29 авг 09:44
Янгиликлар
Илнар Ишимбаев ва Бобур Қурбонов Prime FL турнири олдидан вазн ўлчаш маросимидан ўтди
Оқшомнинг марказий жанги ўрта вазн тоифасида (84 кг гача) россиялик Илнар Ишимбаев ("Хантер") ва ҳамюртимиз Бобур Қурбонов ("Қаршилик") ўртасидаги чемпионлик жанги бўлади.
Жанг олдидан расмий вазн ўлчаш маросими бўлиб ўтди. Ишимбаевнинг вазни 85,3 кг, Қурбоновники эса бироз оғирроқ — 85,7 кг ни ташкил қилди.
Ишимбаев учун бу жанг алоҳида аҳамиятга эга: ғалаба қозонган тақдирда, у турнир тарихидаги илк икки карра чемпионга айланади. Айни дамда "Хантер" ярим ўрта вазн тоифасида (77 кг гача) Prime FL чемпионлик камарига эга.
Қурбонов бу жангда қисқа муддатли огоҳлантириш билан иштирок этмоқда, у мусобақадан чиқиб кетган Хамзат Куриев ("Маэстро") ўрнини эгаллади. Шунга қарамай, ММАда салмоқли рекордга эга бўлган ўзбекистонлик жангчи жиддий кайфиятда ва чемпионлик камарини қўлга киритиш ниятида.
Оқшомнинг иккинчи асосий жангида енгил вазн тоифасидаги Prime FL камари учун россиялик Филипп Косирев ва Магомедали Магомедрасулов ("Маугли") куч синашади. Бу уларнинг ўзаро учинчи жанги бўлади — ҳозирча ҳисоб тенг (1:1). Косиревнинг вазни 73,95 кг, Магомедрасуловники эса 74 кг ни ташкил этди.
Шунингдек, турнир доирасида энг енгил вазн тоифасида бошқирдистонлик Иван Абрамов (63 кг) ва Радамир Тагиров (64,7 кг) тўқнаш келишади.

Фикрлар