07 июл 10:32
Янгиликлар
Ана холос! Қозоғистонлик жаҳон чемпиони рафиқасига нисбатан шафқатсиз зўравонликда айбланмоқда!
Orda.kz мухбирига изоҳ берган спортчи эса бу воқеа оиладаги узоқ йиллик муносабатлар инқирози ортидан келиб чиққанини таъкидлади.
Можаро ҳақидаги дастлабки маълумот Threads ижтимоий тармоғида жабрланувчининг опаси томонидан эълон қилинган.
Унинг ёзишича, 29 июндан 30 июнга ўтар кечаси ёки 1 июль куни синглиси турмуш ўртоғи Темиртас Жусупов томонидан қаттиқ калтакланган.
«Натижада у оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилди. Тиббий ҳужжатларда асфиксия, бош қисмида очиқ жароҳат, тиришиш ҳолати ва бош мия шиши қайд этилган. У ҳушсиз ҳолатда бўлган», — деб ёзди жабрланувчининг опаси.

Ақмола вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур аёл ҳақиқатдан ҳам 30 июнь куни кўп тармоқли вилоят шифохонасига ётқизилганини тасдиқлади. Уни юз-жағ жарроҳи ҳамда нейрожарроҳ кўрикдан ўтказган.
Расмий маълумотга кўра, шифокорлар унга ёпиқ бош-мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юз юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тирналишлар ташхисини қўйган. Шунингдек, тиришиш синдроми ҳам кузатилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, беморга жарроҳлик амалиёти талаб этилмаган. У нейрожарроҳлик бўлимига ётқизилган, бироқ эртаси куни даволанишни давом эттиришдан бош тортиб, тилхат ёзган ҳолда уйига жавоб берилган. Ҳозирда амбулатор тарзда даволанмоқда.
Ҳолат юзасидан полиция жиноят ишини қўзғатган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бироқ жабрланувчининг яқинлари тергов жараёнидан хавотир билдирмоқда.
«У қўлга олинганидан тахминан беш соат ўтиб қўйиб юборилди. Бу эса синглимнинг хавфсизлиги юзасидан жиддий хавотир уйғотмоқда», — дейилади мурожаатда.
Муаллиф адвокат сўзларига таяниб, етказилган жароҳатларнинг оғирлиги ва хусусияти бу ҳолат қасддан одам ўлдиришга суиқасдга кўпроқ ўхшашини таъкидлаган.
Шунингдек, у Темиртас Жусупов озодликка чиққанидан кейин ҳам рафиқасига таҳдид қилишда давом этганини билдирган.
«У ажрашадиган бўлса, ўлдиришини айтган. Шунингдек, ҳамма жойда танишлари борлигини таъкидлаган. Уни видеога олиб, руҳий касал сифатида кўрсатиш ва шу йўл билан болаларни олиб қўйишини айтган», — дея ёзган жабрланувчининг опаси.

У ваколатли органлардан синглиси ва жиянлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, воқеани ҳар томонлама ва холисона тергов қилишни сўраган. Унинг таъкидлашича, Темиртас Жусупов Жаҳон ва Осиё чемпиони ҳисобланади ва бундай жисмоний тайёргарликка эга инсон оилавий зўравонлик учун янада каттароқ масъулиятни ҳис қилиши лозим.
Темиртас Жусупов эса телефон орқали берган интервьюсида оилавий можаро бўлганини тасдиқлади. Шу билан бирга, унинг айтишича, рафиқасига нисбатан куч ишлатиши унинг аввалги ҳаракатларига жавоб бўлган.
«У мени бир неча марта урган. Ўша куни калит билан кўзимни чиқаришга, қайчи билан уришга уринди. Мен чидай олмадим ва уни тинчитдим. Болалар барчасини кўрди ва буни тасдиқлай олади», — деди Жусупов.
Унинг сўзларига кўра, уларнинг муносабатлари узоқ вақтдан буён инқирозга учраган ва жанжаллар оддий ҳолга айланган.
«Жанжаллар, асабийлик, урушишлар... 12 йил давомида қанча сабр қилдим. Бизга эркак киши аёлга қўл кўтармаслиги ўргатилади. У эса буни биларди ва чегарадан ўтишга йўл қўярди. Мен вазиятни кескинлаштирмаслик учун кўчага чиқиб кетардим. Тушунтиришга ҳаракат қилардим. У менга ташланганда эса ҳатто болалар ортига яширинишга мажбур бўлардим», — деди у.
Жусуповнинг таъкидлашича, унинг рафиқаси ҳам собиқ спортчи бўлиб, эркин кураш ва оғир атлетика билан шуғулланган.
«У мен таҳдид қилганимни айтяпти. Аслида эса доим менга таҳдид қилишарди. Мен оммабоп инсонман, шунинг учун рафиқам доим менга қарши компромат топилишини айтарди. Бу албатта мени оқламайди, аммо сабрим тугаганда ҳам қаттиқ урмасликка ҳаракат қилардим», — деди спортчи.
Жуфтлик 11 ва 7 ёшли икки нафар фарзандни тарбиялаб келмоқда. Жусуповнинг фикрича, эҳтимол улар анча олдин ажрашишлари керак эди. Бироқ у болаларнинг тўлиқ оилада ўсишини истаганини айтди.
«Ҳозир менга қанчалик катта танқидлар бўлишини тушунаман. Албатта, ҳамма эркакни айблайди. "Ошхона боксчиси", "ноадекват" деган гаплар бўлади. Бу катта шов-шувга айланиши аниқ», — дея хулоса қилди Темиртас Жусупов.
Фикрлар