UZ

Сўнгги янгиликлар

11:49Муроджон Йўлдошев Жаҳон чемпионатидаги юришини бошлашга шай! 0 11:13Мелиқўзиев WBА чемпионлик камари жанги учун ўз гонораридан ҳам воз кечмоқчи 0 10:45Криштиану Роналду ўзи билан боғлиқ шов-шувли вазият бўйича барчасини айтиб берди 0 10:19UFC Fight Night 290 турнирининг тўлиқ карди тасдиқланди 0 09:47Забит RAF лигаси билан шартнома имзолади. Илк рақиб, сана ва манзил маълум + ПОСТЕР 0 09:14Ўзбекистон крикет федерациясида янги тайинлов 0 08:38Мессининг хайрлашув ўйинида Аргентина йирик ҳисобда ғалаба қозонди + ВИДЕО 0 08:06Рамазон Темировнинг вазн рейтингида бир нечта ўзгариш бўлди 0 19:39Чимаев Стриклендга реванш учун 1 миллион доллар таклиф қилди 0 18:25Волкановски: "У билан жангда фаолиятимдаги энг яхши жисмоний ҳолатда бўламан" 0 17:51Ўртоқлик учрашувида Жанубий Кореяга мағлуб бўлдик 0 17:28Тайсон Фьюри Усик билан трилогия қачон бўлиши мумкинлигини айтди 0 16:42"Реал" "Борнмут" футболчиси учун курашга қўшилди 0 16:0550 ёшли Фёдор Емельяненко Фрэнсис Нганну билан жанг қилишни орзу қилишини айтди 0 15:22Тайсон Фьюри Дональд Трампни Энтони Жошуага қарши жангга таклиф қилмоқчи 0

07 окт 10:45
Янгиликлар

Футбол

Криштиану Роналду ўзи билан боғлиқ шов-шувли вазият бўйича барчасини айтиб берди

Роналду захирадан майдонга туширилмагани билан боғлиқ можароли вазиятга изоҳ берди.

Криштиану Роналду Португалия терма жамоасида рўй берган воқеалар бўйича ўз нуқтаи назарини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 41 ёшли футболчи бош мураббий Жорже Жезуш 27 сентябрь куни Миллатлар лигаси доирасида Норвегияга қарши ўйинда уни майдонга туширмасликка қарор қилганидан сўнг Португалия терма жамоаси ихтиёрини тарк этган эди. Ҳужумчининг бошқа терма жамоада ўйнамасликка қарор қилгани хабар қилинганди.


“Ваъда берганимдек, миллий терма жамоа тарихидаги сўнгги босқич билан боғлиқ вазиятни биринчи шахс номидан, очиқ-ойдин айтиб беришга қарор қилдим.

2026-йилги жаҳон чемпионатидан сўнг мен Португалия халқига атаб хат ёзгандим ва уни ҳамон сақлаб келаман. Унда терма жамоамизни бутунлай тарк этган чоғимда юртдошларимга айтмоқчи бўлган сўзларим битилган эди. Турнир якунланиб, АҚШдан ортга қайтаётган парвоз пайтида Португалия футбол федерацияси президенти мендан терма жамоадан кетиш қароримни қайта кўриб чиқишимни қатъий илтимос қилди, чунки Федерация фаолиятимни миллий жамоада давом эттиришимни истаётган эди.

Шундан сўнг дарҳол у ўзи кўриб чиқаётган терма жамоанинг ҳозирги мураббийи номзоди, шунингдек, менга исмини ошкор қилмаган бошқа номзодлар ҳақида фикримни сўради. Мен Федерация президентига бу тўғри танлов эканини айтдим. Шу боис терма жамоанинг амалдаги бош мураббийи таништирилган куни бу тайинловдан чин дилдан хурсанд бўлдим. Бу тўғри танлов бўлганини натижалар ҳам исботлаб турибди.

Орадан бир неча кун ўтгач, терма жамоанинг янги мураббийидан дастлабки хабарни олдим, унда у мен билан шахсан учрашмоқчи эканини маълум қилганди. Мен рози бўлдим ва таътилим якунида учрашишга келишиб олдик. Клубим мавсумолди йиғинларини ўтказаётган терма жамоа базасида учрашдик. Ўша куни мураббий менга ишонишини ва унинг лойиҳаси учун менинг иштироким ўта муҳим аҳамият касб этишини айтди.

У ўша заҳотиёқ ўйинлардаги иштироким бўйича режани тақдим этди. У менга биринчи ва охирги учрашувларда майдонга тушишимни, ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини асраш мақсадида ҳар доим битта ўйинда уч-тўртта алмаштиришни амалга оширишини айтди. Сўнг у менга терма жамоа билан бирга Норвегия ва Данияга бормасликни таклиф қилди. Дастлабки баҳсни ўтказиб, Португалияда қолишимни, кейин эса «Драгау» стадионидаги [Норвегияга қарши] ўйиндан олдин жамоага қўшилишимни айтди.

