UZ

Сўнгги янгиликлар

08:02UFC 257. Конор - Порье жанги учун қанча пуллик трансляция сотилгани маълум қилинди 0 07:41Сирдарёда «Спортни сев, спорт билан яша!» шиори остидаги спорт мусобақалари қандай ташкил этилмоқда? 0 07:20Расман: Томас Тухель - "Челси" бош мураббийи! 0 20:23Тошкентда Ўзбекистон бокси фахрийларига бағишланган турнир якунига етди 0 20:01Месси "Барса"нинг "Райо Вальекано"га қарши ўйини учун қайдномага киритилди 0 19:40Абдулҳай Шораҳматовнинг навбатдаги жанг санаси ва рақиби аниқ бўлди 0 19:19Ёқимтой UFC жангчиси Лиана Жожуа ФОТОСЕССИЯда 2 18:52Макгрегор Пакьяога қарши жанг ҳақида: Биз бу жангни деярли ҳал қилдик 1 18:26Шоҳруҳ Гадоев фаолиятини Ўзбекистон чемпионатида давом эттиради 0 18:01Федор Емельяненкога шифохонадан жавоб берилди 0 17:40Йилдиримнинг менежери: Альварес Авнини етарлича баҳоламаяпти 0 17:19"Uzbek Tigers"даги жанглар орқали танилган Абдулҳай Шораҳматов рақобат, "ишкал" ва бошқа мавзулар ҳақида (ИНТЕРВЬЮ) 0 16:52Карикатура: Фернандеш "Ливерпуль"га қарши ўйинда ўзини кўрсатди 0 16:27Маҳмуд Мурадов қанча муддатга четлатилди? 3 16:02Чендлер: Энди улар мендан қочиб юришади 1

02 дек 15:39
Янгиликлар

Болалар спорти

Жисмоний тарбия ва спорт янги босқичга чиқмоқда

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш устувор вазифалардан бирига айланган.

Бу борада юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда, диёримизда спортни, хусусан болалар спортини янада ривожлантириш ва оммавийлиги таъминланаётир.

Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида фаолият юритаётган Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби (СЎЕАИБЎСМ) Хоразм вилояти спорти ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айни дамда, ушбу маҳорат масканида шуғулланиш истагини билдираётган ўғил-қизларнинг сони тобора ошмоқда. Бинобарин, у ерда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар киши ҳавасини келтиради.

СЎЕАИБЎСМ директори Ж.Абдуллаев билан бўлиб ўтган суҳбатимизда ёшларнинг ушбу севимли даргоҳининг фаолиятига назар ташладик.

- Жамоладдин Маҳмудович, суҳбатимиз дебочасида спорт мактабингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

- Спорт мактабимиз 2016 йилнинг 1 март санасидан ўз фаолиятини бошлаган. Бу ерда спортнинг 10 та - футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, енгил атлетика, стол теннис, теннис, шахмат,  чим устида хоккей ва бадминтон турлари бўйича гуруҳлар мавжуд. Бугунги кунда  ушбу гуруҳларда 1500 нафарга яқин  ўғил-қизлар 63 нафар малакали ва тажрибали ўқитувчи-тренерлар қўл остида ўзлари меҳр қўйган спорт турларининг қунт билан ўрганиб, соғликларини мустаҳкамлаб келишаётир. 

- Шу ўринда машғулотлар жараёнига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Айни дамда, машғулотларимиз белгиланган режа асосида карантин талаблари ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда олиб бориляпти. Замонавий ва муҳташам спорт иншоотларимиз, яъни усти ёпиқ кенг қиррали универсал спорт манежи, сунъий қопламали стадион, шунингдек, “Бадминтон” ва “Теннис” марказлари тарбияланувчиларимизнинг маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда. Ювиниш хоналари иссиқ ва совуқ сув билан узлуксиз таъминланган. Тиббиёт хонасида зарур дори-дармонлар етарли. Спортчиларимизнинг соғлигини шифокорлар доимий тарзда назорат қилиб боришади. Ечиниб-кийиниш хоналари ҳам талаб даражасида. Асосийси, машғулотлар жараёнида замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари ҳамда янги методлардан фойдаланилаётгани, шунингдек, тез-тез мусобақалар уюштириб, юртимизнинг таниқли спортчилари иштирокида “маҳорат сабоқлари”ни ўтказаётганимиз фойдадан ҳоли бўлмаяпти. Бу спортчиларимизни янги-янги марралар сари етаклаяпти.

- Тарбияланувчиларингиз эришаётган муваффақиятлар хусусида нима дейсиз?

Муболаға эмас, ўзимизга яраша ютуқларимиз бор. Ўтган давр мобайнида спортчиларимиз орасидан кўплаб Ўзбекистон чемпионлари, халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқди ва чиқмоқда. Енгил атлетикачиларимиз февраль ойида Тошкент шаҳрида ёпиқ иншоотларда катталар ва 1998-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон чемпионатидан медаллар шодаси билан қайтишди. Хусусан, катта ёшли қатнашчилар орасида беллашган Руслан Габидулин, Муҳаммад Қурбонов, Бобир Каримбоев, Худойшукур Каримовдан иборат “тўртлик” 4х400 метр масофага эстафета  югуришда олтин медални бўйнига тақишди. 4х400 метр масофага “микст”(аралаш) эстафета югуришда Муниса Ҳайитбоева, Руслан Габидуллин, Муҳаммад Қурбонов “терма”даги жамоадоши Моҳичеҳра Бозорбоева билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилишди. Ёшлар биринчилигида Маҳфуза Эгамова 3000 метр масофага югуришда биринчи, 1500 метр масофага югуришда иккинчи ўринни эгаллади. Мансур Жабборов еттикураш баҳсида шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олган бўлса, 3000 метр масофага югуришда Абдулазиз Тиллаев, 800 метрга югуришда Муниса Ҳайитбоева, 400 метрга югуришда Бобур Каримбоев фахрли учинчи ўрин соҳибига айланди. Шунингдек, 8-11 октябрь кунлари пойтахтимизда уюштирилган Ўзбекистон кубоги ва 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида ҳам вакилларимиз медалларсиз қайтишмади. Жумладан, 4х400 метр масофага “микст” эстафетада Муҳаммад Қурбонов, Руслан Габидулин, Лайло Оллаберганова ва Муниса  Ҳаитбоевалар Ўзбекистон рекордини ўрнатишди. Бадминтончиларимиз эса 2004-2005 ва 2006-2008 йилларда туғилган ўсмир ва қизлар ўртасида ўтказилган республика чемпионатида умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди. Ўтган ҳафта “Ёшлик” футбол жамоамиз вилоят чемпионлигини қўлга киритди. Шулар қаторида тарбияланувчиларимиз чим устида хоккей,  баскетбол, футбол, волейбол, гандбол бўйича Хоразм вилоятининг турли ёшдаги терма жамоалари сафида майдонга чиқиб, совринли ўринларни қўлга киритишди. Умуман олганда, спортчиларимиз тўрт йил ичида турли миқёсдаги чемпионат ва биринчиликларда жами 638 та медаль соҳибига айланишган. Шундан 168 таси олтин, 275 таси кумуш, 195 таси бронза медалларидир.


- Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Шу ҳақда фикрингизни билмоқчи эдик?

- Муболаға эмас, мамлакатимиз мустақиллик йилларида барча  соҳаларда ўсишга эришди. Спорт тизимида ҳам оламшумул ўзгаришларга юз тутди. Спортчиларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинлари ва нуфузли халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари сафидан жой олишди ва олишмоқда. Бу  ҳукуматимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини юксалтириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарасидир. Табиийки, Президентимизнинг янги Фармони замирида улкан маъно ва мазмун мужассам. Зеро, унда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш асосий мақсад қилиб белгиланган. Мазкур Фармон келгусида аҳолининг турли қатлами ўртасида соғлом турмуш тарзини янада оммалаштиришда, бунинг баробарида, саломатликларини мустаҳкамлашда жуда муҳим аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янги босқичга олиб чиқади.

- Келгуси режаларингиз нималардан иборат?

- Асосий эътиборимиз, ёшларни соғлом ва баркамол руҳда ўсишларини таъминлашга, улар қалбида ватанга садоқат, эл-юртга ҳурмат ва ватанпарварлик ҳиссини уйғотишга қаратилган. Шунингдек, тарбияланувчиларимиз орасидан ўсмирлар Олимпиадаси ва Олимпиада ўйинлари иштирокчиларини тайёрлаш эзгу-мақсадимизга айланган. “Яхши ният-ярим давлат” деб бежизга айтмаган доно халқимиз. Истакларимиз ушалиши йўлида бор куч ва ғайратимизни сарфлайверамиз.  

Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ суҳбатлашди

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг