UZ

Сўнгги янгиликлар

19:02Ислам Махачев фаолиятини давом эттиришга нима туртки бераётганини айтди 0 18:28Шахмат. Ўзбекистон дунё рейтингида яна бир поғона юқорилади 0 17:45WBO рейтинги янгиланди: 5 нафар боксчимиз ТОП-15'да қайд этилди, энг яхши ўрин Исроил Мадримовда 0 17:12Бразилиядаги ўйин вақтида 15 ёшли футболчи отиб ўлдирилди 0 16:30“Усман Топурияни тўрт раунд ичида тўхтатади” - менежер 0 15:48"Ислам учун бу узоқ тун бўлиши мумкин" - эксперт Махачев - Гарри жанги ҳақида гапирди 0 15:12Тожикистонлик спортчи Бенеил Дариушни жангга чорлади 0 14:30ФИФА атрофида машмаша: Инфантино 30 миллион долларлик маошни кўзлаган 0 13:56Махачев: "Мени мағлуб этиш мумкин, аммо…" 0 13:28Гулруҳбегим Тохиржонова "Granada Chess Open 2026" турнири ғолибига айланди 0 12:43WBA рейтинги янгиланди: икки боксчимиз ўз вазнида етакчи, Абдуллаев илк бор рейтингга кирди 0 12:11"Реал"нинг янги трансфери барбод бўлиш мумкин. Нега? 0 11:25WBO Бектемир Мелиқўзиевнинг вазнига ўтган Жанибек Алимханулини рейтингининг юқори поғонасига жойлади 0 10:49Акбар Исломбоев LFA 240 турнирида жанг қилади. Рақиб аниқ (ПОСТЕР) 0 10:10Синдаров Grand Chess Tour: Saint Louis Rapid & Blitz 2026 пешқадамлар сафида 0

31 июл 16:14
Янгиликлар

Бокс/ММА, Таэквондо, Олимпия ўйинлари

Огоҳлик қўнғироғи — ёзнинг қайноқ чилласида муздек душ!

Бир ой ичида ўзбек спорти учун учта допинг машмашаси жуда ҳам кўп, бўлиб ҳам нохуш ҳолатларнинг иккитаси Париж-2024 Олимпиадаси чемпионларида қайд этилди.

Допинг жароҳатлардан олдин, балки кейин турувчи спортчининг энг катта душмани ҳисобланади. Бу иллат сабаб йиллар давомида орттирилган обрў, нуфузли мусобақаларда қўлга киритилган медаллардан қандайдир сониялар ичида айрилиб қолиш ҳеч гап эмас. Худди чўлдаги сароб сингари бир зумда йўқ бўлади қолади. 

Афсуски, якунига етиб бораётган июль ойи Ўзбекистон спорти учун ана шу биз тилга олган допинг машмашлари билан ёдда қоладиган бўлди. Энг ёмони, қайд этилган уч ҳолатдан иккитаси Париж-2024 Олимпиадаси чемпионлари билан содир бўлди. Тўғри, бу уларнинг Олимпия ўйинларида қўлга киритган олтин медалларининг олиб қўйилиши билан якунланмади. Лекин чиройли иш ҳам бўлмади-да. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий Антидопинг агентлиги томонидан шунча тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамай, допинг билан боғлиқ ҳолатнинг қайд этилиши ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган иш. Бу ҳолатларнинг олдини олса бўларди. Эхтиётсизлик, балки эътиборсизлик сабаб шундай бўлди. Бу - биз учун огоҳлик қўнғироғи! Этагингни йиғиштириб ол, дегандек огоҳлантириш бўлди.  

Аввалига таэквондочимиз Улуғбек Рашитов ўз жойлашуви ҳақида маълумот тақдим этиш бўйича антидопинг қоидаларини бузгани учун икки йил муддатга мусобақалардан четлатилди. Тўғри, икки карра Олимпиада чемпионимизнинг қон таркибида тақиқланган модда аниқланмади. Аммо антидопинг қоидаларининг бузилишига сабаб бўлган ҳолатнинг ўзи икки йиллик дисквалификацияга етарли эканини кўрдик. 

Кейин дунёнинг энг кучли - UFC Лигасида ўз жангларини муваффақиятли ўтказиб келаётган Рамазон Темиров допингда "ушланди". Рашитовдан фарқли равишда аралаш яккакураш устамизнинг қон таркибида тақиқланган модда аниқланди. Аниқроғи, Рамазон инфекцияга қарши дори истеъмол қилган, унинг таркибида эса тақиқланган модда бўлган.      

"Таиландга келган пайтимда менга ҳар хил инфекцион яралар тошди. Бу ҳар бир спортчи ушбу давлатга келган пайтида бўладиган ҳолат экан. Кейин диетологим менга дори ёзиб берди, мен эса уни ичдим. Уч-тўрт кундан кейин допинг назоратидан келиб, таҳлиллар олиб кетишди. Жавоб эса мен учун салбий бўлди - мен ичган дори таркибида допинг назоратида тақиқланган модда бор экан", дея вазиятга изоҳ берди Темиров. 

Допинг сабаб Рамазон Темировнинг 26 июль кунига белгиланган қозоғистонлик Асу Алмабаевга қарши жанги бекор қилинди. Агар иш шу битта жангнинг бекор қилиниши билан якун топса, бу биз учун байрам бўлади. Одатда бундай ҳолатлар узоқ муддатга четлатишлар билан тугайди. Нафасимизни шамол учириб, биз ўйлаган ҳолат бўлмасин. Акс ҳолда, чемпионлик сари дадил қадам ташлаб келаётган Темировнинг камар йўлидаги орзуси бир неча йилга сурилиб кетиши мумкин. 

Ҳали Темировнинг допинг можаросини ҳазм қилмай туриб, учинчи ҳолат ҳам кузатилди. Бу сафар ҳам Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори нишон марказида бўлди. Оғир вазнли боксчимиз Лазизбек Мулложонов антидопинг қоидаларини бузганликда гумон қилинди. Халқаро тест агентлиги берган хабарга таянадиган бўлсак, шу йилнинг 11 июнь куни мусобақадан ташқари ўтказилган допинг назорати чоғида Мулложоновдан олинган намунада метастерон моддаси - анаболик-андрогеник стероид аниқланган. Унга вақтинчалик мусобақалардан четлатиш жазоси қўлланилган. Боксчимиз бу қарор юзасидан аппеляция бериш ҳуқуқига эга. 

Дарвоқе, Лазизбек бир неча кундан сўнг Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этилаётган WBC Гран-присининг 1/4 финалида рингга чиқиши керак эди. Энди унинг рақиби жангсиз ярим финалга йўл олади. Ҳамюртимиз иккинчи босқичда марокашлик Юнесс Баалани 6 раундлик жанг якунида ҳакамларнинг якдил қарори (60-54, 60-54, 60-54) билан мағлуб этганди. Турнир сеткасидан кўриниб турибди-ки, Мулложоновга мағлуб бўлган рақиб 1/4 финалга йўл олган.  

Хулоса қиладиган бўлсак, допинг машмашаси яхши эмас ва бундан мутасаддиларимиз, мураббийлар, шифокорлар ва спортчиларнинг ўзлари хулоса чиқариб олиши керак. Йил бошида Халқаро антидопинг агентлигидан тақиқланган препаратларнинг рўйхати келади. Антибиотик бўладими ёки бошқа дори воситалари, шифокорлар спортчиларга уни бераётганда хушёр қайнаши лозим. 

Допинг бу - халқаро майдондаги обрўимизга ҳам соя солиб қўяди. Мисқоллаб йиғилган ютуқлар арзимаган эътиборсизлик сабаб йўққа чиқмасин!

Рейтинг: +2   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг