UZ

Сўнгги янгиликлар

14:35Ҳасанбой Дўсматов Лос-Анжелес-2028даги иштироки ҳақида: "Бир нарса дейиш қийин" 0 14:14Қозоғистон терма жамоасининг Осиё чемпионати учун таркиби эълон қилинди 0 13:53Суперлига. Чемпион Фарғонада меҳмон! 0 13:32Ҳамюртимиз ONE FC турнирининг марказий жангида иштирок этади (+тўлиқ кард) 0 13:11Ҳумоюн Султонов Калабурагида 1/2 финал иштирокчисига айланди 0 12:50Бугун 5 нафар аралаш яккакурашчимиз Octagon 66 турнирида жанг қилади 0 12:29FourFourTwo ЕЧЛ финалларида урилган энг чиройли голлар рейтингини тузди 0 12:08Сувга сакраш бўйича Ўзбекистон кубоги ўтказилмоқда 0 11:47UFC жангчиси Виктория Дудаковага рақиб берилди 0 11:26Бетербиев ММАга ўтиш ҳақидаги саволга жавоб берди 0 11:05Goal «Олтин тўп»-2025 соврининг асосий даъвогарини эълон қилди. Виниcиус ҳозирча 4-ўринда 0 10:44Чендлер энди кимга қарши жанг қилмоқчи эканлигини айтди 0 10:23Шу ҳафта Хитойда ўтказиладиган UFC турнирининг тўлиқ карди билан танишинг 0 10:01Собиқ чемпионлар Петр Ян ва Дейвисон Фигерейду ўзаро жанг олдидан юзма-юз келди (ФОТО) 0 09:39Ламин Ямаль ва «Барселона» ўртасидаги янги келишув шартлари маълум 0

07 июн 16:27
Янгиликлар

Бошқалар

Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Болалар ва ёшларнинг мактабдан ташқари спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг янги механизмларини жорий қилиш, спортчиларнинг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиши ҳамда юқори натижаларга эришишини таъминлаш, бу борада тренер ва спорт мутахассислари меҳнатини адолатли асосда рағбатлантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги 279 та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиаллари негизида 254 та спорт мактаблари 1-иловага мувофиқ;

Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги 56 та ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари негизида
56 та ихтисослаштирилган спорт мактаблари 2-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда икки ой муддатда спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг (кейинги ўринларда – спорт мактаблари) намунавий штат меъёрларини тасдиқласин.

Бунда, спорт мактабларининг алоҳида спорт иншоотлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича штат бирликлари тўлиқ ажратилишини таъминлаш назарда тутилсин.

2. Спорт мактабларида ўқувчиларни қабул қилиш ва тайёрлаш бўйича қуйидаги тизим жорий этилсин:

спорт мактабларига 4 ёшдан 30 ёшгача бўлган спорт билан мунтазам шуғулланиш ва келгусида профессионал спортчи бўлиш мақсадидаги болалар ва ёшлар қабул қилинади;

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган оммавий спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар, шунингдек, 4-6 ёшли болалар спорт турларидан келиб чиқиб уларнинг антропометрик кўрсаткичлари асосида дастлаб спорт мактабининг спорт-соғломлаштириш гуруҳида олимпия спорт турлари ёки миллий кураш бўйича ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳаракат фаоллиги танқислигини тўлдириш учун саккиз ойгача бепул шуғулланади;

спорт-соғломлаштириш гуруҳида шуғулланган ёшлар аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларидан ўтказилади, ушбу синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар спорт мактабининг бошланғич тайёргарлик гуруҳига қабул қилинади. Бу гуруҳда ёшлар базавий тайёргарликка эга бўлиш ва кейинчалик ихтисослашиш учун спортнинг муайян турини танлайди
ва уч йилгача шуғулланадилар;

бошланғич тайёргарлик гуруҳида шуғулланган ва камида ўсмирлар учун учинчи спорт разрядига эга бўлган болалар спорт мактабининг ўқув-машқ гуруҳига ўтказилади. Ушбу гуруҳда болалар ихтисослашув ва спортнинг танланган тури бўйича чуқурлаштирилган машқлар асосида беш йилгача шуғулланади;

ўқув-машқ гуруҳида шуғулланган ва камида учинчи ёки иккинчи спорт разрядига эга бўлган болалар спорт мактабининг спортда камолотга эришиш гуруҳига ўтказилади. Ушбу гуруҳда болалар уч йилгача муддат давомида спорт маҳоратини такомиллаштириш билан шуғулланади;

спортда камолотга эришиш гуруҳида шуғулланган ва камида Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разрядига эга бўлган болалар спорт мактабининг олий спорт маҳорати гуруҳига ўтказилади. Ушбу гуруҳда болалар уч йил ва ундан ортиқ муддат давомида спортда шахсий имкониятларини намоён қилиш билан шуғулланади;

