UZ

Сўнгги янгиликлар

14:14Осиё боксида нималар бўляпти? Қозоғистон Ўзбекистоннинг яна икки медалини олиб қўйиш ҳаракатида 0 13:52Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди 0 13:28Сергей Богачук иштирокидаги беллашув 2024 йилнинг энг яхши жанги деб топилди 0 13:05"Ҳумо" бугун Атирауда "Бейбарис" меҳмони бўлади 0 12:39Хамзат Чимаевни 2025 йилда кутаётган энг муҳим жанг! 0 12:18Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади 0 11:55"Ҳалигача Тайсон иккинчи жангда Усикни ютди деб ўйлаяпман" - промоутер 0 11:34Крис Кертис ўз лагерида Роман Копиловнинг "шпион"ларини аниқлади 0 11:13Абубакар Нурмагомедов янги лига билан шартнома имзолади 0 10:52"Бунёдкор" терма жамоамизнинг икки футболчиси билан музокара олиб боряпти 0 10:31Халқаро Баҳодирлар ўйинлари федерацияси президенти Тошкентга келди 0 10:10Тайсон Фьюри Пол билан жангдан кейин депрессия ҳолатига тушгани ҳақида гапирди 0 09:49Эдди Хирн Иноуэ ҳақида: "У камарни вакант қолдиради" 0 09:28АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида "Лестер"ни иродали тарзда мағлуб этди + ВИДЕО 0 09:07Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида йил сарҳисоб қилинди + ФОТОГАЛЕРЕЯ 0

03 фев 16:01
Янгиликлар

Бокс/ММА

Нганнуни сотқин деб аташмоқда: Фрэнсис уйсиз пайти шуғуллантирган мураббийидан воз кечди, энди эса ўша мураббийнинг янги шогирдини мағлуб қилди

Нганнунинг Камерундан қочиб келиши, мураббийи ва Сирил Ган ҳақида.

Фрэнсис ва Ган ҳатто бирга шуғулланишган.

2012 йилда 26 ёшли Фрэнсис Нганну нарсаларини олади ва ҳеч кимга айтмай уйидан чиқиб кетади. Бўлажак жангчи Камерунни тарк этиб, ўзининг янги ҳаётини қуриш учун Европага йўл олади. Бироқ бу осон кечмади. Фрэнсис Европага етиб олиш учун бошқа мигрантлар билан денгизни кечиб ўтишига тўғри келади, бир неча ой кўчаларни кезади ва сал қолса очликдан ўлиб кетишига бир баҳя қолади. Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Фрэнсис Испанияда икки ой қамоқда ўтиради. Шундан сўнг, қочоқлар лагерига жўнатилади. Кейин эса Франциядаги уйсиз ҳаёт. Нганну Европага етиб келганида у Франциядаги энг бахтли уйсиз инсон эди - аҳир у янги хаёт учун керакли қадамларни ташлай олганди. 

Нганнунинг фаолиятида энг муҳим ўринни мураббий Фернанд Лопес эгаллайди. Лопес уйсиз қочоқни ўз қарамоғига олади, унга ўз залида бепул машғулотлар ўтади. Айнан шу инсон уйсиз қочоқни UFC юлдузига айлантирганди. Аммо 2018 йилда Фрэнсис Нганну ўз мураббийидан воз кечади ва шуғулланиш учун АҚШга кетади. 

Фернанд эса бу ишни сотқинлик деб қабул қилади ва янги бир шогирдни тарбиялашни бошлайди. Сирил Ган - UFC 270'да Франсис Нганну билан жанг қилиб, очколар ҳисобига мағлуб бўлган жангчи. Лопеснинг янги шогирди жангдан олдин фаворит сифатида кўрилганига қарамасдан Нганнуга имкониятни бой бериб қўйди.


Камерунлик Нганну Париждаги боксчи бўлиш учун залма-зал ёрдам сўраб юрган уйсиз мигрант эди.

Нганну Африкадаги ҳаётнинг барча қийинчиликларидан омон қолишга эришди: ёшлигидан қум конларида ишлади, очликдан азият чекди. Ҳаттоки гепатитнинг "B" турини ҳам юқтириб олди. Ёшлигидан қариндошлари уни калтаклаб, масхара қилишарди. Бироқ Нганнунинг боксчи бўлиш орзуси ҳеч қачон сўнмади. Фрэнсис Майк Тайсоннинг мухлиси эди ва 22 ёшидан маҳаллий залда шуғулланишни бошлайди.

Бўлажак юлдуз 26 ёшига етганда, агар Камерунда қоладиган бўлса, ўз орзуларига ҳеч қачон етиша олмаслигини тушунди ва Европага йўл олди. Жангчи Париждаги уйсиз ҳаётини эслар экан, у ўша пайт ҳам бахтли бўлганини айтади:

"Жуда қийин бўлганди. Мен Францияда ҳеч кимни танимас эдим, пулим ҳам йўқ эди. Мен кўчаларда тунаб юрардим. Аммо ўша паллада ҳам мен бахтли эдим. Сабаби, мен ўзим орзу қилган нарсага етишиш имкониятини кўлга киритгандим".

Фрэнсис Нганну ҳар куни спортзал излаб, Париж кўчаларида кезарди. У ҳар бир залга кирарди ва шундай дер эди: "Мен яқиндагина Францияга келдим. Уйим ҳам, пулим ҳам йўқ. Лекин мен тиланчи эмасман. Менга шунчаки шуғулланиш учун зал керак. Сабаби мен жаҳон чемпиони бўлмоқчиман".

Кунлардан бир кун Нганну Дидье Кармон исмли мураббийнинг залига бориб қолади. Мураббий спортчига керакли шароитни яратиб беради. Нганну ҳамон Кармондан ўшанда жангчига 50 доллар бергани учун миннатдор эканлигини билдиради. Фрэнсис бу пулга сумка, кийимлар ва сочиқ сотиб олади. Кармон жангчининг истеъдоди ва кучидан ҳайратга тушган бўлишига қарамасдан, залдагилар Фрэнсисга ММА билан шуғулланишни маслаҳат беришади. Уларнинг сўзларига кўра, бокс жуда ёпиқ бизнес ва шахсий рекорди 0 бўлган, 26 ёшли жангчи бу соҳада бирор нарсага эришиши қийин. Нганну эса ММА ҳақида ҳеч нарса билмас эди. Жангчи ўз фикрида қолади. 

"Улар менга вазиятни тушунтиришди. Мен эса жилмайиб қўйдим. Ўша пайт ММА ва шунга ўхшаш дахмазаларга умуман қизиқмас эдим. Бу спорт ҳақидаги суҳбатлар менга жуда ғалати туйиларди. Мен ўшанда ҳеч қачон бу спорт билан шуғулланмайман деб ўйлардим".

Фрэнсис тинимсиз машқ қиларди, аммо муаммога дуч келди. Зал дам олиш кунлари кўпинча ёпик бўларди ва байрам кунлари ишламасди. Нганну кўчада тунашига тўғри келади. Шундан сўнг, Нганну бошқа бир камерунлик мураббий Фернанд Лопесни ёнига боради. У эса дам олиш кунларисиз ишларди.

Лопес 2000 йилларда француз ММА оламида таниқли шахс эди. Унинг ММА-Factory номли спорт зали жуда машҳур. Нганнунинг Камерундан қочиб келиш тарихини эшитиб қолган мураббий унга шуғуланиши учун барча воситаларни олиб беради ва залда тунашга рухсат беради. Нганнунинг шуғулланишини бир неча соат кузатган Лопес у ҳақиқий истеъдод эканлигини тушунади. 

"Сиз йигитлар қандай машқ қилаётганини кўришингиз билан барчасини тушуниб етасиз. Сеҳргар эмасмиз, лекин кимдадир фавқулотда истеъдод бўлса, уни пайқай оламиз. Нганнуда ММА учун барча нарса бор", -дейди Лопес.

Фрэнсис 2013 йилдан ММАда жанг қилишни бошлайди. Мураббий Лопес эса Нганну бундан буён залда тунамаслиги учун унга ижарага уй излаб топади. Жангчининг ишлари яхшилана бошлайди. Унга рақиб топишнинг ўзи қийин бўлиб қолади. 29 ёшга тўлган куни эса Нганнуни ақл бовар қилмас совға кутарди:

"Менга Лопес қўнғироқ қилди ва сўради: "Сени қандай совға бахтли қилиши мумкин?". У менга компьютер совға қилмоқчи деб ўйладим. У эса мен UFCдан шартнома олганим ва тўрт ойдан сўнг АҚШда жанг қилишим лозимлигини билдирди", -дейди Фрэнсис Нганну.

Фрэнсис Луис Энрикега қарши жангни қабул қилади ва UFC on Fox 17 турнирида рақибини иккинчи раундда нокаутга учратади. Шундан сўнг, жангчининг фантастик фаолияти бошланади. Нганну UFC тадқиқотлар марказида 1.3 тонналик зарба бериб рекорд ўрнатганини қўшимча қилиш лозим.

Аммо Лопес сезадики, қайсидир паллада Нганну ўзгаради: жангчи димоғдор бўлиб қолади ва мураббий у учун қилган ишларни етарлича қадрламай қўяди. Шон-шуҳратнинг биринчи босқичидаёқ бу жангчининг ҳаракатларида акс этади ва 2016 йилда у Лопеснинг залини тарк этади. 

"Энтони Гамильтонга қарши жангдан олдин мен у билан жангга бормаслигимни айтдим. Мен унга шундай дедим: "Мен бошқа сени машқ қилдирмайман. Сен залдан кетишинг керак". Чунки Нганну бундан олдин менга шундай деганди: "Бир йигит менга ўз залида бепул шуғулланишни таклиф қилмоқда. Ҳозирда мен сенинг залингдаги асосий юлдузман ва зал учун бир тийин ҳам тўламайман".

Мен ғалати аҳволга тушгандим. Сабаби, Нганну биз билан тўрт йилдан бери машқ қиларди. Шу вақт давомида биз ундан сариқ чақа ҳам сўрамагандик. Залимда молиявий қийинчиликка учраган жуда кўп йигитлар машқ қилишади. Улар оёққа туришлари билан зал аъзолиги учун бадал пулини тўлашни бошлайдилар.

Фрэнсис билан ҳам шундай келишув бўлганди. Жангчи оёққа турганида у менга ўз гонораридан 10% тўлаши лозим. Бундан ташқари, аъзолик бадали ҳам бор. Биласизми бизнинг залда бадал пули қанча? Йилига 600 доллар. У эса бир тийин ҳам тўламайман деди", - эслайди Фернанд Лопес. 

2018 йилда Нганну ва Лопес ва ниҳоят ажралишади: Фрэнсис бир йилнинг ўзида икки марта мағлуб бўлади (Миочич ва Деррик Льюисга) ва бунда мураббийлар штабини айблайди. Аслида эса Миочич билан жангда Нганнунинг ўзи мураббийлар топшириғини бузиб, нокаутга ошиққанди. Льюисга қарши жангни эса психологик муаммолар сабаб ютқазади. Шундан сўнг, жангчи АҚШга кўчиб кетади. Фрэнсис океан ортига бориб, Xtreme Couture залининг аъзосига айланади ва 2021 йилда Стипе Миочичдан оғир вазн камарини тортиб олади. 

Чўққига чиққан Нганну уни уйсиз қочоқ мақомидан UFC юлдузига айлантирган собиқ мураббийи Лопесни бирор марта ҳам эсламайди. Бу эса мураббийга ёқмайди. Фернанд Лопес Нганнунинг сотқин деб ҳисоблайди. Ундан қасос олиш учун эса янги шогирд тайёрлашни бошлайди - Сирил Ган.

Ган Лопеснинг қўлига тайбоксдан келган. Ўша пайт Нганну ҳам Лопес билан машқ қиларди. Икки жангчи ўзаро спарринг ҳам тушишган.Сирил Ган 24 ёшлигида залга келган. 26 ёшида эса тайбоксда дебют қилган. 2016-2018 йилларда етти марта ғалаба қозонишга эришган. Француз ўз минтақасидаги чемпионатда ғолиб чиққан. Аммо унинг орзуси кикбокс бўйича асосий промоушен бўлмиш Glory'да қатнашиш эди.

Ўша пайтда Ган оғир вазндан кўра ярим оғир вазнли жангчига тортарди. Айнан шу кўринишда у Фернанд Лопеснинг қўлига келади (Сирилнинг дўстининг отаси уни мураббий олдига олиб келади. Ота ўғли бўлажак ММА юлдузи билан дўстлашганини ўшандаёқ сезганди). Нокаутчи Нганнуни машқ қилдираётган Лопес Сирилга унчалик жиддий эътибор қаратмаганди. Сабаби ўша пайт залга жуда кўп йигитлар чемпион бўлиш орзусида келар, мураббий уларга имконият бергани билан унчалик ҳам жиддий қарамасди. Сирил билан эса бутунлай бошқача бўлди.

Сирил мураббийдан Брис Гидонга (машҳур тайбоксчи) қарши жангда ғалаба қозонса, уни залга олишини сўраб, шарт қўяди. Лопес Гидон кучли жангчи эканлигини биларди ва Сирилга унчалик ишонмасди. Бир ҳафтадан сўнг эса Сирил яна залга қайтади ва газетада муқовасидан бир парчани кўрсатади. Унда шундай сўзлар ёзилганди: "Сирил Ган Гидонни "парвоздаги тизза" усули билан биринчи раундда нокаутга учратди". 

Ўшанда Лопес тушунгандики, Сирил Ган бошқача жангчи. Мураббий унинг жангларидан олинган видеоларни кўриб, қойил қолганди. Нганну билан ишлашда давом этаётган мураббий икки жангчини ўхшашлигини сезганди. Ганнинг имкониятлари ҳам табиат томонидан туҳфа этилган, жангчи фаолиятини кеч бошлаган ва тажрибали мураббий учун ажойиб ҳомашё эди.

Лопес Ганни залга қабул қилади, аммо бир шарт билан - Гап бир йил давомида жанг қилмайди. Бу муддат давомида мураббий жангчининг техникасини ривожлантиради ва уни етук атлетга айлантиради. Шундай ҳам бўлди: Ган бир йил танаффус қилди ва шундай сўнг тайбоксда ажойиб натижалар қайд этишда давом этди. Мураббий таъсирида эса барибир ММАга қадам қўйди.

Ҳозирги вақтда Ганда 10 та ғалаба ва биргина мағлубият бор. Уни ҳам яқиндагина Фрэнсис Нганнудан қабул қилиб олди. Сирил - ҳозирда UFC юлдузи. Аммо у Лопеснинг асосий ишонган жангчиси эмас эди. Мураббий Фрэнсис Нганнуга асосий урғуни берарди. 

Барчаси Фрэнсис Нганну 2018 йилда Лопесни ташлаб, АҚШга кўчиб кетганидан сўнг ўзгарди.

"Фрэнсис уни кўчадаги қочоқ бўлган пайти ўзимизга олганимизда жуда яхши йигит эди. Кейин эса у ўзгарди. Агар сиз менга у "MMA Factory" ва мендан миннатдорлигини айтган биргина интервьюни топиб берсангиз, мен 10 минг доллар бераман", - дейди мураббий. 

Ўзининг энг яхши шогирди кетиб қолганидан сўнг, мураббий бор эътиборини Сирил Ганга қаратишни бошлади. Мураббий Ганни сотқинлик учун қасос олувчи жангчи сифатида тайёрлади. Бунга бир баҳя қолганди, аммо Фрэнсис Нганну бунга йўл қўймади. Лопес Ганни шунчаки яхши жангчи эмас, балки яхши инсон сифатида ҳам ҳурмат қилади. Сирил - мулойим ва содда. Аҳир у жангларга "Яхши йигит" тахаллуси билан чиқади. "Мураббийлар Нганнунинг сумкасини кўтариб юришса, Сирил бизнинг нарсаларимизни олиб юради", -дея фикр билдиради Фернанд Лопес. 

Спаррингларда Ган Нганнуни тезлик борасида (куч томонлама енгилса ҳам)етарлича қийнаб қўйганди. Улар иштирокидаги спарринг ижтимоий тармоқларда тезда оммалашиб кетди. Ҳақиқий жангда эса Нганну устун келгани барчага маълум.

Нганнудан фарқли ўлароқ, Ган вақтинчалик чемпион бўлганида биринчи бўлиб ўз залидагиларга миннатдорчилик билдиради. Камарни эса Фернанд Лопеснинг белига тақади. Лопес эса ўша паллада эҳтиросларини жиловлай олмайди. 

Айнан шунинг учун UFC 270'даги асосий жанги том маънода "ёнди". Нганну Ганни нокаут қилишга ваъда берганди. Аммо жанг масофада кечди. Кутилмаганда партерда ишлаш санъатини намойиш қилган Фрэнсис Нганну очколар ҳисобига ғалаба қозонди.

Жалолхон Иноғомҳўжаев тайёрлади.

Рейтинг: +7   

Фикрлар

   
03 фев 16:25:24
Mirzaev Sanjar
rahmat aka zur ciqibdi!
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг