UZ

Сўнгги янгиликлар

12:25Фрэнсис Нганну Тайсон Фьюрини реваншга чорлади 0 12:04Лос-Анжелес-2028: Қиличбозларимиз жамоавий дастурда ҳам лицензия қўлга киритишни ният қилишган 0 11:43Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин 0 11:22Илия Топурия Хабиб Нурмагомедовни мағлуб этишига ишонмоқда 0 11:01Атлетларимиз Осиё чемпионатини 44 та медаль билан иккинчи ўринда якунлашди 0 10:40Бугун тунда Нью-Йоркда рапид ва блиц бўйича Жаҳон чемпионати бошланади 0 10:19ЎФФ янги раҳбари: "4-5 йилда терма жамоамиз жаҳоннинг Топ-10`талигига киради" 0 09:58Мураббий Деонтей Уайлдернинг 2025 йилга мўлжалланган режаларини очиқлади 0 09:37Хавьер Мендес: "Махачев ўрта вазнга кўтарилиши мумкин" 0 09:16Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Россия ва Беларусь термалари билан ҳисоб-китоб қилди + ФОТО 0 08:55Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди 0 08:34Андижонда спортнинг ривожланиш ҳолати ишчи гуруҳ эътиборида 0 08:13Тайсон Фьюри: "Ҳаётимнинг сўнгигача Усикни мағлуб этганман деган ўй билан яшайман" 0 07:52Волкановски Алекс Перейра билан қандай жанг қилиш кераклигини айтди 0 07:31"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин 0

15 июл 17:19
Янгиликлар

Бокс/ММА

Интервью. Профсор Роримша оиласи, "Уммон" гуруҳи ва қизиқарли воқеалар ҳақида

Бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган спортчимиз Профсор Роримша сайтимиз офисига ташриф буюриб, интервью берди.

Эътиборингизга спортчи билан уюштирилган интервьюни тақдим этамиз.


- Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг.

- Исмим Профсор, фамилиям Роримша.1999 йилда туғилганман. Бухоро шаҳрида яшайман. Олимпия захиралари спорт коллежида ўқийман ва ўша ерда бокс билан шуғулланаман. Мураббийларим - Қиличов Улуғбек ва Авезов Ҳамза. Профсор, Профи деб чақиришади. Дубайда туғилганман. 4 йил у ерда яшаб, Бухорога келганман. Спорт билан 9 ёшимдан бошлаб шуғуллана бошлаганман. Аввалига баскетбол билан шуғулланганман. Кейин боксга ўтганман. Бунда мураббийимнинг ҳам хизматлари катта.


- Ўзбек тилини қандай қилиб ўргангансиз?

- Ўзбекчани кичкиналигимдан биламан. Онам ўзбеклар. Ўзбекчани билмасам ўзим учун ҳам уят бўлади. Онам инглизча гапирсалар, мен ўзбек тилида жавоб берардим. Кичкиналигимда бўлган шу воқеалар камерага ҳам муҳрланган. Ҳозир кўрсак куламиз ўша пайтларни. Шунингдек, дўстларим билан ҳам ўзбек тилида гаплашардик.



- Она тилим деб қайси тилни ҳисоблайсиз?

- Албатта, ўзбек тилини!


-Оила аъзоларингиз ҳақида ҳам гапириб беринг...

- Оила аъзоларим онам, синглим, акам, опам ва отам. Отам Дубайда яшайдилар. Онам ва синглим билан Ўзбекистонда яшаймиз.


- Синглингиз ҳам ўзбек тилини биладими?

- Ҳа, у ҳам билади ўзбек тилини. Лекин, мен ўзбек тилида ундан яхши гапираман (кулади).


- Боксда кумир деб кимни ҳисоблайсиз? Кимга ҳавас қиласиз?

- Оғир вазн боксчиларига ҳавас қилмайман. Енгил вазн тоифасидаги боксчиларига, масалан Шаҳрам Ғиёсовга ҳавас қиламан.


- Аҳир сиз оғир вазнли боксчисизку?!

- Тўғри, лекин... Лекин, дунё миқёсидаги боксчиларнинг турни ҳусусиятларига ҳавас қиламан. Масалан, Тайсоннинг кучли зарбаси ва оёқда ҳаракатланишини кузатаман. Рой Жонс ҳам оғир вазнли боксчи бўлишига қарамасдан, тез ҳаракат қилади. Муҳаммад Али ҳам тезкор боксчи бўлган. Аниқ қайсидир боксчини кумир деб ҳисобламайман. Лекин, юқорида санаб ўтган боксчиларимнинг ана шундай сифатларини ўзлаштиришни истайман.


- Келажакда вазнингизни камайтирмоқчимисиз?

- Йўқ, мана шу вазнимда рингга чиқавераман (-91 кг - А.Т)


- Балки супероғир вазн тоифасига ҳам ўтишингиз мумкиндир?

- Вазиятга қараб... Бу масалада мураббийларга қулоқ соламан.


- Келажакда АҚШдан таклиф бўлса бунга қандай жавоб берардингиз?

- Бу саволга жавоб бера олмайман. Чунки, бу фақат менинг ваколатимда эмас. Энг асосийси, мураббийларимизнинг кўрсатмаси. Улар нима деса шу бўлади. Шу даражага етиб келишимизда уларнинг улкан ҳиссаси бор.


- Профессионал боксга ўтиш ҳақида...

- Профи рингга ўтиш албатта режада бор. Барча боксчида бундай мақсад бўлади. Лекин, биринчи мақсадим Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, ғалаба қозониш.


- ОАВни кузатиб турасизми?

- Албатта. Интернетни ҳам, газета ва ТВни ҳам кузатиб бораман.



- Спортнинг яна қайси турига қизиқасиз?

- Баскетболга қизиқаман. Чунки, спортнинг у тури ҳам тезкорликни, айёрликни талаб қилади. Боксга ўхшаш томони бор: реакция тез бўлиши лозим. Футболга эса қизиқмайман.


- Келажакдаги режалар, ниятлар...

- Албатта, Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, ғолиб бўлмоқчиман. Ундан олдин эса Республика миқёсидаги турнирларда ғолиб чиқмоқчиман. Шунингдек, Олимпия ўйинларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон байроғини юқорига кўтармоқчиман.


- Оғир вазн тоифасида рингга чиқасиз. Ушбу вазн тоифасидаги акаларингиз Баҳодир Жалолов, Рустам Тўлагановлар билан ҳам спарринг жанг ўтказганмисиз?

- Йўқ. Улар билан жанг қилмаганман. Тўғриси, биз ҳали ёшмиз. Уларнинг бизга нисбатан тажрибалари катта. Улар нимадир ўргатишлари мумкин. Лекин, спарринг жанг бўлса ҳам улар бизни уришмайди. Чунки, биз ҳали ёшмиз (кулади). Шунингдек, машғулот вақтларимиз ҳам турлича. Бу йил ноябрь ойида катталар ўртасидаги баҳсларга қўшиламиз.


- Севимли овқатингиз қайси? Тайёрлашни биласизми?

- Албатта, ош. Лекин тайёрлашни билмайман. Пишира оладиган таомим фақатгина картошка-фри (кулади). Шунингдек, шўрва, димламаларни яхши кўраман.


- Ўзингиз билан боғлиқ қизиқроқ воқеа гапириб бера оласизми? Масалан, биз сизни ўзбек тилида гапира олишингизни биламиз. Сизни танимаганлар буни билмаслиги мумкин...

- Бундай ҳолатлар кўп бўлиб туради. Қайси бирини айтиб берсам экан... Ҳа, бўлди.
Бир маротаба мусобақага борганмиз. Ўзбекистон терма жамоаси формасини кийиб олганман. Олдимизга мусобақада ишлаётган Ўзбекистон спорт делегацияси вакилларидан бири келиб, инглиз тилида гапириб кетди. Мени таржимон деб ўйлаган. Инглиз тилида савол берди, ўз ўрнида мен ҳам инглиз тилида жавоб қайтарганман. У кишини турист деб ўйлаганман. Шунда у одам мураббийларимни олдига бориб, ўзбек тилида гаплашиб кетди. Мен бу ерда ҳайронман: "Нима учун менга ўзбек тилида гапирмади?". Кейин мураббийимни олдига бориб, кетиш учун ўзбек тилида руҳсат сўраганман. Шунда ўша инсон менга қараб ҳайрон қолган (кулади). У киши мени турист деб ўйлаган, мен эса уларни.


- Ўзбек тилида шеър ёки қўшиқлар биласизми?

- Йўқ, шеър билмайман. Мактабда рус тилида таълим олганман. Коллежда эса ўзбек тилида ўқийман. Бироз қийналсам ҳам устозларим ёрдам беришади.


- Ўзбекча қўшиқлар ҳам эшитиб турасизми?

- Ҳа, Сардор Раҳимхон, "Божалар" гуруҳи қўшиқларини тинглайман.

- Айтиб бера оласизми?

- Мен яхши қўшиқ айта олмайман. Битта, қўшиқ биламан. Лекин, уни ҳамма ёмон кўради. Ҳайронман, нима учун "Уммон" гуруҳини устидан кулишади. Улар яхши қўшиқ айтишади. Бунга нима сабаб эканлигини била олмайман... Улар айтган "Дўст" таронаси энг яхши кўрган қўшиқларимдан бири.

(Боксчи "Уммон" гуруҳининг "Дўст" таронасини ўзбек тилида куйлаб берди- ВИДЕОНИ ТОМОША ҚИЛИШ)


- Таклифимизга йўқ демасдан, интервьюга розилик берганингизга раҳмат деб қоламиз.

- Сизларга ҳам таклиф учун раҳмат айтаман. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги даражага етиб келишимда сабабчи бўлган онам, мураббийларимга раҳмат айтиб қолмоқчиман. Агар улар бўлмаганида, ушбу натижаларга эриша олмаган бўлардим. Ютуқларимиздан сўнг барча бизни мақтайди. Ана шундай пайтларда мураббийларимизнинг ҳам ҳизматларини эсдан чиқармаслик керак. Улардан миннатдорман. Раҳмат!


Азиз Тўхтамуродов суҳбатлашди

ФОТО: Толибжон Қосимов

Рейтинг: +3   

Фикрлар

   
16 июл 01:44:14
barsuz
Худодан бир нарса сурайман узбек футболи таниш билиш ноинсоф ватан кадрини бир тийинга олмайдиган харом еб урганганлар кулига утиб кетди.бизни дунега танитаетган боксимизни бундайлардан узинг асра. Профсор футболга кизикмай тугри киласан мтжни 2уйинидан кейин ундан воз кечувчилар яна ортади
   
15 июл 23:27:26
Xushnudbek
Omad Profi !!! Tokioda porlaysan degan umiddamiz.
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг