдан жой олган Варвара Лепченко ҳозирда АҚШ шарафини ҳимоя қилиб келади. Илҳан Марсел эса Туркия номидан турнирларда иштирок этади.
Шуни тан олишимиз керакки, бизнинг кучли теннис мактабимиз фақатгина пойтахтда. Агар федерация мана шу мактабга яна сармоя киритса ва вилоятларга ҳам эътиборни кучайтирадиган бўлса, яқин келажакда "Топ100"га кирган теннисчиларимизни санашга бармоқларимиз камлик қилиб қолади.
P.S. Биз бу мақола орқали қайсидир томонни оқлаш ёки қоралаш ниятидан йироқмиз. Бу шунчаки спорт ва унда кучлилар ғалаба қозонади. Мулоҳаза қилиш эса сиздан!
Ҳусниддин Мирзалиев тайёрлади
Фикрлар