09 апр 19:00
Янгиликлар
Дунё UFC ва Bellator ҳамкорлигидаги турнирни орзу қиляпти: чемпион чемпионга қарши. Бу содир бўладими?
Дана Уайтнинг ташкилоти машҳурроқ, аммо Скотт Кокер ҳам рақобатчисидан ортда қолмаслик учун ҳаракат қиляпти. UFC билан келиша олмаган юлдузлар учун Bellator жангларга қатнашиш ва тайёргарлик кўриш имкониятини беради.
Икки ташкилот жангчилари ўртасидаги баҳсни мухлислар орзу қилишяпти, бироқ кўпчилик буни имконсизлигини айтмоқда. Муаммо нафақат транслация ва ҳуқуқий жиҳатдан, балки UFC энг кучли жангчилар кураш олиб борадиган жой мақомини йўқотиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Bellator RIZIN билан биргаликда мусобақа ўтказди, аммо ҳамма UFC билан турнир ташкил қилишни талаб қилди
2019 йилда Bellator япониялик RIZIN билан шоу намойиш қилди. Июнь ойида бўлиб ўтган мусобақада RIZIN чемпиони Киожи Хоригучи Bellator камари соҳиби Даррион Колдуэллни нокаутга учратиб, нафақат вазн тоифасида, балки ташкилотда ҳам иккита камарга эга жангчига айланди.
ММА мухлислари диққат билан турнирни кузатди, аммо барибир бошқасини талаб қилди. Бу ҳақида матбуот анжуманида Кокерга савол беришди.
“UFC билан биргаликда мусобақа? Бу уларнинг бизнесига мос эмас, лекин улар буни исташса, мен тайёрман. Биз қарши бўлмаймиз. Лигамизда ҳақиқий қотиллар бор, шунинг учун турнирни ташкил қилайлик», - деди Кокер.
Ҳақиқатан, бундай чорлов Bellator'га мухлислар эътоборини ортишига сабаб бўлди. UFC нинг баъзи юлдузлари Уайт билан шартномани узайтириш бўйича келиша олишмади, Кокер эса уларга яхшироқ таклиф берди ва натижада кейинги йилларда ташкилотнинг таркиби анча кучайди.
Олдин Скотт ёши катта юлдузлар билан шартнома имзоларди ва бу билан спорт бўйича эмас, балки оммавий ахборот воситалари орасида машҳурликка эришган эди. Энди вазият ўзгарди: ҳозир Bellator'нинг ҳар бир тоифасида ҳақиқатан UFC билан рақобатлашишга қодир жангчилар бор. Масалан, Майкл Чендлер. У Bellator'ни чемпион сифатида тарк этмаган бўлсада, UFC'даги битта нокаутли ғалабадан кейин камарга даъвогар сифатида маълум қилинган. Bellator'да фаолият олиб борувчи Майкл Пейж: “Бир нечта йирик ташкилотларнинг мавжудлиги, спорт учун яхшилигини ҳар доим айтганман. Бу ўсиш ва ривожланишга ёрдам беради. Ҳеч қачон уларнинг биттаси ҳақида ҳам ёмон гапирмаганман. Энг яхшиси - дўстона рақобат. Bellator ва UFC қўшма мусобақалар ўтказиш учун ҳамкорлик қилиши мумкин. Бу ташкил қилинса, жуда ажойиб бўлади. Жангчилар, мухлислар ва умуман ҳамма ғалаба қилган бўлар эди», - деди.
Аёлларнинг Bellator' P4P етакчиси Крис Сайборг UFC чемпионлиги учун жангда Аманда Нуньесга нокаут билан мағлуб бўлганлиги сабабли, унга қарши реванш ташкил қилинишини орзу қилади.
Сайборг: “ Ҳамма Нуньес билан реваншимизни кўришни истаётганини биламан. Келинг, бу жангни ташкил қиламиз. Олдин менда буни ташкил қилишнинг имкони йўқ эди. Агар келажакда Дана Уайт хоҳласа, мен бажараман. Нима бўлишини кутамиз ва кузатамиз. Таклифлар учун очиқмиз. Bellator' президенти Скотт Кокер реванш ташкил қилишга тайёр. Шунчаки нариги тараф ҳам рози бўлиши керак», - деб маълум қилган.
Уайт Bellator'ни UFC дан зўр деб ҳисобламайди. Бироқ ҳеч қачон буни текшириб кўришга рози бўлмайди: кўплаб хавф мавжуд
Дана Уайт Bellator'нинг чақирувларига одатда жавоб қайтармайди. Бироқ у 2020 йил таслим бўлди. Жон Жонс оғир вазн тоифасидан кетганда, Вадим Немков Bellator'да яримоғир вазн тоифаси камарини қўлга киритди, шунингдек ташкилот учта машҳур: Йоэль Ромеро, Энтони Жонсон, Кори Андерсон каби жангчилар билан келишувга эришди.
Бу таркиб Кокерга Bellator жаҳондаги энг кучли деб номланишига имкон берди. Кўплаб мутахассислар ва журналистлар бу фикрни қўллаб-қувватлашди, бироқ Уайт жим қараб тура олмади:
«Биз яримоғир вазн тоифасидагиларнинг барчаси билан хайрлашдик. Энг яхши яримоғир тоифаси дивизиони уларда? Бу менинг ҳаётим давомида эшитган энг аҳмоқона гап».
Бу Кокерга мунозарани давом эттиришга имкон берди.
“Ҳозирда шубҳасиз, сайёранинг энг яхши яримоғир вазн тоифасидаги дивизионга эгамиз. Фил Девис, Лиота Мачида, Вадим Немков каби жангчиларимиз ҳақида ўйлаб кўринг. Энди Кори Андерсон ҳам уларга қўшилди, менимча, Гегард Мусаси ҳам шу сафга қўшилади, чунки унинг ўзи бу ҳақида менга айтди. Ушбу жангчилар гуруҳи жуда кучли ва мустаҳкам бўлинманинг асосини ташкил қилади. Раян Байдер, Фил Девис ва бошқалар UFC дан ҳайдалгани учун эмас, балки бўш агент сифатида келишди. Бу ёлғон. Улар имкониятларини тўғри баҳоланишини хоҳлашди ва яхшироқ таклиф берганимиз учун бизга қўшилишди. Бу йигитлар ўйин-кулгу учун эмас, мукофот учун курашмоқда. Уларнинг даражаси юқори, нега яхши таклиф бўлса, Bellator'га ўтмаслиги керак? UFC дан чиқариб юборилган, деган гаплар ёлғон», - дейди Кокер.
Шунингдек Скотт ўртаенгил вазн тоифаси бўйича ҳам Bellator зўрлигини, унинг чемпиони Патрисио Фрейре UFC чемпиони Алекс Волкановскини енгишини таъкидлаб ўтган. Алекс жангга рози бўлиб, ҳаттоки Уайтдан мусобақани ташкил қилишни ҳам сўради, аммо UFC раҳбари бу сафар ҳам ҳеч нарса демади.
Мусобақага бўлган қизиқиш жуда кучлилигини ҳамма билади, бироқ бу ҳеч қачон содир бўлмайди...
Бунга бир қанча сабаблар бор. Биринчидан,
UFC нинг транслацияси ҳуқуқи ESPN, Bellator'ники эса Showtime'да. Шартномани ҳеч ким ҳеч қачон бузмайди, шунинг учун бу муаммони ҳал қилишнинг бир йўли бор - қўшма транслацияга розилик бериш. Флойд Мейвезер ва Менни Пакьяо ўртасидаги бокс жанги фақат икки телеканал ўзаро келишгандан кейингина содир бўлганди.
Чипталардан ва PPV дан даромад: неча фоиз бўлиши керак? UFC энг яхши ташкилот сифатида босим ўтказади ва ҳаракат қилишни истамайди. Bellator жуда хоҳласада бу имконсиз.
Иккинчидан, ташкилот ҳамда телеканал муаммолари бартараф қилинсада, UFC нинг асосий муаммоси - хатар.
Bellator ҳеч нарса йўқотмайди: қўшма мусобақа орқали янада машҳур бўлиши, чемпионлар эса бошқалар ўйлаганидан ҳам кучли эканлигини кўрсатишлари мумкин. Bellator юлдузи мағлуб бўлса танқид қилинмайди, бироқ UFC'да бу имконсиз. UFC жангчиларидан фақат ғалабани кутади, агар бошқача бўлса, қандай қилиб ташкилотни дунёдаги энг кучли дейиш мумкин?
Бунга нафақат Уайт, балки UFC нинг энг зўр чемпионлари ҳам рози бўлмайди. Жон Жонс ҳеч қачон Немковга қарши қафасга чиқиб, ҳаётидаги энг катта таваккални қилмайди. UFC камари соҳиби Конор бўлса, унга Bellator'да кимдир билан жанг қилишдан нима фойда?
Яқин келажакда UFC ва Bellator бир-бирига қарши мусобақа ўтказиши имконсиз. Дана Уайт бундай хатога йўл қўймайди, чунки унинг учун кенг аудиторияда «ўз болалари»дан зўри йўқ.
Sports.ru сайти асосида Озода Қаюмова тайёрлади
Фикрлар