19 мар 20:22
Янгиликлар
Дана Уайт ҳаммага қарши! UFC президенти Америка ҳақиқатини қандай ўзгартирмоқда?
UFC президенти Дана Уайт қизиқарли ва қайсидир жиҳатдан ҳайратланарли янгиликларни амалга оширяпти. Лига раҳбари апрелда бўладиган UFC 261 турнирини пандемиядан бери биринчи марта кўплаб мухлислар билан ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек, бу баҳс Вегасда ҳам, Абу-Дабидаги «Жанглар ороли»да ҳам эмас, балки охирги йиллардагидек Флоридадаги Жексонвиллда ташкил қилинади.
Дана Уайтни спорт дунёсида энг яхши ташкилотчилардан бири деб айтиш мумкин. У кўплаб қийинчиликларга қарамасдан UFC'ни умуман янги даражага кўтарди ва ҳайратланарли ишларни бажарди. Булар аралаш жанг санъати дунёсини ўзгартиришга асос бўлди.
Допингга қарши кураш
Уайт ММАда жангчилар орасида тақиқланган моддага қарши росмана кураш олиб борди. UFC спортчиларни текширишни бошлади ва допинг қабул қилганларни жазолади. Булардан биринчиси оғир вазн тоифасидаги собиқ чемпион Жош Барнетт бўлди: 2001 йилда уни қаттиқ огоҳлантиришга қарамасдан, бир йилдан сўнг унда яна тақиқланган модда аниқланди. Бу сафар Жош камаридан маҳрум қилинди ва 6 ойга мусобақалардан четлаштирилди. Шундан бери UFCда тест олиш одатий ҳолга айланди.
Кейинчалик допинг текшируви бошқа ташкилотларда ҳам бошланди. Аммо UFC'да бу қаттиқ назорат қилинади. Бу билан АҚШдаги USADA агентлиги шуғулланади. Жангчилар йил давомида олдиндан доимий текширилиб борилади.
The Ultimate Fighter'нинг ташкил топиши
Дана Уайт UFC'ни машҳур қилишга муваффақ бўлди ва буни давом эттирди, аммо мусобақалардан тушадиган даромад ташкилотнинг зарарларини қоплай олмади. Шундан сўнг у UFC'да жангчилар шартнома асосида жанг қилиш имкониятини берувчи The Ultimate Fighter шоусини ташкил қилди. Дана қийинчиликларга қарамасдан, бу лойиҳани телевиденияга олиб чиқди.
Шоу машҳур бўлиб, UFC'ни янги даражага кўтарди. Уайтнинг сўзларига кўра, оғир вазн тоифасида Форрест Гриффин ва Стефан Боннар ўртасида 2005 йилда бўлган жанг яхши даромад келтирган ва лиганинг молиявий муаммоларини ҳал қилган. Мусобақаларни намойиш қилувчи Spike ТV телеканали ва TUF UFC билан ҳамкорлигини узайтиришга муваффақ бўлган.
Бокс жангларида UFC жангчиларининг иштирок этиши
Лига раҳбари UFC'да боксчиларнинг қатнашишига ва ўзининг жангчиларига бокс мусобақаларига иштирок этишига имкон берди. Булардан биринчиси Ренди Кутюр ва бокснинг учта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Жеймс Тонининг UFC 118 кечасида бўлган жангги эди. Иккинчиси эса Дана томонида ташкиллаштирилган, 2017 йилги Конор Макгрегор ва Флойд Мейвезер ўртасидаги баҳс эди.
Шунингдек Дана ўзининг бокс ташкилотини очишни режалаштирган. У бир-бирига мос энг зўр боксчиларнинг жанг қилмаслигини ёқламайди. Ҳаттоки, Уайтнинг ММАда 20 йил ичида қилган ишларини боксда ҳеч ким амалга ошира олмайди. Буни мутахассислар, шунингдек, бокс бўйича мураббий Тедди Атлас ҳам «UFC қарор қабул қиладиган диктатор борлиги учун ривожланяпти. Дана Уайтни олиб келиб, боксни ҳам UFC'дек қилинг»,-деб айтган.
Пандемия даврида ҳам мусобақалар ташкил этилди ва «Жанглар ороли» очилди
2020 йил мартда дунёни коронавирус қамраб олди. Бу пайтда АҚШдаги аҳвол бошқа жойларга нисбатан ёмон эди. Аммо Дана Уайт UFC бу ҳолатга мослашишини ва мусобақаларни бекор қилмаслигини маълум қилади. Лига ўзининг чиқишларини Вегасда мухлисларсиз ўтказишни бошлади. Бироқ бу ерда ҳам карантин қоидалари жиддийлашишни бошлаганидан кейин, жангларни ташкил этиш учун бошқа ечим топишга тўғри келди.
Шунда Уайт баҳсларни ўтказиш учун орол қуришини маълум қилди. Унинг бу режасини кўпчилик телбалик деб айтди. Аммо уларга Дана июлда UFC'нинг биринчи мусобақасини Абу-Дабидаги Яс оролида ташкил қилган ҳолда жавоб қайтарди. Бу ғоя ММА мухлисларини ҳайратлантирди ҳамда жангчилар ҳам “ Жанглар ороли»да бўладиган мусобақаларда қатнашишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ўйлай бошлади.
Жангчиларнинг марихуана қабул қилганлиги учун жазоларнинг бекор қилиниши
UFC 2021 йил бошида марихуана учун қабул қилинганлиги сабабли мусобақадан четлаштиришни бекор қилди. Қарор Дана Уайт ва АҚШнинг тақиқланган моддага қарши ташкилоти билан бирга қабул қилинди. Ташкилот спортчида аниқланган модданинг қолдиқлари унинг жанг қилиши учун ҳеч қандай ёрдам бермаслигини таъкидлаган. Бироқ, спортчи жанг олдидан марихуанадан фойдаланган бўлса, у октагонга киритилмайди.
UFC вице-президенти Жефф Новитскининг айтишича, кўпчилик бу «ўт»дан спортдаги натижаларини яхшилаш учун эмас, балки оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи дорилар ўрнида фойдаланади. Агар жангчи натижасини яхшилаш учун фойдаланса, жазоланади.
Sports.ru асосида Озода Қаюмова тайёрлади
Фикрлар