спорт мактабининг спорт-соғломлаштириш ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларида тайёргарликдан ўтган, профессионал спортга салоҳияти бор ўқувчилари ихтисослаштирилган спорт мактабининг тегишли йўналишига (спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика, сув спорти турлари, якка кураш ва гимнастика) ўқишга қабул қилинади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Каримов) Молия вазирлиги (Ж.Абруев) билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банд талабларидан келиб чиқиб Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

а) аҳолиси 200 мингдан юқори бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 20 та олимпия спорт турлари;

б) аҳолиси 150 мингдан 200 минггача бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 15 та олимпия спорт турлари;

в) аҳолиси 150 минггача бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 10 та олимпия спорт турлари бўйича спортчилар тайёрланади;

г) спорт мактаблари контингенти фақат Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган (бундан миллий кураш ҳамда алоҳида Ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари мустасно) спорт турлари бўйича шакллантирилади. Бунда ҳар бир спорт мактаби ва ихтисослаштирилган спорт мактабига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган 2 та ноолимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашга рухсат берилади;

д) спорт мактабларидаги Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурларига киритилмаган (миллий кураш ҳамда алоҳида Ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари бундан мустасно) ноолимпия спорт турлари бўйича мавжуд спорт секциялари фаолияти спорт клублари қошида ривожлантирилади;

е) спорт мактаблари тренерларига ноолимпия спорт турлари бўйича, шунингдек, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларидан кейинги босқичларга ўта олмаган ўқувчилар учун олимпия спорт турлари бўйича пуллик асосда тўгараклар ташкил этишга рухсат берилади. Бунда:

спорт мактабларида пуллик асосда кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган маблағларнинг бир қисми улар тренерларига қўшимча ҳақ сифатида йўналтирилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандларига спорт мактабларида машғулотлар бепул ўтказилади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда спорт мактабларида ривожлантириладиган олимпия спорт турлари рўйхатини тасдиқласин;

заруратга кўра, спорт федерация (ассоциация)ларининг талабномаларига асосан ноолимпия спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган тренерларни олимпия спорт турлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида белгиланган тартибда ўқитиш ишларини ташкил этсин;

спорт мактабларидаги мавжуд ноолимпия спорт турлари бўйича шуғулланаётган ёшлар ушбу спорт мактабларини тўлиқ тамомлагунга қадар шуғулланишини таъминласин.

Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов), Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), тасарруфида таълим ташкилотлари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар:

спорт клублари қошида ривожлантириладиган ноолимпия спорт турларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида уларга таълим муассасаларининг спорт залларини дарс машғулотларига халақит қилмаган ҳолда бепул ажратсин;

мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали спорт клубларида ривожлантирилаётган спорт турларига ўқувчи ва ёшлар қизиқишини уйғотишга қаратилган тарғибот ишларини олиб борсин.

4. Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилсин.

5. Белгилансинки:

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари негизида ташкил қилинади;

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ўқиш жараёни 2 та босқичда амалга оширилади: биринчи босқичда 5–11-синфлар учун Олимпия мактаблари, иккинчи босқичда 1–2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежлари фаолият кўрсатади;

олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг Васийлик кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлик қилади;

Олимпия мактабининг 5-синфига спорт мактабларида яхши натижа кўрсатган ёшлар, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларини муваффақиятли топширган ва юқори иқтидорга эга бўлган ҳамда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади;

Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида малакали тренер ва хорижий экспертлардан иборат Тренерлар кенгаши ташкил этилади;

Олимпия ва Паралимпия коллежларининг 1-курсига Олимпия мактабларини муваффақиятли битирган ўқувчилар, шунингдек, Тренерлар кенгаши хулосасига мувофиқ мусобақаларда энг юқори натижага эришган спортчилар танлов асосида қабул қилинади;

Олимпия мактаблари ҳамда Олимпия ва Паралимпия коллежларининг спорт турлари бўйича контингенти Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.

6. Қуйидагилар Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

таълим хизматларини кўрсатишдан, педагогика, ишлаб чиқариш ҳамда улар уставларидаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

7. Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги айрим спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2022 йил якунига қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан шахсан масъул этиб белгилансин.

8. Спортни ривожлантириш вазирлиги уч ой муддатда:

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда:

спорт мактабларида тайёргарлик босқичларига ва спорт турларига кўра спорт мактабига қабул қилиш учун тавсия этиладиган ўқувчи-спортчиларнинг энг кичик ёш нормативлари ва тиббий кўрик турларини;

спорт мактабларининг тиббиёт хоналарида фойдаланиладиган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари, дори-дармонлар ва тикланиш воситалари миқдори ва рўйхатини тасдиқласин;

б) тайёргарлик босқичлари ва спорт турларига кўра спорт мактаби ўқув гуруҳларида шуғулланадиганлар сони (ўқув гуруҳининг тўлиқлиги)ни белгиласин;

в) спорт мактаблари шуғулланувчиларига спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича бериладиган спорт унвонлари ва разрядларини тасдиқласин;

г) халқаро тажрибани ўрганиш асосида спорт-таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини рейтинг тизими асосида баҳолаш тартибини қайта кўриб чиқсин ва унинг такомиллаштирилган таҳририни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Спорт мактабларининг директорлари, директорларнинг ўқув, спорт, оммавий спортни ривожлантириш ва селекция ишлари бўйича ўринбосарлари, инструктор-методистлари, тренерлари ва тиббиёт ходимларининг базавий тариф ставкасига ўқувчи-спортчилар эришган юқори спорт натижаларидан келиб чиқиб ҳар ойда тўлаб бериладиган устамалар миқдорлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерларининг базавий тариф ставкалари 2022 йил 1 сентябрдан ўртача 1,35 бараварга оширилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–201-сон қарори билан 2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

биринчи босқич – туман (шаҳар) мусобақаларида қатнашмаган спортчилар иккинчи босқичга – вилоят мусобақаларида иштирок этишга;

иккинчи босқич – вилоят мусобақаларида қатнашмаган спортчилар учинчи босқичга – республика (финал) мусобақаларида иштирок этишга йўл қўйилмайди;

миллий терма жамоалар таркибига барча босқичлардан ўтган ғолиб ёки совриндор бўлган спортчилар саралаб олинади.

12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари мусобақалари спорт турлари хусусиятларига мувофиқ, спорт федерация (ассоциация)лари томонидан, халқаро спорт ташкилотларининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари (кичик ўсмирлар, ўсмирлар, ёшлар, U-23 ва катталар) ўртасида йилда бир марта ўтказилади, бунда мусобақаларни туғилган йиллар кесимида ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда халқаро тажриба ва стандартларни чуқур таҳлил қилган ҳолда миллий чемпионатлар ва кубокларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

13. Белгилансинки, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиалларини мақбуллаштириш ва улар ходимларини қисқартириш натижасида бўшаб қоладиган бюджет маблағлари Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимидаги спорт-таълим муассасаларининг бошқа зарур харажатлари учун йўналтирилади.

14. Белгилансинки, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили қўшимча равишда республика бюджетидан:

спорт мактабларининг тиббиёт хоналарини замонавий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва тикланиш воситалари билан жиҳозлашга – 10 миллиард сўм;

спорт мактаблари учун замонавий ўқув адабиётларини чоп этиш ва харид қилишга – 2 миллиард сўм;

вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этадиган спорт мактаблари шуғулланувчиларини (терма жамоаларини) махсус спорт кийимлари (экипировкалар) билан таъминлашга – 23 миллиард сўм ажратилади.

15. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур қарорга мувофиқ республика бюджетидан бир ой муддатда туман (шаҳар)ларнинг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаларидаги спорт тадбирларини молиялаштириш учун 55 миллиард сўм ажратилишини таъминласин ҳамда 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу маблағларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

жойларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда аҳоли ўртасида спорт мусобақалари, спорт акциялари, ҳаваскорлик чемпионатларини тизимли ташкил этиш чораларини кўрсин;

ҳудудий, туман ва шаҳарларнинг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасида назарда тутилган мусобақаларни ўтказиш, ушбу мусобақаларда ўқувчи-спортчилар иштирокини таъминлаш учун ушбу тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари ва уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилишини таъминласин;

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган барча спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида ҳудудий терма жамоалар иштирокини таъминласин;

ҳар ойда камида бир марта спорт мактабларида ва уларнинг спорт иншоотларида ҳамда жисмоний тарбия, спорт марказлари ва клубларида “очиқ эшиклар” кунларини ташкил этишни анъанага айлантирсин;

спорт федерация (ассоциация)ларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ноолимпия спорт турлари бўйича фаолият кўрсатаётган спорт клублари фаолиятини янада ривожлантириш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсин;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратсин ҳамда ушбу муассасаларни махсус спорт жиҳозлари билан таъминласин;

спорт мактабларини бошқариш ва самарадорлигини таҳлил қилишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.

17. Тошкент вилояти ҳокимлиги (З.Мирзаев) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент вилояти гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини йўлга қўйсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ–5280-сон қарорига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

19. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 6 июнь

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг