04 авг 10:13
Янгиликлар
Андрей Канчельскис: “Алишер Усмонов билан танишман, лекин Наманганга келишимга унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ”
Coca Cola Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичи баҳсларига эса 23 июль куни қуръа ташланиб, унга кўра, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби “А” гуруҳидан жой олган ҳолда,ўз майдонида “Металлург”ни қабул қилиб, сафарда “Андижон” ва АГМК жамоаларига қарши майдонга тушадиган бўлганди.
Биз “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Антанасович Канчельскиснинг юқоридаги мавзулар бўйича фикрини билиш мақсадида, интервью олиб, суҳбат давомида россиялик мутахассисга яна ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан ҳам мурожаат этдик.
- Андрей Антанасович, бугун ПФЛ томонидан 1-давранинг сўнгги 4та тур баҳсларининг Тошкентда марказлашган ҳолда ўтиши таъкидланди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
- Олдин ҳам биз ўйинлар марказлашган ҳолда, пойтахтда ўтказилишидан хабардор бўлганимиздан сўнг, албатта, шунга тайёргарлик кўраётгандик. Тошкентдан меҳмонхона, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун майдон ҳам топгандик. Лекин кейинчалик барчаси бирданига ўзгариб кетди. Албатта, ПФЛ шароитдан келиб чиққан ҳолда, ўзига мақбул вариантда Суперлига баҳсларини давом эттириши лозим эди ва ниҳоят, бугун келишувга эришилибди ҳамда бундан хурсандман. Учрашувларнинг марказлашган ҳолда, Тошкентда ўтказилишига келсак, бу Суперлига клублари вакиллари билан келишилган ҳолда, амалга оширилди ва бунга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Ҳар қандай ҳолатдаям, чемпионат ўйинларини якунлаб қўйиш лозим.
- Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон кубогининг гуруҳ баҳсларида “Навбаҳор” “Металлург”, “Андижон” ҳамда АГМК жамоаларига қарши майдонга тушадиган бўлди. Ушбу рақиблар борасида нима дея оласиз?
- Гуруҳимиздан муносиб рақиблар ўрин олишди. “Металлург” ва “Андижон” жамоаларига қарши Суперлига баҳслари доирасида майдонга тушдик ҳамда мазкур клубларнинг қандай кучга эга эканлиги борасида маълумотга эгамиз. “Металлург” яхши жамоа, “Андижон” билан бўладиган баҳс эса “водий дербиси” мақомида бўлади. Гарчи ҳали АГМКга қарши майдонга тушмаган бўлсак-да, олмалиқликларнинг турнир жадвалида 2-поғонани эгаллаб туришгани ушбу жамоанинг қандай кучга эга эканлигини билдириб турибди. Шундай экан, гуруҳ баҳслари “Навбаҳор” учун осон кечмайди. Аммо рақибларга муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Ортда қолган 9та тур баҳсларидан сўнг, “Навбаҳор” 5та ғалаба, 2та дуранг ҳамда 2та мағлубият қайд этиб, 17 очко тўплаган ҳолда, 3-ўринни эгаллаб турибди. Жамоанинг ушбу натижаси сизни қониқтирадими?
- Ушбу натижа қониқарлими ёки йўқлиги борасида бирор нарса дея олмайман. Ахир, айтишадику, жўжани кузда санашади, деб. Бундан ҳам яхшироқ натижани қайд этишимиз ҳам мумкин эди. Аммо айрим баҳсларда омад етишмади. Аммо кўплаб футболчилар, айниқса, легионерлар, жумладан, ўзим ҳам январдан буён уйимизга бора олганимиз йўқ. Бу эса хоҳлайсизми, йўқми, футболчиларга руҳий тарафдан ўз таъсирини ўтказади. Лекин ҳали бизда ортда қолган ўйинларни кўриб чиқиб, таҳлил қилишга вақт бор. Шундан хулоса чиқариб, кейинги баҳсларда ижобий натижаларни қайд этиб, жорий мавсум якунида бундан-да яхшироқ натижага эришамиз, деган умиддаман.
- Кўпчиликнинг фикрига кўра, жамоа “Андижон” (3-тур, 0:0) ва “Бунёдкор” (8-тур, 1:3) клубларига қарши кечган баҳсларда ўз имконияти даражасида ўйин намойиш эта олмаган...
- Тўғри, “Андижон” таркиб борасида борасида “Навбаҳор”дан кучсизбўлиши мумкин. Аммо биласизми, ўша баҳс “водий дербиси” мақомида эга эди. Бундай даражадаги ўйинларга эса рақибда ҳам иштиёқ ўзгача бўлади. Бундан ташқари, битта учрашувга ўзгача тарзда тайёрланса бўлади. Андижонликлар ўша баҳсга ўзгача тарзда тайёргарлик кўришганини исботлашди. “Бунёдкор”га қарши баҳс эса айтиш лозимки, оғир, қийин ҳамда тушунарсиз тарзда кечди. Мураббийлар штаби билан ушбу ўйинларни таҳлил қилиб,хатолардан хулоса чиқарамиз, албатта.
- Кўпчилик “Навбаҳор” айниқса, ўз майдонидаги баҳсларда мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари эвазига ғалаба қозонади, деган фикрда эди. Бироқ рестартдан кейинги томошабинларсиз бўлиб ўтган ўйинларда ҳам шогирдларингиз зафар қучишнинг уддасидан чиқа олишди. Сир бўлмаса, футболчиларни ўша ўйинларга қандай руҳлантира олдингиз?
- Гарчи мухлислар трибунада бўлишмаса-да, улар доимо қалбимизда. Шогирдларимга ҳар бир учрашувдан олдин ишқибозлар ойнаи жаҳон орқали жамоамизни қўллаб-қувватлашаётгани, майдонда шуни ҳис қилган ҳолда, тўп суришларини таъкидлардим. Йигитлар буни ҳис этган ҳолда ўйнаб, кўплаб ўйинларда ижобий натижаларни қайд этишди. Албатта, мухлисларсиз ўйнаш осон эмас. Лекин пандемия даврида бунга кўникишга тўғри келади.
Мен тезроқ пандемия даври якунланиб, ишқибозларнинг стадионларга қайтишлари ва жамоамизни аввалгидек муносиб тарзда қўллаб- қувватлашларини тилаб қоламан.
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 3-10 август кунлари Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказиладиган ўқув - машғулот йиғинига “Навбаҳор”нинг 5 нафар футболчиси, яъни, Ўткир Юсупов, Игорь Голбан, Азизбек Турғунбоев, Аббос Ғуломов ҳамда Исломбек Исоқжонов жалб этилишди. Бу албатта, сизни хурсанд этган бўлса керак?
- Бўлмасам-чи! Кези келганида, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бир пайтлари Россия 2-лигаси вакили Новотроицкнинг “Носта” жамоасида бош директор лавозимида фаолият юритганимда, ушбу клубга асли ҳамюртингиз бўлган россиялик таниқли миллиардер Алишер Бурханович Усмоновга қарашли “Уральская сталь” металлургия комбинати ҳомийлик қиларди. Ўшанда Алишер Бурханович: “Новотроицк жамоаси гарчи юқори ўринларни эгаллай олмаётган бўлса-да, мамлакат футболи учун амалга оширадиган энг яхши ишимиз – “Носта”нинг ҳеч бўлмаса, бир нафар футболчисининг миллий терма жамоада ўйнаши. Шуни амалга ошира олсак, биз мамлакат футболи учун фойда келтирган бўламиз,”деганди. Кейинчалик, Алишер Усмоновнинг орзуси амалга ошиб, мазкур жамоада 2009 йили ўйнаган ҳимоячи Андрей Семёнов Россия терма жамоасига жалб этилганди.
Шогирдларининг ўз мамлакати термасидан чақирув олиши ҳар бир мураббийга қувонч бағишлайди, албатта. Менимча, “Навбаҳор”да терма жамоада ўйнашга муносиб ўйинчилар кўпроқ. Аммо терма жамоанинг ўз мураббийи, яъни Вадим Карленович Абрамов бор ва у кимни бош жамоага чақиришни ўзи ҳал қилади ҳамда биз унинг қарорларини ҳурмат қиламиз. “Навбаҳор”нинг 5 нафар ўйинчиси миллий терма жамоадан чақирув олишига муносиб ҳиссамни қўшганлигим, Ўзбекистон футболи ривожи ҳамда тараққиёти учун фойдам тегаётганлиги ва меҳнатим ўз самарасини бераётганидан хурсандман. Терма жамоага жалб этилган жамоамиз аъзоларининг эса мазкур йиғин давомида ўзларининг энг яхши жиҳатларини намойиш этишлари, асосийси, жароҳат олмасликлари, бош жамоанинг асосий таркибидан муносиб ўрин олишларини тилайман.
- Демак, асли наманганлик бўлган таниқли россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли жамоада фаолият юритган экансиз-да?
- Ҳа, 2007 – 2009 йилларда Новотроицкнинг “Носта” жамоасида бош директор лавозимида ишлаганман ҳамда айтиб ўтганимдек, ушбу жамоа ҳомийси Алишер Бурхановичга қарашли бўлган “Уральская сталь” металлургия комбинати эди. Гарчи “Носта” 2-лига вакили, камтарин, 100 мингга яқин аҳолига эга, кичик шаҳар Новотроицк жамоаси бўлса-да, Алишер Бурхановичнинг ёрдамлари эвазига ажойиб қароргоҳ, 2та,яъни иситиш тармоғи ўрнатилган табиий ва сунъий майдонларга эга бўлганди. Шунингдек, жамоага клуб ҳомийси томонидан барча шароитлар яратиб берилганди. Албатта, бунда Алишер Усмановнинг ҳиссаси катта бўлган. Алишер Бурханович шунингдек, хайрия тадбирлари ҳам уюштириб турарди. Умуман олганда, Алишер Усмонов Россия спорти учун катта маблағ сарфлайди. Фурсатдан фойдаланиб, Алишер Бурхановичга миннатдорчилик билдириб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ишларига омад тилайман.
- Сизни “Навбаҳор”га келишингизда ҳам Алишер Усмоновнинг алоқаси борми?
- Йўқ. Гарчи Алишер Бурханович билан таниш бўлсак-да, Наманганга келишимга унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мени ўша пайтдаги клуб раҳбариятига бошқа инсонлар тавсия қилишган ҳамда шу тариқа “Навбаҳор”га келганман.
- Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Жамоа ҳозирги таркиби билан ушбу вазифани амалга оширишга қодирми ёки ёзги трансфер пайтида таркиб яна кучайтириладими?
- Албатта, ҳар бир жамоа ўз олдига мақсад қўйиши шарт. Унда машғулот ва ўйинлар ўтказишнинг нима кераги бор? “Навбаҳор”да ўз олдига қўйилган вазифани амалга ошириш учун ҳали тўлиқ имконият бор. Чунки олдимизда ҳали 1-давранинг 4та тур баҳслари ҳамда ярим мавсум турибди. Пандемия сабабли, бу йилги Суперлига баҳсларида юзага келган танаффуслар боис, айрим футболчиларимиз ҳаттоки, ўзларининг нималарга қодирликларини намойиш этишга ҳам улгура олишмади. Шундай бўлса-да, гарчи бутун дунё ва Ўзбекистонда коронавирус пандемияси юз бераётганлигига қарамай, йигитлар машғулотлар ҳамда ўйинларда жонбозлик кўрсатишмоқда, ўзгача иштиёқда майдонга тушишмоқда. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ёзги трансфер даврида таркибни кучайтириш ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу борада клубнинг имкониятларига қараймиз. Албатта, таркибдаги бирорта ўйинчини сотмай, аксинча, харид қилиш маблағ талаб қилади. Шундай экан, буни имкониятдан келиб чиқиб, амалга оширамиз.
- Мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
- Куни кеча барча мусулмон олами Қурбон ҳайитини нишонлади. Менинг кўплаб мусулмон дўстларим бор. Шунингдек, айни пайтда аксарият аҳолиси Ислом динига эътиқод қиладиган Ўзбекистонда яшаяпман. Шу боис, Қурбон ҳайити билан барча ўзбекистонликларни табриклаб, уларнинг оилалари, фарзандлари ва ўзларига соғлиқ - саломатлик ҳамда дунёдаги энг яхши тилакларни тилайман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар