22 дек 15:11
Янгиликлар
Дастин Порьеда омадсизлик. Мағлубият "Олмос"ни синдириб қўймайдими?
Бугун спортчининг босиб ўтган йўли ва режалари ҳақида фикр юритамиз.
Омадсиз Дастин
UFC енгил вазн дивизиясида Дастин Порье собиқ чемпион Хабиб Нурмагомедов билан жангда мағлуб бўлганидан сўнг, қаторасига 3та жангда ғалаба қозонди. Ушбу жангларда унга охирги бахсларда мағлубият аламини тортаётган ва ҳозирда ярименгил вазн дивизиясига тушган Ден Ҳукер ва UFCнинг энг машхур жангчиси, тарихда илк бор 2 вазн жаҳон чемпиони Конор МакГрегор рақиб бўлди. Бироқ, биринчи рақамли даъвогар сифатида камар учун айни вақтдаги чемпион Бразилия "бўғма илони" Чарльз Оливейрага имкониятни бой бериб қўйди. Ушбу мағлубият Дастиннинг енгил вазн тоифаси рейтингидаги ва P4P рейтингидаги ўрнига жиддий таъсир ўтказди. Тоифада Жастин Гетжини 1 поғона ўтказиб юбориб, 2-ўринга тушиб қолди. P4P да эса бир йўла 3 поғона пастлаб 8-ўринга тушиб кетди. Агар у ғалаба қозонганда нималар бўлар эди? Илк навбатда у тоифанинг янги қиролига айланар ва чемпионлик камарига эга чиқар эди. Шунингдек P4Pда ҳам анча юқорилашга эришарди.
Порьенинг кейинги режалари қандай бўлиши мумкин?
Муваффақиятсизликдан сўнг Дастин Порьенинг кейинги тақдири ҳозирча аниқ эмас. Кўплаб манбалар Порьенинг кейинги рақиби промоушен афсонасига айланган Нейт Диаз бўлиши кутилмоқда дея хабар бермоқда. Лекин бу хабар ҳали тасдиқланганича йўқ. Дана Уайт қандай қарор қилиши ҳам қизиқ. Ҳақиқатдан ҳам Уайт Порье-Диаз жангини уюштириб берадими ёки Чарльз Оливейрага қарши реванш баҳсини томоша қиламизми? Келинг, ҳар иккиси ҳақида ҳам бир фикр юритамиз. Агар Нейт Диазга қарши жанг ташкиллаштирилса, баҳс яримўрта вазнда бўлади. Ҳар иккиси ҳам сўнгги жангида мағлубият аламини тортди. Таъкидлаб ўтганимиздек, Порье Оливейрага имкониятни бой бериб қўйди. Нейт эса Леон Эдварсга ютқазиб қўйди.
Чарльзга қарши реванш ташкиллаштирилиши мумкинлигининг сабаби, дастлаб Оливейрага қарши чемпионлик баҳсида Чендлер эмас, айнан Порье ҳақлироқ эди. Лекин у чемпионлик жангини эмас, балки Конор МакГрегор билан трилогияни якунлашни ва катта гонорар эвазига хайрия қилишни танлади. Дана Уайт унинг бундай қарорини қўллаб-қувватлади. Бу сафар у қандай қарорга келади? Дастинга имкон берилиши эҳтимоли кам, аммо ҳаммасини вақт кўрсатади.
Саховатпеша жангчи
Дастин Порье UFCдаги ҳар бир жангидан тушадиган гонорарининг маълум кисмини хайрияга сарфлайди. Бундай олийжаноблик кўплаб жангчилар, мутахассислар ва мухлислар томонидан таҳсинига сазовор бўлди. Унга энг катта гонорар келтирган жанги ҳам Конор МакГрегорга қарши кечган трилогияси бўлади. Ундан келган катта миқдордаги пул хайрияга сарфланди. Хаттоки, ушбу ҳислат енгилмас Хабиб Нурмагомедовни ҳам бефарқ қолдирмади ва у Дастинга кутилмаган таклиф берди. Таклифга кўра, Порье мағлубиятдан сўнг UFC билан шартномасини бекор қилишни истаса, Хабибга тегишли EFC промоушенига келиб жанг қилиши ва жангдан тушган пулни иккиси хайрияга сарфлаши мумкин. Аслида бу танлов хам чакки эмас, аммо Дастиннинг UFC даги ҳал қилмаган ишлари жуда кўп.
Акмал Эшбоев тайёрлади
Фикрлар