23 сен 07:43
Янгиликлар
Коронавирусга чалинган Денис Истомин: “Мен соппа-соғман!”
Ўзбекистон теннис федерациясининг офисида телефон қўнғироқлари тиним билгани йўқ. Ҳар қўнғироқда бир хил савол янграйди: Денисга нима бўлди? Унда коронавирус аниқланган ростми? Ўзини қандай ҳис қилмоқда?
Бу гаплар испаниянинг “Marca” нашри Франция очиқ чемпионати олдидан бир нечта теннисчиларда коронавирус инфекцияси аниқлангани ва уларнинг номлари орасида Денис Истоминнинг ҳам борлиги сабаб ўзбек ОАВларида кенг авж олди. Хабарда таъкидланишича, мазкур теннисчилар изоляцияга олинган. Биз воқеалар ривожига аниқлик киритиш ва ҳамюртимизнинг саломатлиги билан қизиқиб, Денис билан боғландик.
– Салом, Денис, ўзингизни қандай ҳис қилмоқдасиз?
– Раҳмат, ҳаммаси яхши.
– Сиз ҳақингиздаги миш-мишлар ростми?
– Йўқ, рост эмас. Тушуниб турибман, ҳамма шу ҳақида қизиқмоқда. Шу боис бир жавоб беришим мумкин: Мен касал эмасман.
– Унда мусбат натижа ҳақидаги маълумот қаердан чиқди?
– Ҳаммаси шундан бошланмоқда. Кеча шифокорлар келиб мендан такрорий таҳлил олиб кетишди ва тушунтиришдики, кимдир COVID-19 билан яқин орада касалланган бўлса, унда антитаначалар ҳосил бўлади. Бироқ вирус танада бўлиши мумкин. Тушуниш мумкинки, менда шундай бўлган. Шифокорнинг гапини сўзма сўз айтаман: “Сизда жуда кам миқдорда. Бироқ у мусбат натижа олиш учун етарли. Бу вируснинг эътиборли томони ҳам шунда. У гоҳида мусбат, гоҳида манфий натижа бериши мумкин. Барчаси организмнинг ҳолатига боғлиқ”.
«Тўғриси, ўзим ҳам бу ҳақида тўлиқ тушунмадим. Илм-фанда ҳам бунга тўлиқ жавоб йўқ. Шундай тахмин борки, қандайдир жараёнда вирус фаол бўлади ва бу таҳлилларда мусбат натижа беради. 2 кундан кейин эса акси бўлиши мумкин. Бу ҳолда вазиятни олдиндан айтиб бўлмайди. Ҳозир такрорий таҳлилнинг жавобини кутмоқдамиз. Ачинарлиси, “Roland Garros”ни ўтказиб юбораман. Бироқ бу мен касал эканимни англатмайди. Мен соппа-соғман. Шунчаки, ўша вазиятда вирус шундай кўринган. Келаси ҳафта энди бошқа турнирда иштирок этаман”, – дейди Денис Истомин.
Фикрлар