26 мар 18:01
Янгиликлар
Малика Хакимова: "Кейинги мақсад - Олимпиада олтин медали!"
Ушбу муваффақиятдан сўнг қиличбозимиз www.olamsport.com сайти учун ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Лицензия олишга ишонгандим, чунки бу йўлда жуда кўп меҳнат қилдик. Бутун дунёда кечаётган вазият туфайли менинг орзум яна бир йил ортга сурилди, аммо якунда бу мен учун энг яхшиси бўлиб чиқди! Апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган саралаш мусобақаларида йўлланмани қўлга киритаман деб ўйлагандим, лекин кўриб турганингиздек барчаси олдиндан ижобий ҳал бўлди. Мен жаҳон рейтингидан ўтдим ва бу ўзбекистонлик қиличбозлар орасида дастлабкиси ҳисобланади.
Ўзимни ажойиб ҳис қиляпман. Бу лицензия барчамизники. Ҳар қандай вазиятда ҳам менга ишонган ва бирга ишлаган мураббийим Руслан Равилевич Кудаевга, шунингдек, Ўзбекистон Қиличбозлик федерациясига миннатдорчилик билдираман. Албатта, терма жамоамизнинг барча аъзолари лицензия олишларини хоҳлайман, уларга бу йўлда омад тилайман. Навбатдаги мақсадим - Олимпиада олтин медали", - деди Хакимова мухбиримиз билан суҳбатда.
Маълумот учун, Малика Хакимова аёл қиличбозларимиз орасида жаҳон рейтинги орқали Олимпия ўйинларига йўлланма олган илк спортчимизга айланди. Шпагачимиз 2013 йил ўсмирлар ўртасида, 2014 йил эса катталар ўртасида Осиё чемпиони, катталар ўртасида Жаҳон кубоги совриндори ҳисобланади.
Илгари қиличбозларимиз орасида 3 нафари Олимпия Ўйинларида иштирок этган. Бугунгача рапирачимиз Рафкат Рўзиев Атланта-1996 Олимпиадасида, шпагачиларимиздан Аниса Петрова Сидней-2000, Руслан Кудаев эса Лондон-2012 Олимпиадасида иштирок этишган. Апрель ойида пойтахтимиз мезбонлигидаги литцензион мусобақа якунида бундай спортчиларимиз сони янада ортишига умид қиламиз.
САРВИНОЗ РАХМОНҚУЛОВА суҳбатлашди
Фикрлар