24 май 15:22
Янгиликлар
Осиё чемпионати. Нечта олтин бўлиши мумкин? Имкониятлар ва асосий рақибларимиз (Таҳлил)
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ ва энг кучли таркиб билан иштирок этади. Сўнгги икки қитъа чемпионатида боксчиларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашмоқда ва бу сафар ҳам мухлислар улардан шу натижани кутиб қолишади. Ўнта вазн тоифасида рингга кўтариладиган боксчиларимизнинг имкониятлари қандай ва уларнинг асосий рақиблари кимлар бўлади?
-49 кг вазн тоифаси:
Сўнгги учта Осиё чемпионатида айнан шу вазн тоифасида ҳамюртларимиз чемпионликни қўлга киритган. 2019 йилда бўлиб ўтган Осиё биринчилигида Нодиржон Мирзаҳмедов барча рақибларини мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритганди. Нодиржон Дубайда бу унвонни сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Унинг ҳозирги жисмоний ҳолати ҳақида гапирадиган бўлсак, у бир ой аввал бўлиб ўтган "Губернатор кубоги"да рингга кўтарилиб, чемпионликни қўлга кирганди. Демак, унинг жисмоний ва руҳий ҳолати жойида ва биз ундан яна бир бор олтин медал кутишга ҳақлимиз.
Унинг асосий рақиби бу мусобақада қирғизтонлик Мирлан Туркбай бўлиши кутилмоқда. Қирғизистон вакили сўнгги Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритган. Айнан Мирлан ушбу вазн тоифасида биринчи рақам остида сараланган.
-52 кг вазн тоифаси:
Бу вазнда сўзсиз фаворит ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров. Жаҳон ва Олимпия ўйинлари ғолиби ўтган Осиё чемпионатида бўлгани сингари чемпионлик учун асосий даъвогар. Боксчимиз Нодиржон каби Россияда бўлиб ўтган мусобақада ғолибликни қўлга киритиб келганди.
Унинг асосий рақиби эса Ҳиндистон вакили Амит бўлади. Боксчилар охирги йилларда ҳал қилувчи баҳсларда ўзаро рингга кўтарилишмоқда ва қувончлиси боксчимиз ғалаба қозонмоқда. Шунингдек чемпионлик йўлида унга қозоғистонлик боксчи Сакен Бибосинов ҳам кучли рақиб бўлади. Айнан шу уч нафар боксчилар сўнгги жаҳон чемпионатида кучли учликка киришганди. Ва албатта қирғизистонлик Азат Усеналиевни ҳам унутмаслигимиз лозим.
-56 кг вазн тоифаси:
Осиё чемпионатида олтин медал умид қилишга арзийдиган навбатдаги вазн. Осиё ва Жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов бу сафар ҳам қандай кучга эга эканлигини барчага исботлашга ҳаракат қилади. Токио Олимпия ўйинларидан аввал бўлиб ўтадиган сўнгги йирик мусобақада боксчимиздан олтин кутишга ҳақлимиз. Унинг асосий рақиби Хархуугийн Энх-Амар. Шунингдек, Миразизни биринчи даврада осон бўлмаган жанг кутиб турибди: рақиблар Қозоғистон ёки Ҳиндистон вакили бўлади.
-60 кг вазн тоифаси:
Бу вазн тоифасида мураббийлар штаби ёшлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари чемпиони Абдумалик Халаковни олиб кетишга қарор қилди. Ҳалаков икки йилдан бери катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган. У аста-секинлик билан катталар терма жамоамиз сафига жалб қилинмоқда. Унинг бу мусобақадаги асосий рақиби Мўғулистон вакили Эрдэнэбат Цэндбаатар бўлади. Амалдаги Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори бу турнирда ҳам олтин медал учун ҳаракат қилиши аниқ. Ўз навбатида Абдумаликдан ҳам камида финалгача етиб боришни кутамиз.
-64 кг вазн тоифаси:
Бу вазн тоифасида икки йилдан бери Элнур Абдураимов терма жамоамиз сафида ҳаракат қилиб келмоқда. Токио-2020 лицензианти чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири. У ўтган йили Амманда бўлиб ўтган мусобақада барча рақибларини мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритганди. Унинг бу Осиё чемпионатида асосий рақиби Тожикистон вакили, амалдаги қитъа чемпиони Баҳодир Усмонов бўлади. Шуниндек, мўғулистонлик Баатарсухийн Чинзоригни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Энг асосийси бу вазн тоифасида 2019 йилда ҳеч қандай медал бўлмагани тасодиф эканлигини исботлаш лозим.
-69 кг вазн тоифаси:
Осиё бокс конфедерацияси қуръада бу вазн тоифасида биринчи рақамли боксчи сифатида ҳамюртимиз БобоУсмон Батуровни саралаган. Амалдаги Осиё чемпионимиз бу тарифга лойиқ эканлигини яна бир бор исботлаб бериши лозим. Кўпчилик учун Батуровнинг жанг услуби ёқмаслиги мумкин, бироқ боксчимиз кераклиги натижани кўрсатмоқда ва терма жамоамиз учун медаллар тақдим этишда давом этмоқда. Унга Дубайда бўлиб ўтадиган мусобақада асосий рақиб - қозоғистонлик Аблайҳан Жусупов бўлади.
-75 кг вазн тоифаси:
Терма жамоамиз сафида бу вазнда амалдаги Ўзбекистон чемпиони Саиджамшид Жафаров рингга кўтарилади. Бу унинг учун дастлабки йирик мусобақа бўлади. У Ўзбекистонда Қаҳрамоновни ҳам, Аслановни ҳам мағлуб этишни уддалаган. Осиё чемпионатида эса қандай натижа қайд этади, буни мусобақа давомида кузатамиз. Унга бу мусобақада Эумир Марсиаль, Сейедшахин Мусави ва Ашиш Кумар асосий рақиб бўлади. Филиппин, Эрон ва Ҳиндистон вакиллари ушбу мусобақага Токио Олимпиадаси лицензианти сифатида ташриф буюришган. Шунга қарамай, Саиджамшиддан ушбу мусобақада медаль кутиб қоламиз.
-81 кг вазн тоифаси:
Осиё чемпионатида бу вазнда терма жамоамиз шарафини Дилшодбек Рўзметов ҳимоя қилади. 2019 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медаль соҳиби танқидчиларга жавоб бериши учун қулай имконият бўлиши аниқ. Унинг асосий рақиби сўнгги мусобақаларда кузатилаётганидек, жаҳон чемпиони, қозоғистонлик Бекзад Нурдаулетов бўлади.
-91 кг вазн тоифаси:
Бу вазнда терма жамоамиз шарафини Санжар Турсунов муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Ўтган Осиё биринчилигида кумуш медалга сазовор бўлган боксчимиз бу йил ўша кумушни олтинга айлантиришга уриниб кўради. Унга бу йўлда асосий рақиб қозоғистонлик Василий Левит бўлади. Шунингдек, Ҳиндистон вакили Санжит ҳам медаль учун даъвогарлардан бири бўлади.
+91 кг вазн тоифаси:
Бу вазнда сўзсиз асосий даъвогар Баҳодир Жалолов. Жаҳон ва Осиё чемпиони бу сафар ҳам унга ҳеч ким рақиб бўла олмаслигини исботлаши лозим. Унинг асосий рақиби эса доимий рақобатчиси Камшибек Кункабаев бўлади.
Нима бўлган тақдирда ҳам бўлажак Осиё чемпионатида боксчиларимизга максимал натижа кўрсатишларини тилаб қоламиз.
Сизнингча бу Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзолари нечта олтин медални қўлга киритади?
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар