18 авг 01:22
Янгиликлар
Рио-2016. 12-кун. Ўзбекистонлик спортчиларнинг бугунги иштироклари якунланди
01:22. Шу тариқа спортчиларимизнинг бугунги иштироклари якунланди. Енгил атлетикачилар ҳақида эртага... Хайрли тун дўстлар!
01:17. Айни пайтда тақдирилаш маросими бўлиб ўтмоқда. Ҳамюртимизга кумуш медал топширилди! Табриклаймиз!
01:10. Шаҳрам Ўзбекистон бокси тарихида илк маротаба Олимпиадада кумуш медал соҳибига айланди.
00:59. Афсуски, ҳамюртимиз жангда фаол бўлган бўлсада, имкониятни бой бериб қўйди...
00:54. Иккинчи раундда ҳам рингда қочиб юрган қозоқ боксчиси ғолиб бўлди... Эххх....
00:50. Дастлабки раунд рақиб фойдасига ҳал бўлди...
00:46. ЖАНГ БОШЛАНДИ, ОЛҒА ШАҲРАМ!
00:43. ҲАМЮРТИМИЗ РИНГГА ЧИҚИБ КЕЛМОҚДА! У БУГУН ҚИЗИЛ БУРЧАКДА ЖАНГ ҚИЛАДИ!
00:33. Яна озгина вақт қолди...
00:17. Ҳаяжонли лаҳзаларрр... Навбатдаги олтин медалга оз вақт қолмоқда. Шундай эмасми?
00:10. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу Олимпиадада боксчиларимизнинг 7 нафари медал қўлга киритишга муваффақ бўладилар. Бу эса ўзбек бокси учун рекорд натижа.
00:00. Миш-миш... Шаҳрам Ғиёсовнинг қозоғистонлик рақибида айни пайтда жароҳат бор ва у финал жангида рингга чиқмаслиги ҳам мумкин. Асоссиз миш-миш! Бу рақибларимизнинг тактикаси бўлиши ҳам мумкин!
23:50. Ажойиб! Боксчимиз жаҳон чемпиони, озарбайжонлик рақибини мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди!
23:32. Мана ниҳоят, ҳамюртимиз рингга чиқиб келмоқда. Олға,Шаҳобиддин!
22:30. Шаҳобиддин Зоировнинг жангига 1 соат қолди. Кутамиз!
21:40. Боксчимиз Шаҳобиддин Зоировнинг жангига 2 соатдан камроқ вақт қолмоқда.
21:36. Босқон улоқтириш. Суҳроб Хўжаев 16 нафар спортчи ичида 14-натижани кўрсатди ва финалга йўл ола билмади.
21:20. Андреев энди Тошкент вақти билан соат 01:45 да баландликка сакраш машқларида иштирок этади.
20:55. Ўнкурашнинг ядро улоқтириш машқларида гуруҳдаги 16 нафар спортчи ичида тўртинчи натижани кўрсатган Андреев ўз ҳисобига 781 очкони қўшиб қўйди.
19:05. Босқон улоқтирадиган спортчимиз Суҳроб Хўжаевнинг иштироки ҳали бошланмади. Аввалига А гуруҳидаги спортчилар ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқдалар. Бизнинг вакилимиз эса Б гуруҳидан ўрин олган.
19:00. Андреев узоқликка сакраш баҳсларининг биринчи уринишида 6.57 метрга сакради ва 713 очкони ўз ҳисобига қўшиб қўйди.
17:45. Енгил атлетикада босқон улоқтириш баҳслари бошланди. Ушбу йўналишда биздан Суҳроб Хўжаев иштирок этади.
17:41. Андреев энди бир соатдан сўнг узоқликка сакраш баҳсларида чиқиш қилади.
17:38. Леонид Андреев иштирокини бошлади. У 100 метрга югуриш баҳсларидан сўнг финишга энг сўнгги бўлиб етиб борди...
17:20. Бугун енгил атлетикачимиз Леонид Андреев спортчиларимизнинг Риодаги чиқишларини бошлаб беради. У кўпкураш мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ўнкурашда спортчимиз қуйидаги машқлар бўйича очко тўплаши лозим бўлади: 100 метрга югуриш, узоқликка сакраш, ядро улоқтириш, баландликка сакраш, 400 метрга югуриш, 110 метрга тўсиқлар оша югуриш, диск улоқтириш, лангар чўпга таяниб баландликка сакраш, найза улоқтириш ва 1500 метрга югуриш. Ушбу 10 та машқлардан 5 таси бугун, қолган 5 таси эса эртага бўлиб ўтиши режалаштирилган.
17:00. Қизиқувчилар бўлса архивимиздан "Улар Олимпиадага борадилар" рукнининг Шаҳрам Ғиёсовга бағишланган сонини ўқиб чиқишлари мумкин.
16:40. Рио Олимпиадасининг 12-кунида қуйидаги спортчиларимиз Бразилия ареналарида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар:
Леонид Андреев - (Енгил атлетика, ўнкураш) - 17:30 дан бошлаб
Суҳроб Хўжаев - (Енгил атлетика, босқон улоқтириш) - 17:40
Шаҳобиддин Зоиров - (Бокс, чорак финал) - 23:30
Шаҳрам Ғиёсов - (Бокс, финал) - 00:30
Бобур Шокиржонов - (Енгил атлетика, найза улоқтириш) - 04:30
Иван Зайцев - (Енгил атлетика, найза улоқтириш) - 04:30
16:35. Бугун ўзгача кун. Бугун яна бир спортчимиз Ўзбекистон ҳисобига олтин медал қўшиб қўйиши мумкин. У -69 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган боксчимиз Шаҳрам Ғиёсовдир. Умид қиламизки, спортчимиз қозоғистонлик рақибини мағлуб этиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келади.
16:30. Ассалому алайкум ҳурматли спорт ишқибозлари. Бугун Олимпиадада қатнашадиган спортчиларимизнинг иштирокларидан онлайн маълумотлар бериб боришни бошлаймиз.
Фикрлар
1) Қозоғистонда 2 та, Ўзбекистон ва Кубада 1 тадан финал;
2) Ўзбекистонда 3 та, Куба, Россия, Озарбайжонда 2 тадан, Қозоғистон ва АҚШда 1 тадан яримфинал;
3) Ўзбекистон, Куба, Россия, Озарбайжонда 1 тадан чорак финал турибди.
Жами нақд медаллар
1) Ўзбекистон ва Куба 6 тадан;
2) Қозоғистон 4 та;
3) Россия ва Франция 3 та;
4) АҚШ, Озарбайжон 2 та
Медаллар сони бўйича агар мабодо Куба ўтиб кетмаса, энди бошқа ҳеч ким бизни қувиб ўтолмайди. Энди сифати бўича ҳам биздан ўтиб кетолмайдиган қилиб жанг қилиш керак.
Олга Узбегим !!! Боксчиларимизга улкан омад тилаб коламан галаба сари олга!!!!!
Shaxram sen biz uchun chempionsan Raxmat.