07 июн 18:28
Янгиликлар
Икки карра жаҳон чемпиони, тўрт нафар "енгилмас" ва ўзимизнинг "қоракўзлар". Lift Promotions Британиянинг Disrupt Promotions компанияси билан даҳшатли турнир ўтказади!
Мазкур бокс оқшоми Ўзбекистоннинг Lift ҳамда Британиянинг янги ташкил этилган Disrupt промоутерлик компанияси ўртасида ўтказилади.
Тўлиқ кард ҳеч қаерда эълон қилинмади, гарчи турнирга бор йўғи тўққиз кун қолган бўлса-да. Аммо, бокс кечасида Disrupt'нинг қайси боксчилари рингга чиқиши маълум бўлиб улгурди.
Улардан энг катта номга эгаси бу шубҳасиз Пол Батлер. У энг енгил вазнда икки бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Фаолияти давомида 37 та жанг ўтказиб, уларнинг 34 тасида ғалаба қозонган, атиги учта жангда мағлубият аламини тотган. Сўнгги жангида япониялик Наоя Иноуэга имкониятни бой берган. 16 июннинг асосий юлдузи ҳали ким билан жанг қилиши ҳам эълон қилинмаган. Шу борадаги ташкилотчиликда бироз оқсаш бўляптими, билмадим. Одатда, бирор турнир олдидан камида бир ой аввал тарғибот-ташвиқот ишлари бошланади, аммо биз одатларга қараб ўтирмаймиз-ку)
Февраль ойида Лондонда ташкил этилган Disrupt Promotion Тошкентдаги турнир ҳақида шундай баёнот билан чиқди:
"Биз илк йирик тадбиримизни эълон қилишдан мамнунмиз, тадбирда ўз карьераларининг турли босқичларида бўлиб турган жангчилар иштирок этади.
Тадбирни боксга иштиёқи баланд бўлган Ўзбекистонда ўтказаётганимиз — ҳаяжон ва интизорликни янада оширмоқда.
Кард истеъдодларга тўла. Интиқлик билан кутилган икки карра жаҳон чемпиони Пол Батлер рингга қайтмоқда. Ҳали мағлубиятга учрамаган Жо МакГрейл, Стивен Кейрнс ва Ян Маркос — ҳозирда рақобатлашаётган энг қизиқарли истиқболлардан учтаси.
Биз Ўзбекистондаги бокс мухлислари учун ажойиб шоу бўлишига ишонамиз ва йил оҳиригача юқори даражадаги тадбирларни ўтказишдан мамнунмиз".
Кард доирасида Ливерпульда туғилган Жое МакГрейл (7-0) ҳам жанг қилади. У никарагуалик Жоел Санчес (5-36-1) билан тўқнаш келади. Ҳа, рейтинг жанги.
МакГрейл ўз дебютини 2021 йилда мексикалик Фран Родригесга қарши ўтказган эди. Шундан буён, у истиқболли боксчи эканини исботлаб келмоқда.
"Темир Одам" лақабли Стивен Кейрнс (5-0) эса ўзининг илк жангида польшалик Якуб Ласковскидан устун келган эди.
Кейрнс 16 июнь куни чехиялик Майкл Дуфек (35-27-2) билан жанг қилади. Яна бир рейтинг жанги)
Карднинг яна бир юлдуз боксчиси бу кубалик Ян Маркосдир. У проф боксда шу кунга қадар тўққизта жанг ўтказиб, уларнинг барчаси ғалаба қозонган. Жангларининг олтитасида рақибларини нокаут қилган. 22 ёшли боксчига ким рақиблик қилиши ҳозирча аниқ эмас. Эътиборлиси, Маркос проф боксдаги деярли барча жангларини жуда тажрибали боксчиларга қарши ўтказган. Яъни, рейтинг учун жанглар у учун бироз аҳамиятсиздек.
Турнирда энг енгил вазн тоифасидаги ўзбекистонлик машҳур боксчи Миразизбек Мирзаҳалилов (2-0) ҳам рингга чиқиши айтилмоқда. Унга қозоғистонлик Нурслан Сабиров (7-2) рақиблик қилиши кутилмоқда. Аҳамиятлиси, жанг WBA Asia минтақавий камари учун ўтказилади.
Хабарингиз бўлса керак, Lift Promotion ўз турнирлари давомида Гран-При ўтказаётган эди. Унда биринчи ярим ўрта вазн тоифасида финалга етиб келган ўзбекистонлик Мужибилло Турсунов (2-0) қозоғистонлик Дилшат Нурим (6-0) билан жанг қилади. Бу жанг шунингдек, WBC Asia минтақавий камари учун ҳам кечади.
Аввалроқ, Мужибилло ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, чорак финалга қадар етиб борган эди.
Шунингдек, турнирнинг ўрта вазн тоифасидаги (72,5 кг) Гран-Присида ярим финал жанглари ўтказилади. Унда ўзбекистонлик Анвар Туропов (8-1) бошқа бир ҳамюртимиз — Ислом Мўминов билан жанг қилса, иккинчи жуфтликда қозоғистонлик Берекет Таиров (1-0) Ўзбекистон вакили Суҳроб Қаюмовга қарши рингга чиқади. Тўлиқ кард эълон қилинса, яна қайси боксчилар Тошкентда жанг қилишини билиб олар эдик. Умид қиламизки, турнир ўз обрўсини мухлислар олдида ҳам, мутахассислар олдидан ҳам тўла намоён этади.
Тошкент, Ўзбекистон, тайёрланинг: сўнгги йиллардаги энг йирик профессионал бокс оқшомларидан бири келмоқда!
Муаллиф: Диёрбек Мавлонов/olamsport.com
Мақолани ёзиш жараёнида BoxingScene.com ҳамда disruptpromotions.com маълумотларидан фойладанилди.
Фикрлар