Мен бу таклифни ўша заҳотиёқ рад этдим. Уни қабул қила олмаслигим ўз-ўзидан тушунарли эди. Сафардаги ўйинларда қатнашмаслигим жамоа сардори бўлишдан тўхтаганман дегани эмас. Португалияда қолиш каби имтиёз эса яхши ўрнак бўлмас эди. Якунда мураббий бу мулоҳазамга қўшилди.

Ушбу суҳбатда «Ал Наcср» клубининг спорт директори, терма жамоанинг ҳозирги мураббийи бутун ўтган мавсум давомида унга бўйсунган ва 2025 йилда у билан шартнома имзолашга масъул бўлганлардан бири Симау Коутиню ҳам иштирок этди.

Йиғин арафасида мураббий ўз ташаббусини яна бир бор муҳокама қилиш учун Лиссабондаги уйимга келди. Суҳбат осойишта кечди ва август ойида келишиб олган барча тамойилларимиз тасдиқланди.

Мен «Алваладе»даги [Уэльсга қарши] баҳсда майдонга тушдим ва захирага олинган бўлсам-да, жамоага ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмадим. Терма жамоа спортчиси ва сардори сифатида сўнгги қадамларимни ташлаётганимни хаёлимга ҳам келтирмаган ҳолда сардорлик боғичини шахсан Бруну Фернандешнинг қўлига тақиб қўйдим. Ўша куни мен учун энг муҳими ғалабамиз эди. Ғалаба доимо қувонарли, айниқса Португалия — ўз ватаним учун.

Норвегия билан ўйин куни, тушлик пайтида, мураббий ёрдамчиси столимизга келиб, мураббий мен билан гаплашмоқчи эканини билдирди. Кутилмаганда мураббий мендан 30 дақиқа ўйнай олиш-олмаслигимни сўради. Ҳолбуки, мен бутунлай жисмоний тикланишга диққатимни қаратган, одатдагидек жамоадошларим билан суҳбатлашиб ўтирган ва ўша куни майдонга тушмайман деб ҳисоблаган эдим.

«Ҳеч қиси йўқ», дедим. Гарчи бу илтимос жисмоний тикланиш ва машғулотлар режамга тўғри келмаса-да — ахир мен фақат 4-санада «Драгау» стадионида ўйнашим керак эди — мен, албатта, рози бўлдим. Мураббий 30 дақиқа ўйнашим кераклигини ва тайёр туришим лозимлигини айтди. Қолгани эса энди тарих. Танаффусдан сўнг чигалёзди машқларини бажардим, дақиқалар ўтиб бораётганини кузатдим, аммо мени барибир майдонга туширишмади. Мураббий берган ваъдасини бузди.

Ўйин якунлангач, фақат барчаси ғалаба билан тугашини ва ёлғиз қолишни истагандим. Мухлислар билан саломлашгани бормадим. Бу хато фақат менинг зиммамда ва бундай бўлмаслиги керак эди. Ўша ерда бизни жон куйдириб қўллаб-қувватлаган португалияликлардан, барча мухлислардан ҳамда португалиялик бўлмаса-да, мени кўриш учун келиб, ҳафсаласи пир бўлган инсонлардан узр сўрайман.

Орадан қирқ саккиз соат ўтгач, мен, мураббий ва Симан Коутиньо иштирокида суҳбатлашиб олдик — боиси август ойидаги суҳбатларимизда ҳам айнан у ёнимизда бўлганди. Бу ҳеч қандай пардозсиз, ўта очиқ ва таъсирли мулоқот бўлди.

Ушбу «машмаша»ни ёпишнинг фақат битта йўли борлигига келишиб олдик: мураббий хилватда, Симан Коутинё гувоҳлигида менга айтган гапларини матбуот залида ҳам такрорлаши лозим эди.

Келишув жуда оддий бўлган: мураббий матбуот анжуманини айнан шу мавзудан бошлаши ва бор ҳақиқатни айтиб, масалага нуқта қўйиши керак эди. У менинг майдонга тушишни сира сўрамаганимни, бу йиғин режасини менга бошқа ҳеч ким эмас, айнан мураббийнинг ўзи таклиф қилганини, мени чигалёзди машғулотига юбориб, кейин майдонга туширмаслик хато бўлганини ва бошқа бу ҳолат такрорланмаслигини айтиши лозим эди.

Учрашув якунида мураббий мени қучоқлаб, ҳозиргина айтган гапларини матбуот анжуманида очиқлашга ва бу тушунмовчиликка барҳам беришга ваъда қилди. Мен Данияда ўйнамасдим, бироқ «Драгау»даги учрашувда майдонга тушардим. Буларнинг барчаси бошидан охиригача Симан Коутинёнинг кўз ўнгида бўлиб ўтди.

Сўнгра мураббийнинг илтимосига кўра, у, Симан Коутинё ва Тиагу Крайвейру иштирокида видеоконференсия ўтказилди ва унда биз муҳокама қилган масалалар хулосаланди.

Қисқа бир ҳужжат тайёрланди, уни шахсан ўзим тасдиқладим ва менинг рухсатим билан, мураббий истаганидек, унинг қўлига топширилди.

Матбуот анжуманида нималар бўлгани эса барчага маълум: мураббийнинг ўзини тутиши бизнинг учрашувимизга мутлақо зид эди, мен ўзимга номуносиб иборалар ва асоссиз тажовузкорликни, «истаганимни қиламан» қабилидаги муомалани кўрдим. Шу боис, берилган ваъдаларнинг навбатдаги бузилишини кутиб ўтирмай, йиғинни тарк этишга қарор қилдим. Мен учун инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳақиқат ҳамиша энг муҳим ўринда туради. Қанчалик аччиқ бўлмасин, юзимга ҳақиқатни айтишсин.

Дарвоқе, ўша матбуот анжумани ўтадиган куннинг эрталабида ФПФ президенти ҳамда бош мураббий билан суҳбатлашганимда — улар буни бемалол тасдиқлашлари мумкин — агар мени жамоада кўришни исташмаётган бўлса, буни очиқ айтишларини яна бир бор таъкидлагандим. Менга нисбатан самимий бўлишса бас эди. Мен буни тўғри қабул қилардим ва ўзим орзу қилгандек чиройли видолашув тайёрлашимизга, ҳеч ким гина-қудратсиз қолишига ваъда бергандим.

Худди кечагидек ёдимда: улар бир овоздан «йўқ» деб жавоб беришди. Менинг ўрним миллий терма жамоада эканини айтишди.

Деярли 25 йиллик фаолиятим давомида бирор марта, ҳеч қайси вазиятда бирон мураббий ёки терма жамоа раҳбарининг техник ёки тактик қарорига аралашмаганман.

Нима қилишимни таклиф этишса, яхшими-ёмонми, қабул қиламан. Қарорларни ҳурмат қиламан, аммо берилган ваъда бузилганда, бу ерда ўрним қолмаганини ҳис этаман.

Йиғинни тарк этганим учун терма жамоадаги сафдошларимдан ҳам узр сўрашим лозим.

Гарчи бош мураббийнинг сўзига бўлган ишонч буткул поймол этилган бўлса-да — ўша суҳбатларга гувоҳ бўлганлар буни тасдиқлай олади — мен бундай йўл тутмаслигим керак эди. Масъулият бутунлай ўз зиммамда.

Португалия халқидан яна бир бор узр сўрайман, бироқ сўзида турмаслик мен учун ҳал қилувчи зарба бўлди. Ўша пайтда жамоада қолишим умумий ишга фақат зиён келтиради деб ўйладим ва ўзимни ортиқча деб билсам, қандай йўл тутишимни доим айтиб келган бўлсам, айнан шуни қилдим: буюмларимни йиғиштирдим-у, кетдим.

Бу қилиғимнинг оқибатлари Португалия футбол федерацияси томонидан кўриб чиқилиши ва жазоланиши лозим. Бу жазода енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлмаслиги кераклигини яхши тушунаман. Мен оддий ўйинчи эмасман, мен жамоа сардориман ва бу оғирлаштирувчи омил саналади.

Мен аллақачон узр сўраб бўлдим, бироқ ҳар бир хатти-ҳаракатнинг оқибати бўлишини тушунаман. Футбол ичида юрган ҳар бир инсон, мавқейидан қатъи назар, қоидалар ҳамма учун баробар эканини яхши билади.

Шу мавзуда хайрлашув учрашувлари, менга муносиб видолашув ўйини ўтказилиши кераклиги ва Федерация менга шундай имконият тақдим этмоқчилиги ҳақида кўп гап-сўзларни эшитдим.

Ҳаёт мактабида, кўпинча қорним оч, егуликсиз қолган пайтларимда ҳеч ким ҳеч кимга шунчаки ҳеч нарса бермаслигини англаб етганман.

Барча мухлисларимга, хусусан, бутун Португалия халқига шуни ваъда қила оламанки, биз албатта бир ёки бир нечта хайрлашув ўйини ўтказамиз, бунга ҳали вақт бўлади.

Бироқ миллий терма жамоа деганда хаёлимга аввало муросасиз кураш тушади. Отамнинг вафоти ҳақидаги машъум хабарни эшитган куним ҳам айнан шундай ўйда эдим.

Ўшанда миллий терма жамоамиз билан йиғинда эдим ва эртаси кунги баҳс якунига қадар ўша ерда қолишга қарор қилгандим. Ҳеч қайси клуб учун қилмайдиган фидойиликни ўз ватаним учун қилгандим.

Шу боис, агар жисмоний ҳолатим жойида бўлса, ўз клубимда ўйнаб, ниятимдек голлар уриб турсам, менга қўлланиши мумкин бўлган четлатиш муддатини ўтаб бўлгач, то бугунгача бўлганидек, миллий терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилишга ва ғалаба қозонишга ҳамиша тайёрман.

Ишонинг, бу — айни ҳақиқат”, — деди Роналду.

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг