UZ

Сўнгги янгиликлар

23:12Шавкат Мирзиёев - Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Отабек Умаров эса 1-вице президент! 0 18:43Билол Муҳаммад ҳозирги ҳолати ҳақида гапирди 0 18:22"Анкалаевни нокаут қилишни истайман"- Жамал Хилл 0 18:01"Реал" "Ливерпуль"га қарши ўйин олдидан жиддий йўқотишга учради 0 17:40Тайсон Фьюри: "Камарлар яна меники бўлади" 0 17:19Умар Двалишвилининг Ян билан жанг қилиш истаги ҳақида — "Ҳайрон қолмадим" 0 16:58Шавкат Раҳмонов октагонга чиқадиган UFC 310 турнирининг тўлиқ карди маълум 0 16:37Футбол тарихидаги энг яхши 10 нафар сардор 0 16:16Қозоғистон бокс терма жамоаси мураббийи: "Асосий рақиб - Ўзбекистон!" 0 15:55Мераб Двалишвили: "Петр Ян энг муносиб даъвогар!" 0 15:34Тошкентда ўтадиган Octagon 68 турнирининг марказий жанги эълон қилинди 0 15:13Сервер Жепаров нима учун Европада ўйнаш насиб қилмаганини тушунтирди + ВИДЕО 0 14:52Бивол - Бетербиев реванш жангининг эҳтимолий санаси айтилди 0 14:31Ёш стол теннисчиларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этишмоқда 0 14:10"Қанақа одамсан?" Двалишвили Умар Нурмагомедовга жавоб қайтарди 0

16 июн 18:02
Янгиликлар

Енгил атлетика

Ямайкалик "чақмоқ" - Усэйн Болт ҳақида!

Афсонавий енгил атлетикачи, кўп карра жаҳон ва Олимпиада чемпиони ҳисобланган ямайкалик спортчи Усэйн Болт ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга тақдим этамиз.


Усэйн Болт (ингл. Usain St. Leo Bolt) 1986 йилнинг 21 августида Ямайканинг Трелони округида  туғилган. Енгил атлетикачи. Асосан қисқа масофаларга югуради. 8 карра Олимпиада, 11 карра жаҳон чемпиони. 8 маротаба жаҳон рекордини ўрнатган. 100 метрда 9, 58 секунд, 200 метрда 19,19 секунд, 4х100 метр эстафетасида 36,84 секунд натижани қайд этиб, жаҳон рекордчисига айланган. 100 ва 200 метрларга югуриш бўйича дунёнинг энг тез спринтери.



100 ва 200 метрларга югуриш бўйича учта Олимпиадада кетма-кет (Пекин-2008, Лондон-2012, Рио-2016) олтин медални қўлга киритган. Ямайка спорти тарихида энг кўп олтин медални қўлга киритган спортчи.  Жаҳон чемпионатларида 11 та олтин медални ютиб олган биринчи инсон.

Исми ва тезкорлиги эвазига "Чақмоқ" лақабини олган. Спортчининг она тили - ямайча креол. Эътиқоди - христиан католик.

Болалиги

Бўлажак спортчи Ямайка шимолида жойлашган Шервуд-Контент қишлоқчасида, Женифер ва Уэлсли Болтлар оиласида туғилган. Оиланинг даромад манбаи озиқ-овқат дўкони ҳисобланарди.

У болалигида жуда шўх ва фаол бўлган. Унинг севимли ўйини крикет эди. Усэйн севимли ўйинини уйи олдида ўйнар, тўп ўрнида апелсиндан фойдаланарди.

Ота-она фарзандини Вальденсиядаги бошланғич мактабга берган. Айнан ўша вақтларда Усэйн енгил атлетика билан шуғулланишни бошлаган. Бошланғич мактабни тугатганидан сўнг 1998 йилда Уильям Нибб номидаги ўрта мактабда таълим ола бошлайди. Крикет бўйича мусобақаларда у мактабнинг енгил атлетика бўйича мураббийи Пабло Макнейл назарига тушиб қолади. Мураббий ёш спортчининг тезкорлигига қойил қолади ва Болтга крикетни ташлаб, енгил атлетикага ўтишни маслаҳат беради.



Спортдаги илк йиллари

2001 йилда у енгил атлетикадаги илк медалини қўлга киритади. Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Ямайка чемпионатида қаҳрамонимиз 200 метр масофага югуришда 22,04 натижани қайд этиб, иккинчи ўринни қўлга киритган.

2004 йилда Усэйн Болт янги мураббий Фиц Коулман қўл остида шуғулланишни бошлайди. 2004 йил 11 апрель куни у мусобақалардан бирида 200 метр масофага югуриш баҳсларида 19,93 натижани қайд этиб, ўсмирлар ўртасида 19 йиллик дунё рекордни қайд этади. У шунингдек, бу натижаси орқали 200 метрлик масофани 20 секунддан кам бўлган вақт ичида югурган илк ўсмирга айланади.

Ёзга келиб Болт жароҳат олади ва бир ойдан ортиқ шуғуллана олмайди. Июлга келиб у яна машғулотларга қайтади ва шуғулланишни бошлайди. Бироқ, яна оёғида оғриқни ҳис қила бошлайди. Ташҳис натижалари спортчининг тикланиши учун икки ҳафта вақт кераклигини кўрсатарди. Шу сабабли ҳам у ўшанда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган. Усэйннинг кейинги мусобақаси Афинадаги Олимпиада бўлганди. Бироқ, 4 йилликнинг энг нуфузли турнирида у яна оғриқ ҳис қила бошлади ва якунда саралаш босқичида яхши натижа кўрсата олмай, турнир билан ҳайрлашади.

2005 йилда у Глен Миллс машғулотлар гуруҳи аъзосига айланади. Унинг машғулотлардаги шериклари Ким Коллинз ва Дуэйн Чемберслар бўлди. Янги мураббийнинг илк қилган иши спортчидаги жароҳатлар сабабини аниқлаш эди. Миллс Усэйнни тиббий кўрикка юборади. Шифокорлар унга сколиоз диагнозини қўйишади. Шунингдек, Болтнинг ўнг оёғи чапига қараганда 1,3 см га кичик эканлигини аниқлайдилар. Улар Усэйнни спорт билан ҳайрлашиш эҳтимоли мавжудлигидан огоҳлантирдилар. Орада у германиялик таниқли ортопед шифокор назорати остида даволанади. Даволаниш курслари якунланганидан сўнг у яна машғулотларни бошлайди. Орадан бироз вақт ўтиб эса Ямайка чемпионати ғолибига айланади. 10 июлда Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари ўртасидаги турнирда чемпионатнинг янги рекордини қайд этиб, олтин медаль соҳибига айланади. Хельсинкида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг финалига етиб борган спортчи, ҳал қилувчи чиқишда дастлабки 60 метрдан сўнг оёғида қаттиқ оғриқни ҳис қилади ва финишга 26,27 натижа билан охирги бўлиб етиб боради. Жароҳати сабаб мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборишга мажбур бўлади. Ноябрь ойида эса у машинасида автоҳалокатга учрайди.

Шу билан 2006 йилнинг март ойида яна машғулотларга қайтади.

Биринчи дунё рекорди

2007 йилнинг 24 июнида Ямайка чемпионатида 19,75 натижани қайд этган Болт мамлакат чемпионига айланади. Ушбу натижа орқали у 1971 йилдан бери сақланиб келинаётган мамлакат рекордини янгилайди. Ушбу ғалаба Усэйнга Осакада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган таркибга кириб олиш имкониятини беради.

2007 йили бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ямайкалик спринтернинг фаолиятидаги иккинчи ЖЧ бўлганди. Болт ушбу чемпионатда финалгача етиб бориб, иккинчи ўринни эгаллайди. 4х100 эстафетасида жамоадошлари билан бирга ҳам кумуш медал соҳибига айланади.


Олимпиада-2008

Август ойи бошида Болт Пекин Олимпиадасида 100 ва 200 метр масофаларга югуриш баҳсларида иштирок этмоқчи эканлигини маълум қилди. Мусобақадаги илк иштирокини 15 август куни 100 метрга саралаш баҳсларида иштирок этиш билан бошлайди. Бу орада чорак финал, ярим финалларда иштирок этиб, ҳал қилувчи финал босқичига йўлланмани қўлга киритади. 16 августда бўлиб ўтган финал баҳсларида у Олимпиададаги илк олтин медалини қўлга киритади. Ўшанда у 9,69 секунд натижани қайд этиб, жаҳон рекордини ўрнатганди. Ўша югуришда Болт финишга 20 метр қолганида қўлиб билан кўкрагига уриб қўйганди. Кейинроқ, ХОҚ президенти спортчини ушбу ҳаракатини бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик сифатида кўрсатиб, танқид қилганди. Бироқ, Болтнинг ўзи бу мақтаниш эмаслигини айтиб ўтган. У 100 метрга югуриш баҳсларида илк ямайкалик Олимпиада чемпиони бўлган.

20 август куни у 200 метрга югуриш басҳларида 19,30 секунд натижани қайд этиб, яна дунё рекордини ўрнатади ва Олимпиадада ўзининг иккинчи олтин медалини қўлга киритади. 22 август куни эса эстафета баҳсларида учинчи олтин медални қўлга киритган (афсуски 2017 йилнинг январида унинг жамоадошида допинг аниқланган ва эстафетада чемпионликни қўлга киритган тўрттала спортчи ҳам олтин медалларни қайтариб беришга мажбур бўладилар).

2008 йилда Исинбаева билан биргаликда йилнинг энг яхши енгил атлетикачиси деб топилган.



Олимпиада-2012

2012 йилда Лондонда бўлиб ўтган Олимпиаданинг очилиш маросимида у Ямайка байроқдори бўлган.

4 август куни у 100 метрга югуриш баҳсларида Олимпиадалардаги тўртинчи олтин медалини қўлга киритади. 9 август куни эса 200 метрга югуриш бўйича яна дунёнинг тенгсиз спортчиси деб топилади. Олимпиаданинг сўнгги кунида эса у жамоадошлари блан бирга эстафета баҳсларида яна олтин медални қўлга киритади. Ўшанда тўғридан-тўғри эфирда Болт эстафета таёқчасини ҳакамга беришни истамагани намойиш этилганди. Кейинчалик, ўша таёқча спортчига эсдалик совғаси сифатида тақдим этилганди.



2012 йил якунларига кўра у фаолиятида тўртинчи маротаба йилнинг энг яхши енгил атлетикачиси деб топилган.

Олимпиада-2016

Риода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида у 100 метрга югуриш баҳсларида 9,81 секунд натижани қайд этиб, олтин медални қўлга киритган. У ушбу ютуғи орқали кетма-кет учта Олимпиадада олтин медални қўлга киритган илк спортчига айланади. Кейинроқ у 200 метрга югуриш ва эстафета баҳсларидаги олтин медални ҳам бегона қилмайди.

Шаҳсий ҳаёти

Айни пайтда Кингстонда яшайди. Вест-Индиа Университетининг енгил атлетика стадионида машғулотлар олиб боради. 2011 йилнинг охирларидан бошлаб модельер Лубица Куцерова билан учраша бошлади. Аммо, 2012 йилнинг майида томонлар ўзаро келишувга кўра ҳайрлашадилар. Лондондаги Олимпиада арафасида эса британиялик спортчи Меган Эдвардс билан танишиб қолади. Ўша йилнинг ўзидаёқ улар орани очиқ қиладилар.

Усэйн Болт дунёнинг энг бадавлат спортчиларидан ҳисобланади. ФОРБЕС журналининг 2012 йилги ҳисоб китобларига кўра у спортчилар ичида 20,3 миллион доллар даромад билан 63-ўринни эгаллайди. Ушбу сумманинг 20 миллионини реклама ва ҳомийлик шартномаларидан ишлаб топади. Шунингдек, у "Топ-100"ликка кирган ягона енгил атлетикачи ҳисобланади.

2011 йилда Кингстонда «Tracks & Records» номли ресторан очади.

"Манчестер Юнайтед" футбол клуби мухлиси ҳисобланади. 2011 йилда Болт енгил атлетикадан сўнг "Манчестер Юнайтед" футболчиси бўлиш истаги борлигини айтиб ўтди. Ўзининг фикрича, тезлиги яхши футболчи бўлиш учун ёрдам беради.



Мукофотлари:

Халқаро енгил атлетика федерацияси (IAAF) талқинига кўра йилнинг энг яхши енгил атлетикачиси (6): 2008, 2009, 2011, 2012, 2013, 2016.

"Track & Field News" талқинига кўра энг яхши енгил атлетикачи (2): 2008, 2009.

BBC талқинига кўра энг яхши ҳорижлик спортчи (3): 2008, 2009, 2012.

Laureus World Sports Award - йил спотчиси (2): 2009, 2010.

Ямайканинг энг яхши спортчиси: 2008, 2009, 2011, 2012, 2013.


Эришган ютуқлари:

2002: Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати, Кингстон - 200 метр - 1-ўрин

2002: Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати, Кингстон - Эстафета 4х100 м - 2-ўрин

2002: Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати, Кингстон - Эстафета 4х400 м - 2-ўрин

2003: Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати, Шербук - 200 м - 1-ўрин

2005: Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари чемпионати, Нассау - 200 м - 1-ўрин

2007: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Осака - 200 м, 2-ўрин

2008: Олимпиада, Пекин - 100 м - 1-ўрин

2008: Олимпиада, Пекин - 200 м - 1-ўрин

2009: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Берлин - 100 метр - 1-ўрин

2009: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Берлин - 200 метр - 1-ўрин

2009: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Берлин - Эстафета 4х100 метр - 1-ўрин

2011: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Тэгу - 200 метр - 1-ўрин

2011: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Тэгу - Эстафета 4х100 - 1-ўрин

2012: Олимпиада, Лондон - 100 метр - 1-ўрин

2012: Олимпиада, Лондон - 200 метр - 1-ўрин

2012: Олимпиада, Лондон - Эстафета 4х100 метр - 1-ўрин

2013: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Москва - 100 метр - 1-ўрин

2013: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Москва - 200 метр - 2-ўрин

2013: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Москва - Эстафета 4х100 метр - 1-ўрин

2015: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Пекин - 100 метр - 1-ўрин

2015: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Пекин - 200 метр - 2-ўрин

2015: Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати, Пекин - Эстафета 4х100 метр - 1-ўрин

2016: Олимпиада, Рио - 100 метр - 1-ўрин

2016: Олимпиада, Рио - 200 метр - 1-ўрин

2016: Олимпиада, Рио - 100 метр - Эстафета 4х100 метр - 1-ўрин


Википедия маълумотлари асосида Азиз Тўхтамуродов тайёрлади


P.S. Сайтимиз орқали яна қайси юлдуз спортчилар ҳақида мана шундай маълумотларни ўқишни истайсиз? Фикрларингизни ёзиб қолдиринг!

Рейтинг: +1   

Фикрлар

+1   
17 июн 00:07:02
Doniyor
Рожер федерер, рафаел надал, хуан мартин дел потро
   
17 июн 07:35:32
G'ayratjon
Federer haqida ko'proq yozinglar.
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг