14 июл 07:31
Янгиликлар
Теннисчиларимиз Бутунжаҳон Универсиадада умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди
Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк совринини қўлга киритган вакилларимиз делегациямизга яна иккита медални туҳфа этишди.
Ёш умидли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида ҳам медалга сазовор бўлди.
Дастлабки ўйинларда Шри-Ланка, Португалия ва Кипр вакилларини ҳамда чорак финалда америкалик Кееган Жамес Смитни йирик ҳисобда мағлуб этган юртдошимиз ярим финалда франциялик Лукас Поуллаиндан 6/0, 6/3 ҳисобида устун келиб, финал йўлланмасини қўлга киритган эди.
Финал учрашувида Хитой Тайпейи вакили Тсенг Чун-Хсинга қарши кортга чиққан Ҳумоюн Султонов биринчи сетда тай-брейкда ғалаба қозонган бўлса, иккинчи ва учинчи сетда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ҳамда делегациямизнинг универсиададаги еттинчи соврини ҳисобланган кумуш медални қўлга киритди.
Жуфтлик баҳсларида олтин, яккаликда кумуш медалга сазовор бўлган теннисчи йигитларимиз умумжамоа ҳисобида ҳам биринчи ўринни эгаллаб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйишди.
Эслатиб ўтамиз, 12 июль куни теннисчиларимиз Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев жуфтлиги мусобақанинг олтин медалини яъни Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк медалини қўлга киритишган эди.
Фикрлар