19 ноя 08:34
Янгиликлар
Рейтингнинг Топ-3`талигидаги жангчи UFC`дан ҳайдалди
Гап аёллар ўртасида чемпионлик камари учун даъвогар Вирна Яндироба ҳақида кетмоқда. У энди дунёнинг энг кучли лигаси жангчиси эмас! 38 ёшли бразилиялик бу ҳолат у учун ёқимсиз "сюрприз" бўлганини ижтимоий тармоқда маълум қилди.
"Бу мен учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Кўриниб турибдики, биз хусусий компанияда ишлаймиз, бу ерда ҳеч қачон тўлиқ барқарорлик бўлмайди. Бугун сиз ташкилотнинг бир қисми бўлишингиз мумкин, эртага эса йўқ. Лекин, ҳозирги вақт ва вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бу ҳақиқатан ҳам мени ҳайрон қолдирди. Мен фаолиятимнинг яхши босқичида эдим, шунинг учун бундай қарор мен учун кутилмаган ҳолат, таъбир жоиз бўлса юзимга урилган тарсаки бўлди", деб ёзди Яндироба.
Бешта ғалабадан иборат серияни қўлга киритгандан сўнг, ўтган йилнинг октябрь ойида Вирна вакант турган чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун муваффақиятсиз уриниш қилди. У беш раунд якунида Маккензи Дернга ҳакамларнинг якдил қарори билан ютқазиб қўйган эди.
Жорий йилнинг апрель ойида бразилиялик аралаш яккакураш устаси Табаата Риccи устидан очколар ҳисобида ғалаба қозониб, фаолиятини муваффақиятли йўналишга қайтарди. Ўн кун олдин эса Татьяна Суарезга ҳакамларнинг якдил қарори билан ютқазди.
Айни пайтда Яндироба UFC`нинг енгил вазн дивизионида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Фикрлар